Мақолалар

Шаввол ойи ва унинг олти кун рўзаси

Алҳамдулиллаҳ, муборак Рамазон ойини яна бир бор кузатдик. Аллоҳ таоло унда ваъда қилинган ажру савобларга, файзу баракотларга Ўзи эриштирган бўлсин! Аллоҳ таолонинг марҳамати туфайли муборак Рамазоннинг файзу футуҳлари ҳамон қалбимизда. Парвардигори олам уни келаси Рамазонгача давомли қилсин, кўп маротаба ушбу муборак ойга соғ-омон етиб, ундаги фазилатлардан баҳрамад бўлайлик! Зеро, Рамазонда тутган рўзаси мақбул бўлган кишилар йил давомида шу ойнинг файзу баракотидан баҳраманд бўлиб юрадилар. Эгамиз барчамизга шундай ҳаёт кечиришни насиб қилсин! Зеро, Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар:

صيام رمضان إلى رمضان كفارة ما بينهما

“...Рамазон ойида тутилган рўза кейинги Рамазонгача (бўлган гуноҳларга) каффоратдир” (Имом Табароний ривояти). Зотан, Рамазон ойи қадрига етган, унинг фазилатларидан баҳраманд бўлган киши, албатта, уни яна келишини интизорлик билан кутади. Чунки бир ибодатни адо этиб, кейингисига муштоқ бўлиб кутиш ҳақиқий мўмин сифатидир. Муалло ибн Фазл (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Салафи солиҳлар Рамазон келмасидан олти ой олдин Аллоҳдан бу ойга етказишини сўраб дуо қилишар, Рамазондан кейин эса, яна олти ой бу муборак ойда бажарган ибодатларининг мақбул бўлишини тилаб илтижо этишар эди». Шундай қилиб, у зотлар йил давомида Рамазон ҳақида қайғурар эканлар. Демак, бу муборак ойнинг фазли нақадар юксак эканига далолатдир.

Мана, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳнинг инояти билан Рамазон ҳайитини ҳам эсон-омон нишонладик. Бу Рамазон кетди, ибодатлар тўхтади дегани, эмас, албатта. Ҳозир Рамазондан кейин келадиган шаввол ойида турибмиз. Шаввол ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойидир. Бу муборак ойнинг фазилатлари жуда кўп. Қуйида улардан баъзилари билан танишамиз:

  1. Ийдул фитр. Ҳижрий тақвим бўйича шаввол ойининг биринчи куни Рамазон ҳайити байрамидир. Анас (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида, у ерда аҳолининг ўйин-кулги қилиб нишонлайдиган икки куни бор экан. У зот сўрадилар: “Бу икки кун қандай кунлар?” Улар: “Биз жоҳилиятда бу икки кунни байрам қилиб, унда уйнар эдик”, дейишди. Шунда у зот марҳамат қилдилар:

إِنَّ اللَّهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهُمَا يَوْمَ الأَضْحَى وَيَوْمَ الْفِطْرِ

“Аллоҳ сизларнинг бу кунларингизни улардан кўра яхшироқ бўлган икки кун – Қурбон ва Фитрга алмаштириб берди” (Имом Абу Довуд ривояти).

  1. Ҳаж ибодатига тайёргарлик. Бу ой ҳаж ибодатига тайёргарлик кўриш мавсумидир. Ҳаж Ислом арконларидан бири ҳисобланган улуғ ибодат экани маълум. Зеро, мукаммал бажарилган ҳажнинг мукофоти жаннатдир. Унга етишиш ҳар бир мўмин-мусулмон орзуси. Бунинг учун, ҳаж ибодатидан олдин алоҳида ҳозирлик кўриб, унга доир аҳкомларни, шариат кўрсатмаларини кўнт билан ўрганиш ва амалда тадбиқ этиш керак. Бу ой эса, айнан шунга қулай фурсатдир.
  2. Уйланиш. Хал­қи­миз орасида «икки ҳайит орасида никоҳ тўйи қи­либ бўл­май­ди» деган нотўғри, асоси йўқ тушунча бор. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки ҳайит орасида, айнан, шаввол ойида ҳазрат Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)га уйланганлар. Демак, икки ҳайит орасида тўй қилиш мумкин, ҳатто мустаҳабдир.
  3. Олти кун нафл рўза тутиш. Шавволнинг айнан Рамазондан кейин келишининг боиси Рамазон рўзасига бевосита боғлиқлиги учундир. Зеро, бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, уларга Аллоҳ таоло кўплаб ажру мукофотлар беришини ваъда қилган. Жумладан, Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

من صام رمضان ثم أتبعه بست من شوال كان كصوم الدهر

“Ким Рамазон рўзасини тутиб, сўнг кетидан шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳадиси шарифдан маълум бўлишича, шаввол ойида рўза тутишнинг қатор фойдалари бор. Қуйида улар билан танишамиз:

  1. Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг фойдаларидан бири шуки, ҳар йили ушбу ҳадиси шарифга амал қилган одам умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Уламолар Рамазон рўзасидан кейин шаввол ойида олти кун рўза тутган кишига бир йил давомида рўза тутганлик мукофоти берилишини бундай тушунтиришган: “Маълумки, шариатимизда ҳижрий-қамарий тақвим асосида ҳисоб-китоб қилинади. Шундай экан, бир ҳижрий-қамарий йил тақрибан 360 кундан иборат. Шунда, ўттиз кун Рамазон рўзаси ўнга кўпайтилганда 10 ой, яъни, 300 кун ўрнига ўтади. Шаввол ойининг олти кун рўзасининг ўн баробари эса 60 кун, яъни, 2 ой бўлади. Қўшиб ҳисоблаганда, 360 кун (бир йил)ни ташкил қилади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: 

مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا

“Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).

Демак, Рамазондан кейин шаввол ойида ҳам рўза тутиш фазилатли улуғ экан. Бунинг ҳикмати ўлароқ, мўмин-мусулмонлар Рамазондан бошқа пайтларда ҳам рўза тутиб, янада кўпроқ ажр-савобга эришишлари, қолаверса, Рамазон келишидан олдин, унга тайёргарлик кўриш мақсадида Шаъбон ойида ўзларини рўзага ўргатиб, ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёргарлик кўрганлари сингари, шавволда ҳам бир ой давомида рўза тутишга кўниккан ички аъзолар энди аста-секинлик билан таом истеъмолига мослашиши учун ҳамдир. Шундай йўл тутиш инсон руҳига ҳам, жисмига ҳам кони фойда. Зеро, табиблар шавволда бирдан ўзини овқатга уришни тавсия қилишмайди. Балки, овқат истеъмолини аста-секинлик билан кўпайтиришни таъкидлашади.

Бу олти кунлик рўзани шаввол ойининг иккинчи кунидан бошлаб тутиш мумкин. Зеро, шаввол ойининг биринчи куни Рамазон ҳайити бўлгани учун унда рўза тутиш тақиқланади. Шунингдек, Ийдул фитрдан сўнг дарҳол рўза тутиш ҳам шарт эмас, балки шаввол ойи давомида тутса, жоиз. Рамазон ойи давомида баъзи кунларининг рўзасини тута олмаган кишилар, аввал ўша кунларнинг қазосини адо этиб, сўнг олти кунлик рўзани тутсалар, айни муддао бўлади. Аммо, бу ойда олти кунлик нафл рўзани тутиб, Рамазондан қолган қазоларни ундан кейин ёки бошқа ойларда тутсалар ҳам зарари йўқ. Лекин уламоларнинг тавсия қилишларича, шаввол ойида тутиладиган олти кунлик нафл рўзани кетма-кет эмас, балки ҳар ҳафтада икки кундан тутиш фазилатдир. Айниқса, душанба ва пайшанба кунлари тутилса, нур устига нур бўлади. Зеро, бу кунларда тутилган рўзага қўшимча қилиб, ўша кунлардаги рўза туганлик ажри ҳам ёзилади, иншааллоҳ. Бундан ташқари, қазо бўлган рўзаларни ҳам мазкур ойда тутиш билан бу муборак ойдаги фазилатларга эришилади.

  1. Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро, беайб Парвардигори олам. Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради. Зотан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

إن أول ما يحاسب الناس به يوم القيامة من أعمالهم الصلاة قال يقول ربنا جل وعز لملائكته وهو أعلم انظروا في صلاة عبدي أتمها أم نقصها فإن كانت تامة كتبت له تامة وإن كان انتقص منها شيئا قال انظروا هل لعبدي من تطوع فإن كان له تطوع قال أتموا لعبدي فريضته من تطوعه ثم تؤخذ الأعمال على ذاكم

“Инсонлар қиёмат куни амаллари ичида энг биринчи ҳисоб-китоб қилинадигани намоздир. Раббимиз азза ва жалла Ўзи яхши билса-да, фаришталарга қарата: “Бандамнинг намозига қаранглар-чи, у тўла-тўкис эканми ёки нуқсонлими?" деб айтади. Агар (банданинг намози) мукаммал бўлса, унга мукаммал деб ёзилади, агар унда бирор камчилик бўлса, Аллоҳ: “Каранглар-чи, бандамнинг бирор-бир нафл ибодати бор эканми?" дейди. Агар унинг нафл ибодатлари бўлса, Аллоҳ: “Бандамнинг фарз амалларини унинг нафл (ибодатлар)идан олиб тўлдиринглар", дейди. Сўнра (унинг қолган) амаллари ҳам шу йўсинда қабул қилинади" (Имом Абу Довуд ривояти).

  1. Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, бу ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучлилигидан далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Ибн Ражаб (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”.
  2. Тарихий воқеалар. Ислом тарихида бу муборак ойда жуда кўп ҳодисалар юз берган. Жумладан, манбаларда шу ойда бўлиб ўтган воқеаларнинг энг машҳури ўлароқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарликнинг ўнинчи йили тоифликларни Исломга чорлаш учун, Тоиф томонга йўл олиб, сафар давомида жуда оғир машаққат ва қийинчиликларга дуч келганлари тилга олинади. Мақола жуда чўзилиб кетмаслиги эътиборидан мазкур воқеа тафсилоти ва бошқа бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақида тўхталмадик. Улар ҳақида тўлиқ маълумот олмоқчи кишилар Ислом тарихи оид манбаларга мурожаат қилишлари тавсия этилади.

Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойи ва шаввол ойининг фазилатларидан баҳраманд қилсин. Омин!

 

Толибжон ҚОДИРОВ

тайёрлади.

Read 30856 times

Мақолалар

Top