Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари

“Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”,[1]деб марҳамат қилган оламларнинг Робби Аллоҳга чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин!

“Сизлардан бирортангиз то мен унга ота-онаси, боласи ва жамики инсонлардан севиклироқ бўлмагунимча (иймони комил) мўмин бўла олмайди”,[2] деб марҳамат қилган Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом ва мукаммал салоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг бармоқлари орасидан сув чиқиши

وعن جابر رضي الله عنه ، قال : عطش الناس يوم الحديبية ورسول الله - صلى الله عليه وسلم - بين يديه ركوة فتوضأ منها ، ثم أقبل الناس نحوه ، قالوا : ليس عندنا ماء نتوضأ به ونشرب إلا ما في ركوتك ، فوضع النبي - صلى الله عليه وسلم - يده في الركوة ، فجعل الماء يفور من بين أصابعه كأمثال العيون ، قال : فشربنا وتوضأنا . قيل لجابر : كم كنتم؟ قال: لو كنا مائة ألف لكفانا ، كنا خمس عشرة مائة. متفق عليه.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳудайбийя куни инсонлар чанқаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бир сув идиши бор эди. Ўша идишдан таҳорат қилдилар. Сўнгра инсонлар у зотнинг олдиларига келиб: “Бизда таҳорат қилишимиз ва ичишимиз учун идишингиздаги сувдан бошқа сув йўқ”, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини сув идиши ичига тиқдилар. Шунда у зотнинг бармоқлари орасидан ҳудди булоқлардан чиққани каби сув отилиб чиқа бошлади. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сўнгра биз чанқоғимизни қондирдик ва таҳорат қилиб олдик”. Жобир розияллоҳу анҳуга: “Қанча киши эдингиз”, дейилди. У зот бизга дедилар: “Агар юз минг киши бўлсак ҳам етарди, (ўшанда) биз бир минг беш юзта[3] эдик” (Муттафақун алайҳи).

Бу муборак ҳадиси шарифда саҳобалар розияллоҳу анҳум Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “бизда таҳорат қилишимиз ва ичишимиз учун идишингиздаги сувдан бошқа сув йўқ”, деб мурожаат қилишларидан “бизга ўзингиздаги сувдан беринг”, деган маъно тушунилмайди. Зеро, бир идишдаги сув бундай катта жамоатга етмаслиги кундек равшан нарса. Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг ўз Суюклиларига бу тарзда мурожаат қилишларидан улар бирор бир муаммога йўлиққан вақтларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан хайр-барака истаб, у зот алайҳиссаломнинг баракаларидан баҳраманд бўлиш учун олдиларига боришга ошиққанларини англаб олсак бўлади.

                                              

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти                                      

4-курс талабаси Мурод Музаффар ўғли

 

[1]Анбиё сураси, 107-оят.

[2]Имом Бухорий ривояти.

[3]Тибий айтадилар: Жобир розияллоҳу анҳу кўп ва камлик борасида (саҳобалар томонидан) адашиш эҳтимоли бўлгани учун зоҳирдан четланганлар. У зотнинг бу тарзда йўл тутишлари саҳобалар сони борасида ижтиҳод қилганлари ва гумонлари мана шу миқдорга ғолиб бўлганлигига далолат қилади/ Мулла Али Қорий. Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкотил масобиҳ. -Байрут: “ДКи”,2015. -Б 20.

Read 4382 times

Мақолалар

Top