Мақолалар

Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрда ўтказилган 28-сессиясида қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжат қабул қилинган сана — 16 ноябрь бутун дунёда Халқаро бағрикенглик куни сифатида белгиланган.

Пойтахтимизда айни сана муносабати билан “Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Миллатлараро муносабатлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистондаги ислом цивилизицияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда экспертлар, мамлакатимиздаги дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва журналистлар қатнашди.

Семинарда алоҳида қайд этилганидек, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Бу, айни пайтда Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётгани юксак эътиборининг намунаси ҳамдир.

Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

Семинарда Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Анжуман иштирокчиларидан бири — Тошкент ва Ўзбекистон Епархияси раҳбари, митрополит Викентийнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан биз тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқдамиз. Мамлакатда турли миллат ва элатлар, диний конфессия вакилларининг яратувчанлик кайфиятида яшаши учун барча шароитлар яратилган”.

“Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир. Бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бўлиб қолаверади. Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳити таъминланган”, дейди Ўзбекистондаги Рим-католик черкови епископи Еже Мацулевич.

Илмий-амалий семинарда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 140 га яқин миллий-маданий марказлар фаолияти, уларнинг ўз она тили, миллати тарихи, қадриятлари ва маданиятини ўрганиш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ишлар тўғрисида келажак авлод эгалари – ёшларга маълумот берилди.

Анжуман доирасида диний ташкилотлар, миллий-маданий марказлар томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини ўзида акс эттирган видеолавҳалар, босма нашрлар, суратлар, турли халқларнинг амалий санъати дурдоналари кўргазмаси ташкил этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 6472 times

Мақолалар

Top