Мақолалар

Шукр қилувчининг мукофоти

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

"Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсаниз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир" (Иброҳим, 7).

Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда "алҳамду лиллаҳ" дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, улар­нинг шукрини адо этишда тил билан айтилган ҳамднинг ўзи кифоя қилмайди. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни адо қилиш жисм неъматининг шукри бўлса, фарзанд неъматининг шукри уларни имон-эътиқодли, пок виждонли, ватанига садоқатли қилиб вояга етказишдир.

Ўтган  пайғамбарлардан бири Аллоҳнинг амри билан  бир хонадонга ташриф буюриб, уларга ўзини таништирди. Сўнг уларга деди: “Аллоҳ таоло сизларга бир хабарни етказишимни буюрди. У сизларнинг умрингизни икки қисмга бўлиб, бирини роҳат-фароғат, сиҳат-саломатлик, иктисодий кенгчиликда, иккинчисини эса қийинчилик, машаққат, бетобликда ўтказишингизни тақдир килибди. Аллоҳ таоло сизларга танлаш ихтиёрини берди. Қай бирини аввал берсин, кенгчиликними ёки машаққатли ҳаётними?” Эр­­­-хотин куп ўйладилар. Оила раҳбари аёлига ушбу фикрни айтди: «Биз ёш ва қувватлимиз, ҳозир ҳар қандай қийинчиликни енгишимиз осон кечади. Шунинг учун қийинчиликни ихтиёр қилсак-да, кексайганимизда машаққатсиз роҳатда ҳаёт кечирсак!?» деди. Аёли бунинг аксини – аввал енгил ва фаровон ҳаётни танлашни таклиф килди. Кўп мулоҳазалардан кейин эр-хотин бир қарорга келиб пайғамбарга дедилар: «Аллоҳ таоло бизга аввал фаровон ҳаётни инъом килсин». Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасданок Аллоҳ таоло хонадонларига барака берди, иктисодиётлари юксалиб роҳатда яшай бошладилар. Эр-хотин бу берилган роҳат-фароғатнинг шукронаси ўларок, кундузлари рўзадор, тунлари қоим, қуни-қушнилар билан гўзал муносабатда, ғариблар ҳолидан хабар олиб, муҳтожларга ёрдам курсатиб умр гузаронлик килдилар. Берилган неъматни исроф килмай Аллоҳ буюрган ўринга сарф этдилар. Вақт олий ҳакам деганларидек, пайғамбар айтган ҳаётнинг иккинчи кисми, яъни қийинчилик, машаққатли давр етиб келган эди. Оиладагилар «Энди бизнинг машаққатли  ҳаётимиз бошланади» дея кута бошладилар. Лекин, айтилган муддат келган бўлсада,  ҳанузгача фаровон ҳаётлари тугамас эди. Белгиланган муддатдан икки йил ўтиб яна ўша пайғамбар ташриф буюрди. Оила раҳбари пайғамбарга мурожаат қилиб: «Аллоҳ таоло умримизни икки қисм килиб қуйганлиги ҳақида хабар бергандингиз. Умримизнинг бир кисми ўтиб, иккинчи машаққатли ҳётимиз бошланиши керак эди, лекин ҳануз фаровон ҳаёт кечирмокдамиз. Не сабаб роҳатдаги ҳаётимиз давом этмокда?» деди. Пайғамбар (а.с) «Ҳақиқатда Аллоҳ таоло   умрингизни икки кисим – фаровон ва машаққатга тақсимлаган  эди. Сизлар Аллоҳнинг берган неъматларини исроф қилмасдан туғри йулда сарф килиб, шукроналикда ҳаёт кечирганингиз учун машаққатли ҳаётингизни ҳам яна фаровон ҳаётга айлантириб берди» деди.

Аллох таоло оятнинг давомида: «Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир" дея огоҳлантирди. Аллоҳ тарафидан берилган ҳар бир нематнинг шукри уни туғри йўлга сарф қилиш орқали амалга ошади. Чунки баъзи нодон кишилар Аллоҳнинг берган неъматларини жоҳиллик қилиб инкор қиладилар. Шунинг учун ўзларига бино қуйиб  «Мен бу қулимдаги мол дунёни, мансабни, обрўни ўзимнинг ақл заковатимнинг зўрлигидан, серҳаракатлигим, уддабронлигим эвазига қўлга киритганман», деб ўйлайдилар. Йўлларида учраган, Аллоҳ таоло қайтарган гуноҳ маъсиятларга бор будларини сарф этадилар. Қарабсизки, дунёни ўзидаёқ  берилган неъматга шукр қилиб, туғри фойдалана олмагани учун ундан маҳрум булади. Охиратда эса  унинг жавоби янада оғир кечади. Ушбу оят тафсирида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Неъматга куфроналик қилган бандаси учун Аллоҳнинг  берадиган азоби икки хилдир. Бири ношукурлиги сабабидан дунёдаёқ берган неъматини ундан олиб қўяди. Иккинчиси эса қиёмат кунида неъматга куфроналик қилгани учун унинг уқубатини бардавом қилиб қўяди» деганлар.    

Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга ундайди. Аксинча, шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.

"Руҳул-баён" тафсирида шундай ривоят келтирилади: "Бир куни Исо алайҳиссалом бир фосиқ билан сафарга чиқдилар. Исо алайҳиссалом сафарда ейишга ўзлари билан уч бурда қотган нон олиб, уларни ҳамроҳларига бериб қўядилар. Йўлда у киши Исо алайҳиссаломга билдирмай ноннинг биттасини еб қўяди. Бир дарахтнинг ёнига етганларида Исо алайҳиссалом нонушта қилиб олишни таклиф қилиб, кишига нонларни халтадан олишни буюрадилар. У икки бўлак нонни чиқаради. Буни кўрган Исо алайхиссалом ундан қолган бир бўлакни ҳам чиқаришни айтадилар. Фосиқ киши эса унда фақат мана шу иккита бўлакдан бошқа йўқ эканини, Исо алайҳиссалом унга фақат иккита нон берганларини айтиб, ҳар қанча талаб қилсалар-да, еб қўйган нонидан тонади.

Нонуштадан сўнг яна йўлда давом этадилар. Сафар давомида ҳалиги киши Аллоҳ таолонинг Исо алайҳиссаломга берган бир нечта мўъжизаларининг гувоҳи бўлади. Исо алайхиссалом унга кўрган мўъжизалари ҳаққи-ҳурмати учинчи нонни қаерга қўйганини айтишни сўрайдилар. У Аллоҳнинг ягоналигига, Унинг қудратига далолат қилувчи қанчадан-қанча мўъжизаларни кўрган бўлсада, барибир ёлғон гапиради, яъни унда фақат иккита нон бўлганига қасам ичади.

Икки ҳамроҳ йўлда кета туриб, тасодифан қум уюми остида ялтираб турган нарсага кўзлари тушади. Яқинига бориб қарасалар, уч бўлак тилло қуймаси экан. Шунда Исо алайхиссалом тиллоларни тақсимлашни так­лиф қиладилар ва бир бўлаги менга, иккинчи бўлаги сенга, учинчи бўлаги эса учинчи бўлак нонни олган кишига, дейдилар. Мана шу вақт фосиқ тиллонинг учин­чи бўлагига ҳам эга бўлиш мақсадида ноннинг учинчи бўлагини ўзи еганини тан олади. Шунда Исо алайҳиссалом унга: “Аллоҳнинг қанчадан қанча мўъжизаларини кўра туриб тан олмаган нарсангни, арзимас дунё матосига эришиш учун бўйнингга олмоқдасан. Демак, сен Парвардигорнинг неъмати қадрини билмайдиган ношукр бандасан, энди сен билан менинг йўлимиз бошқа-бошқа”, деб фосиқни тарк этиб кетдилар.

Исо алайҳиссаломдан ажраган киши ёлғиз кетаётганида ногаҳон олдидан уч нафар қароқчи чиқиб қолади. Улар уни ўлдириб, тиллоларини бўлишиб оладилар. Шундан сўнг қароқчилардан бири егулик олиб келиш учун яқин қишлокдарнинг бирига кетади. Қолган иккитаси шериклари егулик олиб келгач, уни ўлдириб, тиллосини бўлиб олиш режасини тузиб қўядилар. Таом сотиб олишга кетган қароқчи ҳам шерикларининг таомига заҳар солиб, улар ўлгач тиллоларини ўзлаштириб олишни режалаб қўйган бўлади. Шундай қилиб, таом олиб келган қароқчини шериклари ўлдиради ва ўзлари ҳам таомдан татиб, заҳарланиб ўладилар.

Исо алайхиссалом тасодифан ҳалиги ҳамроҳи ва учта қароқчининг мурдаси устидан чиқиб қоладилар ва Аллоҳнинг берган ҳалол ризқига қаноат қилмаган, берилган неъматларнинг қадрига етмаган, унинг шукрини адо этмаган кишининг ҳоли шудур, деб йўлларида давом этадилар".

 Манбалар асосида Давлатёров Муҳаммадсафохон тайёрлади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Read 3852 times
Tagged under

Мақолалар

Top