Мақолалар

Уламоларни эъзозлаш тақводандир

Уламолар, устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар. Улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар. Уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етадилар. Бинобарин, олимларни рисоладагидек ҳурмат қилмай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимизни эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, тадбиркор инсонлар этиб улғайтириш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап.

Ҳурмат ибодатдан яхши, деган ўз ўрнида ҳақ сўз бор. Аллоҳ азиз қилган инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат. Ҳаж сурасининг 30-оятида бундай марҳамат қилинади: «(Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта иш деб билса (риоя қилса), бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир».

Аллоҳ даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат экани Қуръони каримда таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Рабби қадрларини баланд қилган тоифага мансубдирлар. Қуръони каримда бундай дейилади: «(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Оятда “шиорлар” дея таржима қилинган сўз “шаъааироллоҳ” калимаси билан келган. Аслида буни бир сўз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъааироллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати билдирилган барча нарса тушунилади. Устоз ва илм муаллимлари илм шарафи туфайли улуғланадилар. Илм аҳлларининг қадри нақадар улуғ экани қуйидаги оятда ҳам баён этилади: «…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодила сураси, 32-оят). Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган.

Сулаймон (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳлик ҳам қўшиб берилади.

Ўтган улуғ зотлар, устозлар, уламоларнинг ҳақларини тўлиқ адо этиб, уларнинг қадрлари нечоғли баланд эканини ҳис этишган. Бу борада Ҳазрат Алишер Навоий айтади: “Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила. Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила”. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Устозим Имом Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, уйларимизнинг орасида еттита кўча бор эди. Ҳар намозда ота-онамнинг қаторида у зотга мағфират сўрайман. Шунингдек, бошқа барча устозларимнинг ҳақларига дуо қиламан”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўттиз йилдан буён бирор кечада устозим Имом Шофиъийнинг ҳақига дуо қилмай ухламаганман”, дейди.

Уламоларга кибр қилиш, уни менсимаслик ёмон хулқдир. Набий (алайҳиссалом): “Ё Аллоҳ, олимга эргашилмайдиган, оқилдан ҳаё қилинмайдиган замон келиб қолмасин!”, дея уламолар ҳурмат қилинмайдиган замон келишидан паноҳ сўраганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Булар уламоларга кўрсатиладиган одоблар уммонидан айрим томчилар холос. Мухтасар қилиб айтсак, инсон олимларнинг розилигини топишга интилиши ва уларни норози ва хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.

Уйғун ҒОФУРОВ,

Тошкент ислом институти ректори

Read 3589 times

Мақолалар

Top