Мақолалар

Бир саволга ўн жавоб

Бир гуруҳ хаворижлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг:

أنا مدينة العلم وعلي بابها

«Мен илмнинг шаҳриман, Али эса, унинг дарвозасидир» деган ҳадисларини эшитгач, бунга ишонолмай шубҳага боришди. Улар ўзаро келишиб, Али (розияллоҳу анҳу)ни имтиҳон қилмоқчи бўлишди. Бунинг учун, ораларидан ўн кишини танлашди. Уларга: “Ҳар бирингиз алоҳида-алоҳида Али ёнига бориб, ундан айнан битта масалани, яъни “Илм афзалми ёки молми?” деб сўрайсизлар. Агар у ҳар бирингизга бу масала борасида бошқа-бошқа жавоб берса, шунда Муҳаммаднинг сўзи ростлигига ва Алининг олимлигига шак-шубҳа қолмайди”, дейишди.

Шунда улардан бири Али (розияллоҳу анҳу) ҳузурига келиб:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми? – деб сўради.

Ҳазрат Али:

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

Хавориж:

– Қайси далил билан илм афзал? – деди.

У зот:

– Илм Пайғамбарлардан қолган меросдир, – дедилар.

 

У кетгач, иккинчиси келиб, сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

Ҳазрат Али:

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Илм сенга сақловчи ва қўриқчи бўлади, аммо сен молга қўриқчи ва қўрғон бўласан? – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

У ҳам кетгач, учинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

Ҳазрат Али:

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Моли кўп кишининг душмани, илмли одамнинг эса дўсти бисёр бўлади, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

Сўнгра у ҳам кетгач, тўртинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар Али.

– Қайси далил билан илм афзалдир? – сўради хавориж.

– Молни сарфласанг, камаяр, илмни сарфласанг, кўпаяр, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

У ҳам кетгач, бешинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Бадавлат киши бахиллик ва пасткашлик номи билан, илмли одам эса, катталик ва ҳурматлик сифати билан ёдга олинади, – жавоб бердилар.

 

Сўнгра у ҳам кетгач, олтинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – деб жавоб берди у зот.

– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради у.

– Молни ўғридан ҳимоя қилиш зарур. Илмни эса, асрашга ҳожат йўқ. Зеро, ўғри уни ололмас, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

У ҳам кетгач, еттинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – деди у.

– Қиёматда бой одам молидан ҳисоб-китоб қилинади, илмли киши эса, илмидан ҳисоб олинмас, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

Сўнгра у ҳам кетгач, саккизинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Мол кўп турса, эскириб, чириб, йўқ бўлиб кетади, аммо илм қанча кўп турса ҳам, тобора қувват ҳосил қилаверади, – дедилар.

 

У ҳам кетгач, тўққизинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар у зот.

– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради у.

– Мол дилни хира ва қора қилади, илм эса, қалбни нурга тўлдиради, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

 

Сўнгра у ҳам кетгач, ўнинчиси келиб сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол?

– Илм афзал, – дедилар Али.

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Кимнинг моли кўпайса, маст бўлиб, Фиръавндек худоликни даъво қилади, агар илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик билан бандалигини бажо келтиради, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

Шундан таъсирланган хаворижлар ҳазрат Алининг олим эканликларига ва Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ростгўйликларини тасдиқ этиб, мусулмон бўлишди. Шунда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) уларга қарата:

– Мабодо сизлар умрим тугагунча ушбу масала борасида сўрайверсанларингиз эди, ҳар бирингизга бошқа-бошқа жавоб берар эдим, – дедилар.

 

Толибжон ҚОДИРОВ

тайёрлади.

Read 6398 times

Мақолалар

Top