Мақолалар

Орзулар рўёби

Инсон ҳамиша озодлик ва ҳурриятга интилиб яшайди. У ўзини ҳамиша эркин ҳис қилишга, таҳликасиз турмуш кечиришга эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳам кекса тарих озодлик учун курашнинг, шаклан турлича, моҳиятан ўхшаш бўлган ҳурриятга интилиш ҳодисаларини кўп кўрган.

Мустақиллик, ҳуррият тушунчалари бутун жозибаси билан бирга беқиёс қудратини, буюк ўзгартирувчанлигини кўрсатмоқда. У дунёқарашимизни тубдан ўзгартириб, фикримиз, тафаккуримизни бойитмоқда. Воқеалар ривожини бутун моҳияти билан англашни, дунёга кенгроқ ва теранроқ назар билан қарашни ўргатди. Зотан, истиқлолнинг буюк моҳияти, беқиёс қадр-қиммати ҳам ана шунда.

Ўзбекистон мустақиллик сари йўл олар экан, дастлабки кунлариданоқ ўтмиш маданияти ва қадриятларини тиклаш, ноҳақ жабрланган инсонларнинг муборак номларини юзага чиқариш, миллий онгни ўстириш каби вазифаларга кенг эътибор берилди. Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очилди. 

Шубҳасиз, Аллоҳ Таоло ўзи назар солиб турган жаннатмонанд диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ инъомнинг қадрига етиш, ватаннинг корига яраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

Тинчлик ва хотиржамлик – Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидандир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, деб энг аввало инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишлигини сўраб, дуо қилиши зарурлигини ўргатганлар.  

Айнан шу мазмунни Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Тинчликни, oзoдликни вa миллий истиқлoлни oрзу қилиб aзиз жoнлaрини фидо қилиб қанча-қанча аждодларимиз ўтиб кетдилар. Бугун дунёнинг кўплаб бурчакларида тинчликни, осойишта тонгни орзу қилиб яшаётганлар ҳам кўп. Бизлар тинч ва осойишта диёримизда мавжуд тинчлик неъматининг қадрига етиб, уни янада мустаҳкам бўлишига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшиб яшашимиз зарур. 

Аллоҳ таоло бизга берган тинчлик неъмати ва бошқа неъматларига доимо шукрда бўлишимиз керак. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Киши эрталаб уйқудан уйғонса, унинг оиласи тинч, тани соғ, уйида егулик озуқаси барқарор бўлса, неъматларнинг барчасига муяссар бўлибди”. 

Демак, саломат ҳолда тонг оттирсангиз, оила ва фарзанларингиз тинч-осойишта бўлса, ризқингиз тўкис бўлса, фақат шукр келтириш билан мазкур неъматлар давом этиши эслатиб қўйилмоқда.

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ, 

ЎМИ Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси

 

 

Read 3717 times

Мақолалар

Top