Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Агар Аллоҳ сени яхши кўрса, ҳеч ким сени Ундан кўпроқ ҳаргиз яхши кўролмайди”

Қуйида келтириладиган фикрлар ижтимоий тармоқлардаги “Тарих мухрлаган сўзлар” саҳифасидан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

*****

Агар Аллоҳ сени яхши кўрса, ҳеч ким сени Ундан кўпроқ ҳаргиз яхши кўролмайди.         

Агар Аллоҳ сенга бирор нарса берса, ҳеч ким сенга Ундан кўра карамли бўлолмайди.

Агар Аллоҳ сенга ғазаб қилса, ҳеч ким сени Унинг азобидан ҳаргиз қутқаролмайди.

Аллоҳдан ўзга ким сенга ёрдам беради?! 

*****

Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганса, тавҳид ақийдасини ҳимоя қилиш энг муҳим масала эканини яққол кўради.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

*****

Дунёнинг таърифи

Дунёимиз фақатгина қониш имкони бўлмаган ташналик, тўйиш имкони бўлмаган очлик, роҳатсиз машаққатдир. Дунё, Иймон бўлмаса, бўш, хароб, зулмат, ҳалокат ва фойдасиз ҳаракатдир.

Доктор Мустафо Маҳмуд

*****

Иймонимизни асрайлик!

Қабристон зиёратига чиққан одам Аллоҳнинг Каломини тиловат қилиб, савобидан ўтган мўминларнинг руҳларини баҳраманд қилишини Аллоҳдан сўрайди. Ибрат олади, қабристондан қайтгач солиҳ амалларни кўпайтиришга ҳаракат қилади. Агар қабрда ётган кишилардан фарзанд, бойлик, уй-жой, машина ва ҳоказо ёрдамларни сўраса, Аллоҳга ширк келтирган бўлади, иймонига футур етади. Аллоҳ таоло ширкни кечирмайди! Қабристонга борган киши қабрда ётганлар бошқалар у ёқда турсин, ҳатто ўзларига ёрдам беролмасликларини, сажда қилгилари, садақа бергилари келса-да, шу ишларни қилолмаётганликларини ва қилолмасликларини англаб етиши керак!

*****

Тилинг сабабли...

Юксаласан;

Ҳурмат қилинасан;

Таҳқирланасан.

Истаганингни танла.

*****

Эй Аллоҳ! Менга намоздан сусткашлик қилмайдиган ва намозни кечиктирмай ўқийдиган қалб ато эт!

*****

Муҳим дуо

اللَّهُمَ حَبَّبْ إِلَيْنَا الْإِيمَانَ وَزَيِّنْهُ فِي قُلُوبِنَا، وَكَرِّهْ إِلَيْنَا الْكُفْرَ وَالْفُسُوقَ وَالْعِصْيَانَ، وَاجْعَلْنَا مِنَ الرَّاشِدِينَ

“Аллоҳумма ҳаббиб илайнал ийман ва заййинҳу фий қулубина ва карриҳ илайнал куфро вал фусуқо вал исян важъална минар рошидийн”.

Эй Аллоҳ! Иймонни бизга маҳбуб қилгин ва уни қалбларимизда зийнатлагин ва бизга куфрни, фисқни, исённи ёмон кўрсатгин ва бизни тўғриликда юрувчилардан қилгин!

*****

Эй Роббим! Бандаларинг томонидан бўлаётган мақтовлар сабабли бизни азобламагин! Улар билмаган барча гуноҳларимизни кечиргин!

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

Read 3635 times

Мақолалар

Top