Мақолалар

Қалбларни эзгу ниятлар билан боғлайлик

Яхши ният ва эзгу амаллар соҳибини жаннат сари етакловчи ишлар экани маълум. Инсон ниятини тўғри қилса, нафсини турли ёмонликлардан покласа, албатта, у дунё ва охиратда бахтлилар қаторида бўлади. Аллоҳ таоло: “(Қасамёд этаман), ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур”, дейди (Шамс, 9). Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу мазмунли оятни тиловат қилганларидан сўнг, Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: «Ё Аллоҳ, нафсимга тақво ато эт, Ўзинг унинг Хожасисан ва энг яхши Поклагувчисан».
Нафсни поклаш Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқиб гуноҳлардан тийилиш, имонни қувватлантирадиган амалларда давомли бўлиш ва Ундан мағфират сўраб, ихлос билан тавба қилиш билан бўлади. Гуноҳлардан тийилмаган банданинг қалби хотиржам бўлолмайди ва ибодати ҳам ҳаловатсиз кечади. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай насиҳат қилади: «Дунёга ҳирс қўйишдан қалбда зулмат пайдо бўлди. Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқув, қаноат, Қуръони каримга амал қилиш ва охиратга тайёргарлик кўриш каби амаллар у (зулмат)ни тарқатиб юборади».
Шубҳасиз, Аллоҳ таолога муҳаббат, қўрқув инсонни камтарин, сабрли, амалларда, Яратганни кўрмаса ҳам, У кўриб турганини ҳис этадиган қилиб қўяди. Ҳадисда: «Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам У сени кўради» (Имом Муслим ривояти), дейилган. Донишмандлар, Ҳақ таолодан қўрққан инсон нафсини ҳар сонияда назорат қилиб, худди тижоратдаги шериги билан ҳисоб-китоб қилганидек, у билан ҳисоблашади, дейишган.
Гуноҳлардан сақланиб, яхшилик қилувчиларга жаннат ваъда қилинган. Унга эришиш йўли эса осон кечмайди. Қуръони каримда: «Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл, 128),дейилган.
Шу боис мўмин киши дунёга муккасидан кетмаган, қўли ва тили билан бошқаларга зарарсиз, ёмон сўз ва ишларни қилмайдиган, ибодатларда ғайратли бўлмоғи лозим. Қийинчилик ва кенглик кунларида ҳам сахий, қалби кенг бўлиш қўрқувнинг белгиси, деб баён қилинган. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишиларнинг ҳурматлиси ким, деб сўрашганида, у зот: «Улардан энг тақволиси», деб айтганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Қуръони каримда тақводорлар учун тайёрланган кенглиги осмону ерга тенг жаннатга шошилишга буюрилган. Муфассирлар, жаннатга шошилиш бу ибодатларни вақтида адо этиш, жамоатни тарк этмаслик, тавба ва ихлосда давомли бўлиш каби амаллардир (Насафий тафсири, 1 жилд, 182 бет), дейди. Демак, жаннатга эришишнинг энг осон йўли эзгу ният ва яхши амаллар бўлади. Шунда нафс ҳам покланади ва инсон нажот топади.
Катта-кичик, аҳамиятли-аҳамиятсиз демасдан ҳар бир ишда, кундалик турмушимизда ниятимизни ўнглаб иш тутишимиз керак бўлади. Масалан, кўчага чиқиш олдидан ўзингизга хушбўй атир сепмоқчи бўлдингиз. Агар  бундан одамлар сиздан озорланмасликларини, балки хушбўйликдан қалблари сурурга тўлишини ният қилган бўлсангиз, ана шу ниятингиз савобга сазовордир. Борди-ю, уни бошқа ғаразли ниятда ёки кибрланиш учун сепган бўлсангиз, мукофотга эришиш тугул, гуноҳкор бўласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳ розилиги йўлида хушбўй нарса суртса, унинг ҳиди қиёмат куни мушк-анбар ҳидидай бўлур, ким Аллоҳдан ўзганинг розилиги ниятида хушбўйланса, қиёмат куни унинг ҳиди ўлаксаникидан ҳам жирканч бўлур”.
Ниятнинг макони қалбдир. Шунинг учун амалларимиз қабул бўлиши учун қалбдан ният қилиш, ҳар бир ишни чин ихлос билан киришиш зарур бўлади. Айни пайтда ниятни тил билан изҳор этиш янада яхшидир. Ният қилинган заҳоти уни амалга ошириш лозим. Агар бошлашнинг вақтини аниқлаш қийин бўлса, имкон топилганда ният қилинади. Ҳар бир нарсага алоҳида ният қилган маъқул.
Шунинг учун мўминнинг ниятсиз амали савоб касб этмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Ниятсиз бажарилган амал учун ажр йўқдир”.
Беният амал машаққатдир. Ихлоссиз ният риёдир, рўёбга чиқмаган ихлос бекордир. Сидқ ва ихлос банданинг нажот топиши учун василадир. Бу икки нарса ҳақиқатини билганидан кейин у амал билан ниятни тўғрилайди.
Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир” Имом Байҳақий ривояти.
Ўтмишдаги солиҳлардан бири: “Мен ҳар бир нарсада ниятим бўлишини жуда ҳам яхши кўраман. Ҳатто таом ейиш, сув ичиш, уйқуга кетишда ниятим бўлишини истайман”, деган. Ким таом тановул этишдан ибодатга қувват бўлишини, уйланишдан динини мустаҳкамлашни ва ўзини гуноҳдан тийишни ҳамда ўзидан  кейин салоҳиятлик фарзанд ато этилишини ният қилса, бу ниятларига яраша савоб олади. Ҳаракатларингиз, сўзларингиздан бирор нарсани кичик, арзимаган нарса деб ҳисобламанг. Ҳисоб беришдан олдин ҳисоб-китобингизни эҳтиёт қилинг. Қиладиган амалингиздан олдин ниятингизни тўғриланг. Халқимизда “Ниятингни яхши қил”, деган ҳикматли сўз бор. Ўзингиздан кейин тарк этадиган нарсалар борасидаги ниятингизга ҳам эътибор беринг.
Шунинг учун ҳам юртимиздаги ҳар бир ота-она етук ва комил  фарзандлар тарбиялашни ҳаётдаги  энг улуғ ният ва муқаддас мақсад деб билади. Бошланган “Соғлом авлод” йилида яратганнинг ўзи ана шу эзгу ният ва  орзуларимизга етишишда ҳаммамизга ёру-мададкор бўлсин. Яхши ниятли, яхши амалли ва ихлосли бандалари жумласидан айласин!

А.Бобоев
Шовот тумани “Ваянган бобо” масжиди имом-хатиби

ЎМИ матбуот хизмати

 

Read 4517 times

Мақолалар

Top