Мақолалар

Оламдаги энг бахтли одам

Ўша одам менман. ажабланманг, сиз ҳам бахтлисиз, имон-эътиқодда собит бўлган мўмин-мусулмонларнинг ҳаммаси бахтлидирлар. Зотан, бизнинг бахтиёрлигимиз ояти карима ва ҳадиси шарифда очиқ-ойдин баён қилинган.
“Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз*. (Аллоҳ) айтди: “Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман”.
(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: “Агар (эътирозингизда) ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!” (Бақара, 30-31).
Мазкур ояти каримада Раббимиз фаришталарга Одам алайҳиссаломнинг илмини уларникидан баланд қилиб яратганини айтмоқда. Мен ва сиз Одам Ато авлодларимиз. Аллоҳ таоло бизни шундай фитратда яратдики, биз ўз саъй-ҳаракатимиз билан мақомимизни фаришталарникидан юксалтириб олишимиз мумкин.
Шундай экан, бу ёруғ оламда биздан ҳам бахтлироқ яна ким бўлиши мумкин!
Энди қуйидаги ҳадиси шарифга эътибор қилинг: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрадилар. У зот: “Биродарларимни соғиндим!” деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулаллоҳ?” дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар!” дедилар».
Парвардигоримиз бизни Ўзининг севикли расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат қилиб яратди. Аммо у зот боқий дунёга кўчганларидан бир минг тўрт юз йил ўтганидан сўнг дунё юзини кўрмоғимизни тақдир қилди.
Раббимиз бизнинг Расули акрамни жами оламдан, ўзимиздан ҳам яхши кўришимизни билар эди. Зотан, қалбимизга ана шу муҳаббат оташини Унинг Ўзи жойлаб қўйган. Шу боисдан Раҳмонлик сифати ила Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбларига илҳом солди ва у зот ўз тиллари билан: “Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар”, дея бизни соғинганини айтдилар. Бунинг ҳикмати: бизнинг кўнглимиз таскин топмоғи учундир.
Хўш, энди айтинг-чи, икки олам сарвари соғинган киши бахтли бўлмаслиги мумкинми?!
Аммо, азизлар, Пайғамбар алайҳиссалом бизни таниб олишлари учун у зотга кўпдан-кўп салавотлар айтмоғимиз зарур экан. Негаки, биз ҳар сафар салавот айтганимизда Аллоҳ таоло у зотнинг жонини жисмига қайтарар экан ва Пайғамбар алайҳиссалом бизни ўз кўзлари билан кўриб саломимизга алик олар эканлар. Айни мавзудаги ҳадис жуда ҳам машҳур бўлгани учун маъносини келтириш билан кифояланиб қўя қолдик.
Ояти каримада Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон ‌‎келтирганлар! (Сиз ҳам) унга салавот айтинг ва салом йўлланг», деб марҳамат қилган («Аҳзоб», 56).
Демак, биз Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтганимизда, Аллоҳ таолога ва Унинг фаришталарига жўровозлик қилган бўлар эканмиз. Аллоҳнинг салавоти албатта етиб боради ва унга қўшилиб биз бандаларники ҳам.
Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: «Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?!» дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Раббинг айтур: «Ким сенга салавот айтса, албатта, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», дедилар”(Имом Насаий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган).
Бахтимизнинг яна бир нишонасини қарангки, биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтсак, Раббимиз бизга салавот айтар экан, Парвардигори салом айтиб турган банданинг бахтининг чегараси бўлиши мумкинми!..

Азизларим, маълумингизки, бизнинг бахтимиз ўзимиз ўйлаб топган аллақандай меъёрлар ёки бошқаларнинг “сиз бахтлисиз” деган ночор илтифотлари билан эмас, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули хабарлари билан собит бўлган. Шундай экан, ўтаётган кунимиздан, айниқса, мавлид ойидан унумли фойдаланиб қолайлик, қўлимиз ишда-ю, тилимиз зикрда, салавотда бўлсин, шунинг ўзи кифоя.


Абдумалик ЖЎРАҚУЛ

Read 4710 times
Tagged under

Мақолалар

Top