Мақолалар

Шукр  фазилати

Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид дин” асарида бир ибратли ҳикояни келтиради. Бир камбағал киши донишмандлардан бирига фақирлигидан шикоят қилади. Арзини тинглаган донишманд: “Икки кўзинг кўр бўлиб қолади, лекин ўн минг дирҳамга эришасан. Шуни хоҳлармидинг?” деб сўрайди. Камбағал: “Йўқ! Асло!” деб жавоб беради. “Тилдан қолсанг-у, лекин ўн минг дирҳамга эга бўлсанг, севинармидинг?” деб давом этади донишманд. Камбағал яна ўша жавобини такрорлайди. Шунда донишманд дейди: “Яратган инъом этган эллик минг дирҳамдан қадрлироқ неъматларга эга бўлиб туриб нолигани уялмайсанми?”
Дарҳақиқат, одам ўзидаги кўп нарсаларнинг қадрига етмайди, улар неъмат эканини билмайди. Бошқалардаги нарсаларни кўриб, баъзида ҳасад ҳам қилади. Бу ҳол бор неъматларнинг кўтарилишига, касб-кордан, хонадондан барака кетишига ва бошқа офат-балоларга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бизни бундай огоҳлантиради: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).


Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай йўл-йўриқ кўрсатганлар:
“Ким дунё хусусида ўзидан қуйи бўлганга, дин хусусида ўзидан устун бўлганга боқса, Аллоҳ уни сабрли ва шукрли бандалари қаторига қўшади. Дунё хусусида ўзидан баланд бўлганга, динда ўзидан қуйи бўлганга боққан кишини эса на сабрли, на шукрли бандалари қаторига қўшади” (Термизий ривояти).


“Ким Аллоҳнинг унга берган неъмати қадрини билишни истаса, ўзидан қуйи бўлганга боқсин, ўзидан устун бўлганга боқмасин”(Абдуллоҳ ибн Муборак ривояти).
Ўтган улуғлар айтган экан, агар Аллоҳ бандани уч нарсадан – амалдорларнинг эшигини қоқиш, даво истаб табибга бориш ва ўзгалар молига тама кўзини тикишдан сақлаган бўлса, унга неъматларини мукаммал берибди.
Одамлар ўзаро бир-бирларининг яхшиликларини ҳам қадрлашлари зарур. Яхшиликка ёмонлик қайтариш ёки унинг қадрини билмаслик ҳам ношукр кишининг сифатидир.
Икки дунёмиз обод бўлишини ҳар биримиз истаймиз. Бу дунёда эса, оиламиз қут-баракага тўлишини, ишларимиз ўнгидан келишини, эзгу мақсадларимиз амалга ошишини хоҳлаймиз. Бу ниятлар амалга ошиши учун энг биринчи ўринда шукрли бўлишимиз талаб этилади. Аллоҳ барчамизни Ўзининг розилигини топадиган бандаларидан қилсин.

Раҳматхўжа ЗОКИРОВ

тайёрлади

Read 3617 times

Мақолалар

Top