Мақолалар

Абдуллоҳ ибн Муборак

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи 118 ҳижрий санада Хуросон шаҳрида таваллуд топдилар. Оталари асли келиб чиқиши турк бўлиб, бани Ҳанзала қабиласидан бўлган Ҳамазон савдогарларидан бирининг қули эди. Ибн Аммод ўзининг “Шазароту аз-Заҳаб” китобида қўйидаги ривоятни келтиради. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг отаси хўжайинининг боғида боғбон бўлиб ишлар эди. Кунларнинг бирида хўжайин боққа кириб, ундан нордон анор олиб келишини сўради. Анор олиб келгач, хўжайин еб кўрса анор ширин экан. Хўжайин ундан бошқа нордонроқ анор олиб келишини сўраган эди, кейингиси ҳам ширин чиқди.
Шунда хўжайин унга:
“Сен боғда кўп вақтдан бери ишлаб юрибсану, ҳали ҳам ширин анордан нордон анорни ажрата олмайсанми?”, деб койиди?
Боғбон хўжайинига: “Боғингиздаги анорлардан еб кўрмаган бўлсам, ширин анордан аччиғини қандай фарқига борай”, деди.
Хўжайин ажабланиб: — “Нима дединг”, деди?
Боғбон: “Чунки сиз бунга рухсат бермаган эдингиз”, деди.
Хўжайини бу йигитни парҳезкорлиги, омонатдорлигидан ҳайратда қолди. Хўжайинни бир қизи бўлиб, кўпчилик бу қизга харидор эди.
Шунда хўжайин: “Эй Муборак, қизимни қандай инсонга никоҳлаб берсам тўғри бўлади?”, деди.
Муборак: «Жоҳилият вақтида кишилар қизларини насл-насаби яхши  кишиларга, яҳудийлар бой-бадавлат кишиларга, насоролар қизларини чиройли кўркам келишган кишиларга узатарди. Муҳаммад (с.а.в) умматлари эса қизларини диндор инсонларга узатадилар», деди.
Хўжайин боғбон йигитни ақлига яна бир карра қойил қолди. Муборакни қулликдан озод қилиб, қизини унга никоҳлаб берди. Бу қурилган покиза оиладан Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи дунёга келдилар.

“Шахсиятун иставқофатний” китобидан
Сирдарё вилояти «1-Боёвут» жоме масжиди
имом-хатиби Ислом Муҳйиддинов таржимаси

Read 3617 times

Мақолалар

Top