Мақолалар

Уламолар наздида вақт қадри

Вақт инсон умри демакдир. Шундай экан, ҳар бир лаҳзамизни фойдали илм ва савобли амаллар билан ўтказишимиз керак. Бугунги нақд нарса қўлдан чиқарилса, у абадий қайтмас мозийга айланиб, ҳасрат ва надоматда қолдириб кетади. Доно халқимизда, “Бу­гун­ги ишни эртага қолдирма”, “Қолган ишга қор ёғар” каби мақоллар бежизга айтилмаган, албатта. Чунки Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким эртага нима бўлиши тугул,  ҳатто бир лаҳзадан кейин нима бўлишини билмайди. Шу боис, берилган вақтдан унумли фойдаланиб, қадрига етайлик. Албатта, ҳар кимнинг вақтга бўлган эътибори тур­ли­ча бўлган. Келинг, бу борада Пайғамбарлар меросхўри бўлмиш олимларнинг вақт ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қуйида танишайлик: 

  • Ҳофиз Ибн Ҳажар (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Соғлиги ва бўш вақтидан Аллоҳ таоло тоатида фойдаланган киши нақадар бахтлидир. Аммо, соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таоло маъсиятига сарфлаган одам нақадар зиёнкордир”.
  • Абу Сулаймон Дороний (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: “Оқил умрининг қолган қисмига эмас, балки тоатсиз ўтган ҳаёти учун йиғласа эди, бу унинг ўлимига қадар давом этган бўларди. Ажабо, агар инсон умрининг жоҳиллик билан кечирган қисмига назар солса, қолгани­ни қандай кутаркан-а?”
  • Орифлардан бири дейди: «Агар ўлим фариштаси бандага кўриниб: “Бир соатлик умринг қолди, уни бир дақиқага ҳам узайтиролмайсан”, деса, банда шундай афсус ва надомат чекадики, ўша қолган бир соатни тавбаларга тўла, хатолари ўнг­ланган бошқа бир соатга алмаштириш учун борини, агар бутун дунё уники бўлса, уни бутунлай сарфлаган бўлар эди».
  • Улуғ тобеин Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Ҳар бир янги отган тонг бундай нидо қилади: “Эй Одам фарзанди! Мен яна янгидан бош кўтардим, мен сенинг бугун қилган амалларингга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол. Зеро, мен Қиёмат кунига қадар асло қайтмасман”. “Эй Одам боласи, сен ўтиб бораётган кунлардан иборатсан. Сен учун бир куннинг кетиши, бир қисминг кетиши демакдир”. “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динор­ларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра, улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар”.
  • Тўққиз юз эллик йил умр кўрган пайғамбар Нуҳ (алайҳиссалом) ҳузурига ўлим фариштаси келиб, сўради: “Эй пайғамбарлар ичида узоқ умр кечирган зот, дунё ҳаёти ҳақида қандай фикрдасан? У зот бундай жавоб берган эканлар: “Мен учун бу дунё худди икки эшиги бор ҳовлига ўхшайдики, биринчисидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетмоқдаман”.
  • Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Бир суфий суҳбатида бўлиб, ундан: “Вақт қилич кабидир, агар сен уни кесмасанг у сени кесади (яъни, умринг беҳуда кетади)” ва “Агар нафсингни ҳақиқат билан машғул қилмасанг, у сени ботил нарсалар билан кўмиб ташлайди”, деганини эшитдим.
  • Ҳалқимизда бундай мақол бор: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди”.
  • Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд айтадилар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади. Шундай экан, унинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.
  • Бир улуғ зот бундай деган: “Аслида, вақт инсон умридир. У булутдек ўтади, кетади. Кимнинг вақти Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан бўлса, вақт унинг ҳаёти ва умрига айланади. Акс ҳолда, йўқ. Киши ўз замони ва вақтининг қадрини билиши, ҳатто бирор лаҳзасини ҳам беҳуда ўтказмаслиги ва шу аснода савобли сўз ва ишларни бажариши лозим. Доимо нияти яхшиликда қоим бўлиши ва бажариладиган хайрли амалларда сусткашлик қилмаслиги керак”.
  • «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, у инсон боласига бундай нидо қилади: “Мен янги кунман, ишларингга гувоҳман. Агар кетсам, Қиёматга қадар қайтмайман. Шундай экан, (бу фурсат ичида) истаганингча амал қилиб қол, уларнинг мукофотини Қиёматда топасан. Ёки истаган ишингни кечиктир, бу фурсат сенга абадий қайтмайди».
  • Ҳукамолардан бири бундай деган экан: “Ким кунини бекорга ўтказса, бирор яхши иш ё инсонларга чиройли сўз айтмаса, ёки гўзал муомалада бўлмаса, ёхуд илм-маърифат ҳосил қилмаса, албатта, у ўша кунига жабр, ўзига зулм қилибди”.
  • Ҳукамолардан бундай сўзлар нақл қилинган: «Бу дунё уч кундан иборат: 1. Кечаги кун, у ўтиб кетди, китоби ёпилди. Энди сен қайғурсанг ҳам, қайғурмасанг ҳам уни ортга қайтаролмайсан. Шундай экан, ўтган кечанг қўлдан кетди, энди у ҳақида ўйлама. Эртанги кун, сен унга етмаслигинг мумкин. Бу сир, Аллоҳга аён. Эртага қандай ҳолатда бўлишинг номаълум. 3. Бугунги кун, у сеники, сен унда амал килиб кол. Чунки эртанги кунинг ҳам бугунги кунингда қилган амалингга боғлиқ бўлиши мумкин. Агар бугун бирор амал қилмай, танбаллик қилиб ўтираверсанг, эртанги кунинг ўта кулфатли ва қайғули бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, имкониятингда фақат бугунинг бордир».
  • Умар ибн Абдулазиз (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти. Демак, сен ҳам уларни ғанимат билиб, фойдаланиб қол”.
  • Баъзи донишмандлар: “Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир”, деб таъкидлашган.
  • Абдуллох ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Бирор нарсага қуёш ботиб, куним ўтиб, менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби ачинмадим”.
  • Саҳобалардан бири Искандария шаҳри фатҳи ҳақидаги хабарни ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)га етказиш учун шошиб Мадинага келади. Қайлула вақтигга етиб келгани учун, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам қайлула қилиб, дам олаётган бўлсалар керак, деб масжидга боради. Қараса, у зот масжидда эканлар. Ҳазрат Умар унга қарата: “Агар кундузи дам олсам, раъият (халқ) ҳақини зое қиламан. Мабодо кечаси ухласам Аллоҳ таоло ҳақини зое қиламан. Бу икки ҳақ ўртасида қандай қилиб ухлаб дам оламан”, деган эканлар.
  • Абдуллоҳ Ансорий “Туҳфатул мулук” асарида ҳар бир масалани тўрт тушунча билан шарҳлайди. Жумладан, тўрт нарсани асло қайтариб бўлмаслик ҳақида бундай дейди: “Айтилган сўз, отилган ўқ, ўтган умр ва қазойи қадар”. Демак, дунёда кишига берилган азиз умр яна қайтиб келмас экан.
  • Мутафаккирлардан бири бундай деган: “Вақт ҳаёт демакдир. Инсон ҳаёти эса унинг туғилганидан бошлаб, вафот этгунига қадар яшаб ўтадиган вақтидир”, “Туғилиш ўлим сари қўйилган биринчи қадамдир”.

Толиб Қодиров тайёрлади

Read 10435 times

Мақолалар

Top