Мақолалар

Фарғонада имомлар ва отинойилар учун семинар ташкил этилди

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Фарғона вилоятининг Бувайда ва Бағдод туманида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар, имом-ноиблари ва отинойилар учун олти кунлик иккинчи давра ўқув-семинари иш бошлади.

Семинар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган. Машғулотлар режа асосидаги дарс жадвалига кўра тренинг, муҳокама ва савол-жавоб тарзида олиб борилади.

Ўқув машғулотлари “Диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун моҳияти”, “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили”, “Марказий Осиёда ёзилган тафсирлар ва уларнинг қўлёзма нусхалари”, “Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик”, “Фиқҳ илмига бағишланган манбалар", "Мовароуннаҳрда ёзилган усулул фиқҳ асарлари”, “Мотуридийлик таълимотида иймон масаласи” каби долзарб мавзуларда малакали мутахассислар томонидан олиб борилмоқда.

– Охирги йилларда мамлакатимизда барча соҳа қатори диний-маърифий йўналишда ҳам изчил ислоҳот ва ўзгаришлар, амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ва моҳиятни кенг оммага етказиш, халқимизни муқаддас динимизга муҳаббат, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида кўп ва хўп хайрли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу маънода диний соҳа ходимларидан катта салоҳият ва маҳорат талаб этилиши ҳам айни ҳақиқат. Ушбу ўқув-семинари ўз вақтида ташкил этилган бўлиб, айниқса, олиб борилаётган машғулотларни отинойилар диққат билан тинглаб бормоқдалар. Бу эса диний соҳа вакилларининг аҳоли ўртасида фаоллигини ошириш, халқимиз, хусусан, ёш авлодни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш ҳамда соф Ислом таълимотларини етказишда ўз самарасини беради, – дейди вилоят бош отинойиси Ҳ.Комилова.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2640 times

Мақолалар

Top