Мақолалар

Таъзим сизга, азиз устозлар

Илму маърифат тарқатиш савобли амалдир. Борлиқдаги ҳамма нарса яхшиликни ўргатувчининг ҳақига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва балиқ одамларга  яхшиликни  таълим берувчига салавот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).

Устознинг шогирд устидаги ҳақи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб қўри билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлади. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳ­матул­лоҳи алайҳ)дан бундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар, албатта, ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм ардоқланади.
Юртимиз таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалардан таълим бераётган устозларни иззат-икром қилиш бурчимиздир.

Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса, арзийди.


Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Жомеъ”
масжиди имом-хатиби

 

Read 4189 times

Мақолалар

Top