Мақолалар

Оила – муқаддас даргоҳ

Оила мустаҳкам бўлса, жамият ҳам осойишта бўлади. Оилаларда парокандалик бўлса, жамиятнинг ҳам тинчи йўқолади ва алалоқибат таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтиёр жамият шаклланади. Чунки ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирига меҳрибон бўлади. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

Ал-Муғира бин Шуъба розияллоҳу анҳу айтадилар: Мен бир аёлга совчи қўйдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан: “Уни кўрдингми?”, деб сўрадилар. Мен: Йўқ, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни кўргин, кўриб (билиб) турмуш қуришлик ўртангизда улфат ва муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр-хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.   

Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилиши даркор. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса эрнинг мавқеига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади, балки эл-юрт, маҳалла-кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Зеро, оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган.

Яна бир муҳим масала: оилани бус-бутун сақлаб қолишдир. Динимизда оила қуришга тарғиб этиш билан бирга, уни яхшилик билан тутишга буюрилган. Агар эр-хотин ўзаро келиша олмаган тақдирларида ислоҳ қилиш учун ҳар икки томондан ҳакамлар жалб этиш лозим бўлади.

Қуръони каримда шундай дейилган:

“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир” (Нисо сураси, 35-оят).

Ушбу ояти каримадан эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш ғоят савобли амал экани аён бўлади. Шунинг баробарида, оилани сақлаб қолиш масаласига жамият аъзолари бефарқ бўлмаслиги шариатимиз талабидир. Илло, динимиз бўлинишни, ажралишни эмас, бирлашишни, жипсликни ёқлайди.

Абдулвоҳид ИСАҚОВ,

Наманган шаҳридаги Мирёқуббой Миркаримбой жоме масжиди имом-хатиби

Read 16960 times

Мақолалар

Top