Мақолалар

Авлиё ва солиҳ зотларнинг баракоти

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:

وَلَوْلَا دَفْعُ اللَّهِ النَّاسَ بَعْضَهُمْ بِبَعْضٍ لَفَسَدَتِ الْأَرْضُ وَلَكِنَّ اللَّهَ ذُو فَضْلٍ عَلَى الْعَالَمِينَ

яъни:Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга (бузғунчилик ва харобага) айланган бўлур эди, лекин Аллоҳ (барча) оламларга (нисбатан) фазл эгасидир(Бақара сураси, 251-оят).

Муфассир уламолар ушбу оятни тафсир қилар эканлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадисларни келтирадилар. Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إن الله ليدفع بالمسلم الصالح عن مائة أهل بيت من جيرانه البلاء‏

яъни: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло солиҳ мусулмон кишининг шарофатидан унинг юзта қўшнисини турли бало ва офатлардан асраб туради”. Жобир ибн Абудуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

إن الله ليصلح بصلاح الرجل المسلم ولده وولد ولده وأهل دويرته ودويرات حوله،

 ولا يزالون في حفظ الله ما دام فيهم

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло солиҳ мусулмон кишининг шарофати ила унинг боласини, боласининг боласини, оила аҳлини, атрофидаги хонадонларнинг аҳлини саломат сақлайди. Модомики, у уларнинг орасида экан Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясида бўладилар”, деганлар.   

Ибн Абу Ҳотим ва Байҳақий “Шуабул Имон” китобида Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан...” оятининг тафсирини Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло намоз ўқийдиган кишининг шарофати билан намоз ўқимайдиганни, ҳаж қилганнинг шарофати балан ҳаж қилмаганни, закот берганнинг шарофати билан закот бермайдиганни турли бало ва офатлардан сақлаб туради”, деб тафсир қилганларини ривоят қилишган. Шунингдек, Ибн Жарир ва Абд ибн Ҳумайд раҳимаҳумаллоҳ Мужоҳид роҳимаҳуллоҳдан: Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан...” оятини: “Агар Аллоҳ яхши инсоннинг шарофати билан ёмон инсондан, одамларнинг ахлоқига қараб бирини бошқаси сабабидан даф этиб турмаса, ер юзи аҳолисининг ҳалокати туфайли Ер юзи харобага айланган бўлур эди”, деб тафсир қилганини ривоят қилганлар.

Абд ибн Ҳумайд раҳимаҳуллоҳ Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у киши: Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан...” оятига: “Аллоҳ таоло мўминга кофир туфайли бало юборади, кофирни мўмин туфайли балолардан асрайди”, деб маъно берган.

Ал-Халлол “Кароматул авлиё” китобида Алий ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан: “Албатта, Аллоҳ таоло бир қишлоқни унда яшайдиган еттита мўмин туфайли балолардан асрайди”, деганларини ривоят қилган. Шунингдек, Иброҳим ан-Нахаъийдан: “Ҳеч бир шаҳар ёки қишлоқ йўқки, албатта, унда Аллоҳ таоло улар туфайли балоларни даф этиб турадиган кишилар бўлади”, деганларини ривоят қилган.

Ибн Абид Дунё “Китабул авлиё”да Абуз Заноддан ривоят қиладилар, у киши шундай деганлар: “Пайғамбарлар Ернинг устунлари (тутқичи) эдилар. Улар кетгач Аллоҳ таоло уларнинг ўрнига Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан қирқ кишини ўринбосар қилиб қўйди. Уларни “Абдоллар” деб аталади. Улардан бири вафот этса, Аллоҳ унинг ўрнига бошқасини пайдо қилади. Ана улар Ернинг устунларидир. Улардан ўттизтасининг қалби Иброҳим алайҳиссаломнинг яқиний имонига баробардир. Улар бу фазилатга намозларининг кўплиги ёки рўзаларининг кўплиги билан эришмадилар. Балки, тақво, яхши ният, саломат қалб ва барча мусулмонларга насиҳат қилиш билан етишганлар”.

 

ЎМИ фатво бўлими мудири

Ҳ.Ишматбеков

 

 

Read 3866 times

Мақолалар

Top