Мақолалар

Замонавий шароитлар – талабалар хизматида

Мустақиллик йилларида бугунги ва эртанги ҳаётимизни белгилаб берадиган, барча эзгу орзу-интилишларимизни амалий ҳаёт жабҳасида рўёбга чиқарадиган ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш масаласида қилинаётган ишларнинг миқёси ва салмоғи беқиёс. Бу ҳам ёшларга, уларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашга бўлган эътиборнинг амалий бир кўриниши экани шубҳасиздир.

Истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ халқимизнинг эътиқод эркинлиги кафолатланди. Динимизни ўрганишга, илмий изланишларга кенг имкониятлар пайдо бўлди. Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очиб берилди. Собиқ шўро даврида Республикамизда 89 та масжид ва иккита мадраса фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси тасарруфида 2000 дан ортиқ масжид, 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари,  Тошкент Ислом Институти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом Университети фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу таълим муассасаларида халқимизнинг илмга чанқоқ фарзандлари Она Ватанимизнинг порлоқ келажагини қуришда ўз ҳиссаларини қўшиш, улуғ бобокалонларимиз орзуларини рўёбга чиқариш, миллий ва диний қадриятларимизни жаҳон афкор оммасига танитишлик учун ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни ғайрат билан ўқиб ўрганмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2003 йил 22 августда “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятини янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги 364 – сонли қарорини қабул қилди.

Президентимизнинг бевосита ташаббусига мувофиқ, ушбу қарорнинг биринчи бандига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли ўқув муассасалари – Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчиларига бериладиган дипломлар давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилиб, ана шундай шаҳодатномага эга бўлган шахсларга давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди. Илгари бу билим юртларида олинган шаҳодатнома фақат масжид ва мадрасаларда ишлаш имконини берар эди. Бу, ўз навбатида, минглаб ёшларнинг кейинчалик ўзлари истаган бошқа соҳаларда ўқиши ва ишлаши учун жиддий муаммо туғдирар эди. Мазкур қарор туфайли бу муаммолар оқилона ҳуқуқий ечимини топиб қанча – қанча ёшлар учун янги имкониятлар очилди. Уларнинг маърифат чўққилари, замонавий касб-ҳунар соҳаларини эгаллаши йўлида энди ҳеч қандай тўсиқ қолмади.

Ислом билим юртларида ёшлар учун замон талабларига тўла жавоб берадиган ўқув бинолари, барча қулайликларга эга бўлган ётоқхоналар мавжуд.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юртида талабаларга янада кенгроқ қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида 90 ўринли замонавий талабалар ётоқхонаси ишга туширилди.

Икки қаватли ҳамда замон талабларига тўла жавоб берадиган ётоқхонанинг ҳар бир қаватида таҳоратхона, дарс тайёрлаш зали,  кундалик ахборот ва янгиликлардан хабардор бўлиб бориш учун алоҳида жой ажратилган.

Талабалар ётоқхонаси ҳар бир хоналари давр талаби асосида замонавий қилиб жиҳозланган. Икки, уч ва тўрт кишилик хоналарда ҳар бир талаба учун юмшоқ диван, дарс столи ва стули, кийим шкафи, китоб жавони ва бошқа зарурий жиҳозлар бор.

Ётоқхонада яшовчи талабалар шахсий ва умумий ҳудудлардан ва буюмлардан ўз хоҳишига кўра фойдаланишмоқда.

Бундай эзгу ишлар фарзандларимизнинг билим олишга қизиқишларини янада ошириш, уларнинг соғлом ва комил инсонлар бўлиб камолга етишига хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Келажагимиз ворисларининг камолоти йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ёшларнинг маънавий дунёқараши, билим ва тафаккурини бойитиш мақсадида яратилаётган шароитлар бугун уларнинг  иқтидорини кенг намоён этишига хизмат қиляпти.

Муҳтарам Юртбошимизнинг: “Бутун дунё ягона ва ўзаро боғлиқдир. Бизнинг муштарак бурчимиз ер юзини болаларимиз ва набираларимизга обод ва бахтиёр яшашлари учун муносиб қилиб қолдиришдир” деган сўзлари ҳар биримизни теран ўйлаб шу мақсад сари ҳаракат қилишга ундайди.

 

Муҳаммади Қараев,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти

маънавият ва маърифат ишлари бўйча мудир муовини

Read 6754 times

Мақолалар

Top