Мақолалар

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз чин тавба қилинг: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Чин тавба қандай бўлади?

Чин тавба дилдан пушаймон бўлиш, тил билан мағфират сўраш, гуноҳдан воз кечиш ва унга бошқа қайтмасликка аҳд қилиш билан бўлади. 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашинг: Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Набий алайҳиссаломга эргашиш нима дегани?

Набий алайҳиссаломга эргашиш у зот келтирган шариат кўрсатмаларига итоат этиш деганидир. 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз тақво қилинг: “Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Тақво нима?

Тақво – тиканзорда яланг оёқ ўзингизни тикандан сақлаб юрганингиздек гуноҳ ва маъсиятлардан ҳам эҳтиёт, узоқ бўлишингиздир. 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз эзгулик қилинг: “Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).

Эзгулик нима?

Эзгулик бу яхшиликдир. Ҳар бир савобли иш – яхшилик.

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз адолатли бўлинг: “Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида сураси, 42-оят). 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз ҳар бир ишни гўзал тарзда бажаринг: (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 195-оят). 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз сабрли бўлинг: “Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон сураси, 146-оят).

Сабр нима?

- Тоат-ибодатларни адо этишда сабр.

- Гуноҳлардан тийилишда сабр.

- Мусибатга сабр. 

Аллоҳ севган банда бўлсам, десангиз таваккул қилинг: (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят). 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг муҳаббатига олиб борувчи амалларга муваффақ этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Read 7519 times

Мақолалар

Top