Мақолалар

Аёлини эъзозлаган юртнинг пойдевори мустаҳкам бўлади

Оилаларимиз чироғи ва чароғбони бўлган аёлларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмидир. Муқаддас динимиз ҳам нозик хилқат эгаларининг ҳақ-ҳуқуқларини тўла-тўкис таъминлаб берди.

Исломдан аввал аёл киши инсон ўрнида кўрилмас, қиз туғилган чақалоқлар тириклайин кўмилар эди. Мана шу иллатнинг ўзи ҳам жоҳилият даврида аёлга бўлган муносабат қандай бўлганини кўрсатади. Ислом дини аёлларнинг ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлади. Уларни эркаклардек жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканини амалда кўрсатиб берди. Қуръони каримдаги узун суралардан бирининг номи “Нисо”, яъни “Аёллар” деб аталади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб беришда фақат Ислом умматига эмас, балки бутун инсониятга ибрат ва намуна бўлдилар.

Динимизда аёл она, опа, сингил, қиз сифатида ниҳоятда улуғланади. Ислом – менинг диним, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом – менинг Пайғамбарим, деган киши борки, аввало у аёлни эъзозлаши шарт.

Афсуски, сўнгги пайтларда аёлларни хўрлаш, камситиш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Арзимас баҳоналар билан жанжал чиқариб, турмуш ўртоғини дўппослаётган эркаклар сафи кенгайиб бормоқда.

Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида республикамиз миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” номи остида тадбирлар ўтказилаётгани давлатимизнинг аёлларга кўрсатаётган ғамхўрлигининг амалдаги ифодасидир.

Таҳлилларга кўра, айни пайтда дунё миқёсида 33 – 50 фоиз аёллар эрларининг калтаклаши, дўппослаши оқибатида ҳалок бўлаётган экан. Бу эса, ўз навбатида, нозик жинс вакилаларини маиший жиноятлардан ҳимоя қилиш давр талаби эканлигини кўрсатиб турибди. 

Салим қори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби айни вақтда аёлни эъзозлаш ва қадрига етишдек фазилатни кўрсатган манба бўлиб юзага келди. Муаллиф асарда аёлларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш кераклигини далил-исботлар билан ёритиб берган.

Ҳар бир турмуш қураётган йигит ва қизларимизга никоҳ, оиланинг муқаддаслиги, маҳр, талоқ, идда, оилада эрнинг масъулияти, оилада аёлнинг вазифалари, фарзанд тарбияси борасида никоҳдан олдин тушунча олишлари ҳозирги замон талабига айланган. Инсон ҳаётининг никоҳдан кейинги даврининг муваффақиятли кечиши ёки аксинча бўлиши кўп нарсаларга боғлиқ. Оила шаънини пок сақлаш учун уни саодатли ва мустаҳкам бўлишини истаган, турмуш бўсағасида турган ҳар бир ёш ўзи учун бир умрлик жуфти ҳалол танлашда эътиборли бўлиши кераклиги Ислом таълимотида алоҳида таъкидланган. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл киши тўрт нарса учун никоҳ қилинади: моли, жамоли, насаби ва дини учун. Диндорини ихтиёр қилгин, барака топасан”, деганлар. Ҳадисда келтирилишича танланаётган умр йўлдошнинг дини ва одоб-аҳлоқи эътиборга олиниши таъкидланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимига эридан ёки эркаклардан жабр ва зулм кўрган аёллар келиб туришади. Улар билан суҳбатлашиб: “Зулмга учраб, бу ҳақда нима учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилмайсизлар?”, деб сўраганимизда, опа-сингилларимиз маҳалла-кўй олдида истиҳола қилишини, оиласи, эри ва бола-чақаси обрўйини ўйлашини айтишди.

Аёлларимиз – ориятли, улар оиласи шаънини ҳамма нарсадан устун қўйишади. Лекин буни суиистеъмол қилаётган эркакларимиз андишанинг отини қўрқоқ қўйишмоқда.

Аёллар, асосан, келинлар оила аъзолари томонидан камситилиши ва эри томонидан ҳақоратланишини, оилада куч ишлатилгани ёки калтакланганини маълум қилишди.

Оилада зўравонлик ва камситишларга учраётган аёлларнинг асосий қисми ҳаётида моддий ва маиший қийинчиликлар мавжудлиги, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйганлиги ва рўзғорга масъулиятсиз эканлигини билдиришган.

Шу ўринда бир мулоҳаза.

Ҳурматли эркаклар, уруш даврини бир кўз ўнгингизга келтиринг. Ўша пайтлар қанча машаққату қийинчиликларга момоларимиз, боболаримиз бардош беришган. Лекин шунга қарамай, улар оилани муқаддас билишган. Наҳотки, бугунги тинчлик даврида тўқликка шўхлик қилиб, аёлларни ҳақоратласак, уларни камситсак. Ахир, хотин-қизлар наслимиз давомчилари-ку.

Бизга мурожаат қилганлар орасида ахлоқсизлиги туфайли ҳомиладор бўлиб қолган қизлар ҳам борлиги ташвишланарли ҳолдир. Демак, оиладаги муҳитни яхшилашга жиддий эътибор қаратиш, қиз ва ўғил болаларга ёшликдан атрофдагиларга ҳурмат назари билан қарашни сингдириб боришимиз лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ким – у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124-оят), дея марҳамат қилади.

Ҳадиси шарифларда эса бундай дейилган: «Мўминларнинг энг имони мукаммали гўзал хулқлисидир.  Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир» (Имом Термизий ривояти).

“Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз” (Имом Муслим ривояти).

Мухтасар қилиб айтганда, биз Динимиздан, ўзлигимиздан, маънавиятимиздан, миллий қадриятларимиздан қанчалик узоқлашиб бораверсак, бошимизга шунча кулфатлар ёғилаверади. Шу маънода наслимиз давомчиларини таҳқирласак, ўзимизга, келажагимизга зулм қилган, ўзимиз ўтирган дарахт шохини ўзимиз кесган бўламиз. 

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси.

Read 4304 times

Мақолалар

Top