Мақолалар

Кибрнинг кулфати...

Уйланганига 3 йил тўлган куёвнинг эрта тонгдан кайфияти аъло. Аслида тақдир Аллоҳдан эканига иймони комил бўлса-да, бандалигига борибми ёки аёлининг маъюс кўзларидаги ёшларими йигитнинг кўнглини анча чўктириб қўйганди. Яратганнинг энг улуғ неъмати бўлган фарзанд, ниҳоят уларнинг хонадонига ҳам келадиган... Кеча тушдан кейин айтилган янгилик бутун оилани қувонтирди.                                                                      

Вақт шундай нарса – бир зумда кунлар ва ойлар ўтиб кетаверади. Келиннинг ҳомиласи ҳам 9 ойга яқинлашган чамаси. Шифокорлар бу ойда она ва болани жуда ҳам эҳтиёт қилишни унга қаттиқ тайинлади. Аммо кимдир туғилса кимдир вафот этади – бу ҳаёт қонуни. Келин ёшлигидан бувисининг қўлида катта бўлган. Ота-онасидан ҳам кўпроқ бувиси уни жуда яхши кўрар ва ардоқлар эди.

Эрта тонгдан йигит аёлини аяган ҳолда бувисининг оламдан ўтганлигини билдирмаслик учун холасиникига, тоғ ҳавоси сизга фойда дея меҳмонга олиб борди. Келин эса турмуш ўртоғининг алланечук ташвиши борлигини сезиб хавотир аралаш савол берди. Йигит ҳаммаси жойида дея шаҳарга, қайнотасининг уйига маъракага йўл олди.                   

8 ёшли холаваччаси гапдан гап чиқиб келинга даб-дурустдан савол берди:

– Опажон, бувингиз ўлиб қолдими?

Келиннинг юзи оқариб кетди.

– Нега унақа дейсан, ким айтди сенга,?

– Онам кеча кечқурун отамга жияним ҳали эшитмаган унга билдирмаяпмиз, ой куни яқин, билса аҳволи ёмонлашиб қолиши мумкин деб айтганини эшитдим.

Кўнглидаги хавотир, эрининг маъюс кўзлари ва кутилмаганда тоққа, холасиникига меҳмонга келиши, келиннинг шубҳалари ростлигини исботлади. Шу алфозда қандай қилиб шаҳарга ота-онасининг уйига бориб қолганини ўзи ҳам сезмади. Уни кўрган маъракадаги яқинлари, айниқса, турмуш ўртоғи ҳайратда қолди. Бувижон деди-ю келин ҳушидан кетди. Эри шоша-пиша туғруқҳонага олиб борди йўл давомида келин ўзига келмади. Шифокорлар дарҳол жаррохлик хонасига олиб киришди.

– Вазият жиддий онанинг ҳам боланинг ҳам ахволи оғир, операция қилиш лозим аммо, онанинг аҳволини ўнглаш учун каттароқ, тажрибали врач керак, – деди шифокор.

– Уларга ёрдам беринг нима десангиз ҳаммасиг тайёрман – деди йигит.

Бугун эса якшанба мана муаммонинг каттаси. Хайрият, 2 соат деганда врачни топиб келишди. Кўринишидан оддий одамларга ўхшаш, камтарин юзли, самимий, кўзойнакли киши. Операция бошланди. Шу пайт туғруқхона ховлисида бир нечта қимматбаҳо машиналар қабул бўлими олдига тўпланишди. “Ҳойнахой пулдорроқ одамнинг қизи ёки келини кўзи ёрийдиган, эсон-омон қутилиб олсин” кўнглидан ўтказди йигит.

Операция хонасидан ҳамшира чиқиб, йигитга

– Операция узоқроқ давом этади, сабр қилинглар, – деди.

– Сабр ва дуодан бошқа нима ҳам келади қўлимиздан, – деди йигит

Аммо, операция хонасига яна бир новча врач кирди, бир пас ўтиб профессор билан бирга ташқарига чиқди. Профессорга паст овозда бир нималар деди, профессор эса “Йўқ мен ишимни чала ташлаб кетмайман икки инсоннинг ҳаёти қил устида турибди ўзларинг бориб қилинглар, сизлар ҳам доцент номини олган врачсизлар, мени вақтимни олманг, пулига бориб виждон сотиб олсин”, деганча ичкарига қайтиб кирди. Вазият чигалроқ шекилли, Парвардигор ўзинг қўллагин деб пичирлади  йигит. Ҳалиги новча врачнинг ёнига бир нечта йўғон бўйинли қорни катта эркаклар келди ва унга:

– Тезроқ ишни ҳал қилинг дўхтир, неварам эсон-омон туғилса оғзингизга сиққанидан кўпроқ бераман.

– Акалар, ҳаракат қиляпман, профессор сал инжиқроқда, – деди новча варч  ялинган овозда.

– Агар қизимга бирор кор-ҳол бўлса “роддоминг” билан йўқ қилиб юбораман – деди ҳалиги нусха. Новча врач эса операция хонасига йўл олди аммо эшик қулфланган эди.

Асаблар таранг, йигит нима бўлаётганлигини тушинмасди, ҳаёлида фақат аёли ва фарзанди, тилида эса зикр эди. Уч-тўрт нусха ва новча врач тортиша-тортиша, шоша-пиша кетишди. Бир соатча вақт ўтиб новча врач ва йўғон бўйинлилар йигитнинг аёли операция бўлаётган хона олдига келиб жанжаллаша бошлади. Нусхалардан бири ҳаммангни қаматаман профессорингни чақир уни ҳам қаматаман, деб бақирарди. Беш-ўн дақиқалардан сўнг профессор кўзларида мамнунлик билан операция хонасидан чиқиб келди. Йигитга табриклайман ўғил муборак дейиши билан йигит уни қучоқлаб олди.

  • Рахмат дўхтир, сиз бўлмаганингизда ҳолимиз нима кечарди, – деди йигит.
  • Ҳаммаси Худодан биз бир сабабчимиз холос,– дея жилмайиб қўйди профессор.

Шу пайт нусхалардан бири профессорни хақоратлай бошлади:

  • Сен туфайли неварам ўлик туғилди, чиқиб операция қилганингда тирик қоларди...
  • Қандай қилиб, бир бечорани операция қилаётган ҳолда ташлаб кетаманми. У ҳам сизларнинг қизингизга ўхшаган одам.
  • Йўқ менинг қизимга ҳар кимни тенглаштирма, мен сенга оғзингга сиққанини берардим, энди ўзингдан кўр ҳаммангни қаматаман, йўқотирриб юбораман, – дея бақирди нусха.

Бахтиёр ота каби шукроналик ҳисси билан турган йигит гапга аралашди:

  • Бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам Аллоҳ. Сиз ҳам бойлигингиз ҳам Унинг қўлидасиз, кибр фақат унга хос, ҳаддингиздан ошманг, – деди.

Дўқ-пўписа-ю ҳақоратлар билан нусхалар кетишди. Аммо, 2 соатча ўтар-ўтмас, новча врач ва нусхалардан бири йигитнинг ёнига келиб паст овозда аммо, такаббурона:

  • Дўстим сизга битта илтимосли таклиф бор, – деди, врач. – Бу ерада аканинг қизи билан бир пайтда кўзи ёриган фақат сизнинг аёлингиз. Агар хўп десангиз, фақат бизни тўғри тушуниб иш юритсангиз, ўзингиз учун жуда яхши иш қиласиз, акалар сизни ўзларининг сафига қўшишмоқчи, қадрдон ака-ука бўлиб қоласизлар. Катта тижоратчи бойга айланасиз...
  • Хўш, нима қилишим керак?
  • Хотинингиз ҳали наркоз тасирида, уйдагиларингиз эса азада экан, деярли ҳеч ким билмайди, уларга бола ўлик туғилди деб, чақалоқни аканинг қизларига берсак, яхши хонадон, сизларга худо яна фарзанд беради. Афсуски, аканинг қизлари энди фарзанд кўра олмайди...

 Йигит хотиржамлик ва сокинлик билан, жиддий туриб:

  • ...Бас, уларга ўзлари қўлга киритган нарсалари (мол дунёси) асқатгани йўқ” (Зумар сураси 50-оят), – оятини ўқиди.
  • Нима деяпсан, – деди нусха.
  • Аллоҳнинг каломини айтяпман, айнан сенга ўхшаган такаббур, Аллоҳ берган молу-дунё орқасидан кибрга кетиб ҳеч кимни менсимайдиган инсофсизлар ҳақидаги оятни айтяпман...

Йигитнинг юзида шундай важохат пайдо бўлдики, елкасини қисиб бир бурчакда ўтирган камтар одамдан улкан арслонга айлангандек гўё. Новча врач ва нусха ўз юрак товушларини эшитадиган даражада қўрқиб, қочиб қолишди.

Ҳикоядан хулоса.

Хўш, бугун жамиятимизда, одамлар орасидаги муаммолар ва келишмовчиликларнинг аксарияти кибр туфайли эмасми. Мен сендан зўрман, мен сендан бойман, менинг мансабим сеникидан каттароқ, менинг бўйим сеникидан узинроқ, мен сендан чиройлироқ, мен..мен...мен... ва бошқа шунга ўхшаш мантиқсиз фикрлар ва дунёқарашлар эвазига ҳаётимиз маъносиз, бахтдан йироқда Яратганнинг қаҳрига нозил учраб қолмаяптими. Биз қўлимиздаги Аллоҳ берган амал, бойлик, савлат, мансаб ва бошқа матоҳлар туфайли инсонлар қалбини яралаб қўймаяпмизми.

Ҳеч бир ишимиз ҳисобсиз қолмайди. Ҳикояда келтирилган каби нусхалар ҳамма нарсани ўз қўлида, пулга сотиб оламан деб ўйлайди. Аллоҳ эса уларни нияти ва амалига яраша мукофот ёки жазосини беради.

Зеро, Қуръону каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Уларнинг дилларида иллат (шубҳа ва такаббурлик) бор. Аллоҳ уларга (шу) иллатни зиёда қилди. (Мўминмиз, деб) ёлғон гапириб юрганлари учун уларга (охиратда) аламли азоб бордир (Бақара, 10);

“...Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36);

“...кибрланганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланасиз, – деб турадиган ҳолатларини (бир) кўрсангиз эди!” (Аном, 93);

“Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро, 37);

“...Мағрурланмагин! Чунки Аллоҳ мағрурланувчиларни суймас” (Қасас, 76).

 

Саидаброр УМАРОВ

Read 3091 times

Мақолалар

Top