Мақолалар

Саҳоба ва тобеъинлар намози

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айтишларича, саҳоба Абдуллоҳ ибн Зубайр саждада жуда узоқ қоларканлар. Шунчалик жим туриб қоларканларки, қушлар келиб, у кишининг орқасига қўнаркан. У баъзан сажда ёки рукуъда туни билан тураркан, ғазот-уруш пайтида у намоз ўқиётган масжид деворини ўқ тешиб вайрон қилган экан. Девордан бир парча тош отилиб, Абдуллоҳнинг соқоли ва томоғи ўртасидан ўтган экан. У шунда ҳам намозини қисқартирмабди ва ғазабланмабди. Бир куни у намоз ўқиётганида ўғли Ҳошим унинг ёнида ухлаётган экан. Илон шипдан тушиб, бола атрофида айланибди. Бола уйғонибди ва қичқирибди, барча уй эгалари боланинг атрофига тўпланишибди. Улар шов-шув ва қичқириқлар билан илонни ўлдиришибди. Ибн Зубайр хотиржам ва осойишта намоз ўқиш билан банд экан. Намозни ўқиб бўлиб, хотинига дебди: «Намоз вақтида шов-шув эшитдим, нима бўлди?» Хотин ҳайқирибди: «Аллоҳ сизга раҳм қилсин! Боланинг ҳаёти хавф остида эди, сиз зиғирча ҳам аҳамият бермабсиз».

Абу Талҳа розияллоҳу анҳу бир куни ўз боғида намоз ўқирди. Унинг эътибори шохма-шох юрган қушга тушди, қуюқ барглар орасидан уни тополмади. Бир неча сония кўзлари билан қушни излади ва намоз ракати миқдори ёдидан чиқди. Бу хатосидан ўзига ғазаби зиёда бўлди. Тўғри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб шундай деди: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг бу боғим намозимга нуқсон етишига сабаб бўлди, мен уни Аллоҳ йўлида инъом этаман. Ўзингиз қандай раво кўрсангиз, ундан шундай фойдаланаверинг».

Усмон розияллоҳу анҳу замонида бир ансор билан ҳам шундай воқеа юз берган. У ўз боғида намоз ўқирди. Дарахт шохлари пишган ширадор хурмолар мўл-кўллигидан эгилиб қолганди, бу унинг эътиборини ўзига тортди, мамнун бўлди. Аммо бу ракат миқдорини унутишга сабаб бўлди. Жаҳли чиқиб, уни намоздан чалғитган боғдан воз кечишга аҳд қилди. У Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, боғдан Аллоҳ йўлида фойдаланишини илтимос қилди. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу боғини эллик минг дирҳамга соттириб, пулни Ислом эҳтиёжига сарфладилар. Бу саҳобаларнинг намозга эътиқоди нақадар юксаклигини кўрсатади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу намозга турганларида (ҳузурнинг ҳайбатидан) тахланган либос каби бўлиб қоларканлар. Намоз чоғи уйдагиларнинг гап-сўзини ҳам эшитмас эканлар. Баъзан уйдагилар: «Жим, овоз чиқарманглар, Абдуллоҳ намоз ўқияпти», дейишса, у киши: «Истаганларингизни гапираверинг, мен намоздалик пайтимда гапларингизни эшитмайман», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кўз (пардаси) оғришидан изтироб чекарди. Табиб унга шундай деди: «Даволаш мумкин, фақат эҳтиёт чорасини кўришинг керак. Беш кунлаб ерга мукка тушишдан ўзингни тийиб туришинг лозим. Шу боис саждани адо этишда тахта мосламадан фойдаланишинг мумкин». У деди: «Бунақа бўлиши мумкин эмас, бу аҳволда мен бир ракат ҳам намоз ўқий олмайман. Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: «Бирор кимса билиб туриб хато намоз ўқиса, қиёмат кунида Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дейди: «Бу одамлар савдога муккасидан кетган, аммо улар азонни эшитишлари билан ҳамма нарсани ташлаб, масжид томон шошиладилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам урушдан қайтаётиб, бир жойда тўхтаб тунашга қарор қилдилар. Сўрадиларки: «Бугун тунда бу жойни ким қўриқлайди?» Муҳожир Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва ансор Аббал ибн Бишр ўз хизматларини таклиф этишди. Иккалови қир тепасида душманнинг тасодифий тунги ҳужумига қарши соқчилик қилиб туришди. Аббал Амморга деди: «Кел, навбати билан кузатайлик. Туннинг ярмида сен ухлаганингда мен уйғоқ бўлай, қолган ярмида мен ухлаганимда сен қоровуллик қил». Аммор рози бўлди ва ухлади. Аббал намоз бошлади. Бироқ душман кузатувчиси олисдан қоронғуда белгилаб қўйган экан, унга камон ўқини отди. Уни пайқаб, Аббал қимир этмади, душман унга тегмади, деб ўйлаб, яна ва яна ўқ отди. Аббал ҳар бир ўқни олиб, эгасига қайтариб отаверди, ниҳоят ҳамроҳи уйғониб қолди. Душман улар иккаловини бирга кўргач, у ерда улар кўпчилик бўлишса керак, деб қочиб қолди. Аммор Аббалнинг уч жойидан қон оқаётганини пайқаб қолди ва: «Субҳаналлоҳ! Нега мени эртароқ уйғотмадинг?» деди. Аббал жавоб берди: «Намозда «Каҳф» сурасини ўқий бошлаган эдим. Мен унинг қисқа бўлишини ёқтирмасдим, аммо менга учинчи марта ўқ узилганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хавфсизликларига менинг ўлимимнинг катта алоқаси борлигини билдим. Шунинг учун намозни тамомлаб, сени уйғотдим. Бироқ ана шу ҳайиқиш бўлмаса, мени ўлдириб қўйишганида ҳам сурани тамомламай рукуъга бормаган бўлардим»

Изоҳ: Ҳанафий мазҳабига кўра қон оқиши билан таҳорат бузилади, шофеъий мазҳаби қоидасида биноан бундай эмас, Аббал иккинчи қоидага риоя қилган бўлиши мумкин.

Кимдир Халаф ибн Айюбдан: «Намоз вақтида пашшалар ғашингизга тегмайдими?» деб сўради. У шундай жавоб қилди: «Ҳатто гуноҳкор бандалар ҳукмдорнинг қийноқларига бардош берадилар, уларнинг бу бардошлари, чидамлиликларига тасанно. Нега мен Хожам ҳузурида туриб, арзимас пашшаларнинг хархашасига безовта бўларканман?»

Муслим ибн Йасир намозга турганида ўз оила ­аъзоларига дер экан: «Сизлар суҳбатлашаверинглар, нима гапирганларингни мен билмасам бўлди». Бир куни у Басранинг жомеъ масжидида намоз ўқирди. Масжид деворининг бир бўлаги йиқилиб тушди, ҳамма жонини қутқариш учун қочиб қолди, бироқ у (Ибн Йасир) шовқинни ҳам эшитмади.

Хотами Асом розияллоҳу анҳудан «Намозни қандай ўқийсиз?» деб сўраганларида, у зот бундай жавоб қилган эканлар: «Намоз вақти яқинлашганида яхшилаб таҳорат оламан, намоз ўқийдиган жойимга бориб ўтираман, ақлимни жамлаб, кейин намозга тураман. Каъбани икки қошим ўртасида, Сирот кўпригини оёғим остида, жаннатни ўнг томонимда, жаҳаннамни чап тарафимда, ўлим фариштасини тепамда тасаввур этиб, қўрқув ва умид билан оламлар Рабби ҳузурида тураман. Тафаккур қилиб такбир айтаман, оғир-оғир ва маъносини ўйлаб Қуръон ўқийман, тавозуъ билан рукуъ қиламан, хушуъ билан саждага бораман. Ўнг оёғимни тик қилиб, чап оёғим устига ўтираман, намозимни ихлос ва самимият билан адо этишга ҳаракат қиламан».

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
“Мўминнинг меърожи” китобидан

 

Read 3808 times

Мақолалар

Top