Мақолалар

Она муҳаббати қаршисида таъзим қилишди (ҳаётий воқеа)

Япония. Мамлакат аҳолисини даҳшатга солган зилзила. Ушбу даҳшатли зилзиладан сўнг, қутқарувчилар тирик қолганларни қутқариш мақсадида вайрон бўлган уйларни кўздан кечира бошладилар. Улар ҳали турмушга чиққанига икки йил ҳам бўлмаган ёш жувоннинг уйига киришди. Улар вайрон бўлган уйни кўздан кечиришар экан, қулаган девор тирқишидан танасининг бир қисми кўриниб ётган аёлни кўриб қолишди. Қутқарувчилар зудлик билан ўша томонга шошилишди. Афсуски, қулаган бетон девордан атиги бир қўл сиғадиган жой бор эди. Қутқарувчилар раҳбари тешикдан қарар экан, аёлнинг ётган ҳолати уни таажжубга солди. У худди сажда қилаётган одамдек тиззаси билан чўккала тушиб, қўлларини олдинга чўзиб ниманидир ҳимоя қилиб ётгандек эди, гўё. Қулаган бино бўлаклари унинг бош ва белларини қаттиқ жароҳатлаган эди. Қутқарув гуруҳи раҳбари тирик қолгандир, деган умид билан унинг нафас олишини текширди. Афсуски, аёлнинг танаси аллақачон совиб бўлган эди...
Қутарув гуруҳи аъзолари вайрон бўлган бошқа уйларни ҳам кўздан кечириш мақсадида, ушбу хонадонни тарк этар экан, бироқ гуруҳ раҳбари негадир ортига қайтди ва аёлнинг жасадини амаллаб жойидан қимирлатди. Не кўз билан кўрсинки, аёлнинг бағрида жажжи болакай ётарди. Бечора она, боласини ҳимоя қилиш учун шу ҳолда жон берган экан... У бақирганча, бу ёққа келинглар, бу ёққа! Бу ерда болакай бор экан, болакай, дерди.
Қутқарувчилар катта қийинчилик билан аёлнинг атрофидаги бетон деворни парчалай бошладилар. Ваниҳоят чангга беланган оппоқ матога ўралган, ушбу тўполлар ором уйқусини бузмаган 3 ойлик ширин болакайни қутқариб олишди. Жажжи чақалоқ эса қутқарувчилар қўлида сокин ухларди... Болакайни текшириш учун зудлик билан етиб келган шифокор, тупроққа беланган матони очаркан, мато ичида турган телефон уни диққатини тортди. У телефон экранига ёзилган ёзувларни ўқиб, кўзидан шашқатор ёш оқди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: “Болажоним, агар омон қолган бўлсанг, унутмагинки, мен сени жуда ҳам яхши кўраман...онанг...”. Телефон қўлдан-қўлга ўтаркан, экрандаги “Болажоним, агар омон қолган бўлсанг, унутмагинки, мен сени жуда ҳам яхши кўраман...онанг...” деган ёзувни ўқиган ҳар бир қутқарувчи, юм-юм йиғлаганча, жасоратли она муҳаббати қаршисида таъзим қилди...


Илҳом МАЪРУПОВ таржимаси.

Read 7735 times
Tagged under

Мақолалар

Top