Мақолалар

Бу кеча бошқача, чиройлик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Бугун – Раҳмон, Раҳим, Қодир Аллоҳнинг энг суюкли дўсти, Расули, ер юзидаги сўнгги Пайғамбари, инсоният сарвари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд топган, у зотни соғинган, суйган, кўрсатган йўлларида собит бўлиш орзуси, интилишида яшаётганларнинг салавоту саломлари фалакка тўлаётган кунларда бу замонларга ета олмаган ота-оналаримиз, бобою момоларимиз, устозларимизни ўйларкан... хотиралар қатидаги гўзал маъною мақсадлардан англадим: гарчи собиқ совет тузуми халқимиз қалбига динсизлик, жаҳолатни шафқатсизлик, қаттолликка таяниб сингдирмоқчи бўлган эса-да, муқаддас Қуръон таълим-тарбиясию Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари кўрсатмаларини катта авлод қалбида қуёшдек асраб, ўз амаллари билан фарзандлари қалбига сингдириб кетган эканлар. Зеро, Парвардигори олам қуёшни дунё ҳаёти учун ёруғлик, ҳарорат манбаи қилиб яратган экан, токи Аллоҳ таолонинг ҳукми ўзгармагунча, яратилмишлардан ҳеч бир куч офтобнинг нурини, иссиғини тўса олмайди. Қуёш булут орқасида қолиши ёки қишда ер шарининг биз яшаётган минтақаларидан узоқлаши мумкин, лекин бу вақтинчалик ҳолат экани онгимизга қуйилган. Халлоқи олам бир-бирига уйғун боғлаган фасллар Ўзининг иродаси билан баъзан эртароқ ёки кечоқ келиши, одатдагидан иссиқроқ ёки совуқроқ, серёғин ёҳуд қуруқроқ кечиши кўп кузатилган, фақат уларнинг вазифасини, тартибини ислоҳ қилиш яратилмишларнинг қўлидан келмайди...

Ҳеч эсимдан чиқмайди: бундан ўттиз тўрт йил олдин кутилмаганда марказкўмнинг ғоявий ишлар бўйича котибаси мажлисга чақирди. Етти ойлик қизимни ташлаб кетолмаслигимни айтгандим, умуман қулоқ солишниям, тушунишниям исташмади. Болани бир қўшнига ташлаб бордим. Котибанинг юзи, кўзи, сўзларидан заҳар томиб мажлис ўтказишига машҳур шоирларимиздан бири дунё адабиётининг дурдоналаридан бўлган асарни ўзбек тилига ўгирганда Худо сўзини ишлатгани экан. Катта хонани тўлдириб ўтирган ижодкорлардан биронтамиз: “Ахир, асл манбада қўлланилган бу сўз таржимада ҳам бўлади-да!” деган гапни айтишга журъат этолмаганмиз. Чунки имонсизликка асосланган собиқ тузум уламоларни қатағону сургунларга маҳкум этиб, диний адабиётларни ёқиб-йўқотиб, халқни эътиқодсиз мутеларга айлантириш учун зулм тегирмонини беаёв айлантирарди. Аммо қалбларга Аллоҳдан ўзга кимнинг ҳукми ўтарди?!

Ота-оналаримиз қўлимизга нон бераётганда, уйқуга кўзимизни юмиб-очганда, остона хатлаганда, тилимизга “Бисмиллоҳ”ни ўргатишди. Раҳматли отам мулла Муҳаммадхон: “Менинг тириклигимда олган билимларинг – энг катта мерос” деган гапни кўп қайтарадилар. Ақлимизни таниб-танимай ота-онамизни қувонтирган дастлабки амалларимиздан бири  улар ўргатган “Чорқул” сураларини ёдлаб айтиб берганимиз бўлса керак. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ва “Муаввазатайн”ни кечқурун ва эрталаб уч мартадан ўқиб қўйгин, сени ҳамма ёмонликлардан асрайди” (Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти) деган суннатлари у меҳрибонларимни кўз олдимга келтираверади.

Жисму руҳимиз отажоним тонг сахарларда ўқиган Қуръон сураларидан нур, шифо олди. “Давонинг энг яхшиси Қуръондир” (Ибн Можа ривояти) деб марҳамат қилганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

 Она шаҳрим Марғилон одамларининг ҳалимлиги, муомаласи мулойимлигини кўпчилик эътироф этади. Отамнинг аёл-қизларга муомалалари бошқача майин эди. Ўта талабчан онамнинг овозларини кўтарганлари, сўкиб уришганларини эслолмайман. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам шалоқ сўзламас, ўзгаларнинг ҳам шалоқ сўзлашига йўл қўймас эдилар. “Дарҳақиқат, сизларнинг яхшиларингиз хулқи яхшиларингиздир”, – дердилар” (Имом Бухорий ривояти) – айни шу фазилатни хонадонимизнинг, қўни-қўшнию қариндошнинг улуғлари мактабида кўриб ўргандик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзандларига ҳадя беришда адолат қилмаган саҳобаларига: “...Бу дуруст эмас, бу ишингга мендан бошқани гувоҳ қил. Мен зулмга, гуноҳга гувоҳ бўлмайман. Аллоҳдан қўрқинглар, фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар...”, деганларини ҳар гал ўқиганимда, мулоҳаза қилганимда, кўз олдимга отажонимнинг ёнғоқдеккина неъматни ҳам олтита тенг бўлакка бўлиб, биз – олти фарзанднинг олдига қўйиб, меҳрибон жилмайиб турганлари ҳамон кўзларимдан миннатдорчилик ёшларини оқизаверади. Бола эканман-да, етти-саккиз ёшларда бўлсам керак, отамга синглимдан шикоят қилибман. Дадам индамай эшитдилар, кейин: “Шу гапларни Мукаррамхон ҳақида айтдингизми? – дедилару қўшимча қилдилар. – Агар шу синглингиз юз-қўлини ювган сувни олиб келсангиз, мен уни ичиб қўяман”. Табиатан жуда нозиктаъб, озодалик талаб бўлган отамнинг бу гапларини дастлаб тушунмадим, ҳайрон бўлдим. Аммо юзларидан кайфиятлари бузилганини сездим: демак, айтган гапим, аниқроғи, синглимдан нолишим ёқмади. Бу воқеа менга бир умрлик сабоқ бўлди. Кейинчалик англадимки, ота-онанинг болаларига адолат қилиши моҳиятида ўзаро аҳил, меҳр-оқибатли ака-укаю опа-сингиллар, демакки, бир-бирини қўллаб-қувватловчи жамият илдизларини мустаҳкамлаш мақсади ҳам мужассам экан.

Ёши бироз улғайганда фарзанд кўргани учунми, болалар орасига тушиб жанжаллашадиган қўшнимиз бизникигаям акамдан шикоят қилиб чиқарди, хуморидан чиққунича уришиб оларди. Онам индамасдилар, қўшнининг гапига лойиқ жавоб қайтармаганларидан бизнинг жаҳлимиз чиқарди. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмасдан ўша қўшни бир сабаб-баҳона топиб: “Аяжон-ув” деб кириб келарди. Онам ҳеч нарса бўлмагандек уни қаршилаб сўрига бошлардилар. Шунга ўхшаш воқеалар жуда кўп бўлган. Назаримда, онажоним учун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Энг ёмон кўрадиганим адовати қаттиқ кишидир” (Имом Бухорий ривояти), деган ҳадислари доимий шиор бўлди. Бу фазилатлари шарофатидан хонадонимиз ҳамиша яхши меҳмонлар билан, ҳаётдан эрта кетган отамдан кейин ҳам баракотлар билан обод бўлди, менимча.

Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимда ким меҳрибонлик қилмас экан, ўзи ҳам меҳрибонлик кўрмагай” (Имом Бухорий ривояти). Кўчамиз, маҳалла, мактабимиз, ундан сўнг олий таълим даргоҳида, эҳ-ҳе, бизга меҳр билан таълим-тарбия берган, йўл-йўриқ кўрсатган, ҳунар ўргатган одамларнинг сон-саноғи йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етимлар бошини силаганлар жаннатда ўзларига ёнма-ён бўлишини айтганлар. Эрта вафот этиб кетган иккита аммамнинг фарзандларини бизга опа, ака қилиб оиламизга қўшган, “Буларнинг кўнгли ярим, етимлиги билиниб ўксиб қолмасин”, дея ўша опа-акаларимизга биздан ҳам кўпроқ меҳр беришга уринган отам, онам жаннатда оламлар сарвари қаватларида бўлсалар, иншоаллоҳ!

Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним болалик, ўсмирликларини хотирлаб ушбу воқеани сўзлаб бергандилар: “Маҳалламиздаги Сиддиқа отинойида савод чиқарганман. Ўн икки ёшларда эдим. Бир куни мени ўқишдан олиб келиб, касал ётган опамнинг олдига олиб киришди. У ерда Қуръондан Ёсинни ўқиб узоқ ўтирдим. Оғир аҳволда бўлган опамнинг юзига қарашга юрагим бетламасди. Бир пайт аёллар киришиб, ишора билан ўқишимни тўхтатишди. “Опанг вафот этди, ташқарига чиқ, китобингни юқори токчага қўй”, дейишди”. Азиз устознинг ўтган асрда ҳаёт ва замоннинг барча синовлари (икки аканинг фожиали ўлими, яна бир аканинг қатағон қурбони бўлиши, опасининг вафоти, севикли турмуш йўлдошидан 29 ёшида бева қолиши)ни ирода, сабр билан енгиб, ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан нолимай матонат билан пркиза яшаши Аллоҳнинг тақдирига таслимлик эканини юқоридаги хотираларини эшитганимда чуқурроқ англадим.

Умримнинг катта қисми “ягона совет миллати”ни шакллантиришга тиш-тирноғи билан сафарбар бўлган замонда кечди. Мактабда, олий таълим даргоҳида одам боласини ер юзидан тортиб коинотгача ҳукмдор қилиш (Астағфируллоҳ!) ғояларига хизмат қилган “...изм”, “...изм”ларни ўқиш-ўрганишга увол кетган вақтларнинг ҳисоби йўқ. Аммо ўша пайтларда баҳо олиш учунгина ўрганилган у “билим”лар қуриган барглар каби хотирадан тўкилиб кетди-ю... ўша замоннинг “олим”лари билимсиз, маърифат-маданиятдан йироқ деб қадрини, обрў-шаънини ерга уриб келган оталаримиз, оналаримиз, бобою бувиларимиз қалбимизга эккан тўғрилик, халоллик, ростгўйлик, тинчликсеварлик, меҳрибонлик, кичикка шафқату кексаларга ғамхўрлик, меҳнатсеварлик, кечиримлилик, озодалик, бағрикенглилик, саховат, камтарлик... каби ҳислатлар уруғлари ниш урди, кўкарди. Чунки бу фазилатларни икки дунё саодати калити сифатида ўзи суйган бандалари қалбига жо этишни ва шу асосда яшашни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғ ибратлари орқали ўргатишни Қодир Аллоҳ ирода этди.

...1978 йилда вафот этган қашқадарёлик ажойиб инсон Нажмиддинхон эшонбобонинг ота-боболари ўтган асрнинг биринчи ярмида қатағон қурбони бўлди, аслида наманганлик бўлган оила сургунга, қочқинликка дучор этилди. Йигима ёшида иккинчи жаҳон урушига кетган Нажмиддинхон полки билан душманга асирликка тушади. Уни ҳам ўлим печида ёқиб юбориладиганларга қўшадилар. Нажмиддинхоннинг кўз ўнгида қанча-қанчалаб махбусларни навбат билан оловли камерага олиб кириб кетадилар. Шундай фожиали тақдир олдида ўзини тамоман йўқотиб қўяётган диндошлари учун қандай ёрдами, эзгу амали бўлишини ўйлаган Нажмиддинхон мусулмон масхбусларнинг асирлик рақами ёзилиб кўкрагига осиб қўйилган тахтачанинг орқасига “Ла-а илаҳа иллаллоҳ!” калимасини ёзиб беради ва уларга ўлим олдидан бу калимани қайта-қайта ўқишни ўргатади... Аллоҳ марҳамати кенг, Аллоҳ – Қодир. Қарангки, кўп ўтмай кутилмаганда Нажмиддинхон ва минглаб махбуслар озод қилинади. “Ла-а илаҳа иллалоҳ” калимасини ишонч, ихлос билан кўп такрорлашнинг фазилатлари, икки дунёмиз учун қанчалар саодатбахш экани ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таълимлари эътиқодимизга маёқ бўлсин.

Мен... ўрганишга, тинглашга мухтож бир банда... Фикрларим баёнида илмсизлик, моҳиятга етолмаслик қусурлари бўлиши табиийлигидан андиша, ҳижолатлигимни бир ёруғ умид енгди: Аллоҳнинг муборак Ислом динида яратган бандаси, Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари эканимга шукроналар билан, замонлар қанчалар эврилмасин, то Қиёматгача мени ва авлодларимизни дунё ҳаётини ёритган қутлуғ Каломуллоҳ, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам суннатларини ўзига ҳақиқий илм манбаи ва дастури амал қилиб олганлар қаторида этишини тиладим. Сиздан-да шундай дуо сўрайман, азиз дўстим.

Бу кеча бошқача, чиройлик,

Юлдузлар мавжида ой – болиғ.

Дунёнинг қалбидан шуъладек –

Салавот ёғилар... минг ойлик.

 

Бу кеча бошқача, чиройлик,

Ҳаволар анбарин зилолдек.

Хаёлнинг ҳар йўли – нурафшон,

Шукрона аталган саройлик.

 

Бу кеча бошқача, чиройлик,

Солиҳлар кўзлари нур – сойлик.

Салавот, салом дарёларин

Расулингга етказ, ё Холиқ!

 

Рабиул аввал, 11-13-кун

Муҳтарама УЛУҒОВА

Read 3887 times
Tagged under

Мақолалар

Top