Мақолалар

Онага хизмат қилиш савобининг буюклиги

حدثنا سعيد بن أبى مريم قال: أخبرنا محمد بن جعفر بن أبى كثير قال: أخبرني زيد بن اسلم عن عطاء بن يسار عن بن عباس: أنه أتاه رجل فقال: “أنى خطبت امرأة فأبت أن تنكحني وخطبها غيرى فأحبت أن تنكحه فغرت[1] عليها فقتلتها فهل لي من توبة” قال: “أمك حية” قال: “لا” قال: “تب إلى الله عز و جل وتقرب إليه ما استطعت” فذهبت فسألت بن عباس “لم سألته عن حياة أمه” فقال: “أنى لا أعلم عملا أقرب إلى الله عز و جل من بر الوالدة”.

Бизга Саъид ибн Абу Марям ҳадис айтди: Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Абу Касир хабар берди, – деди. У бизга: Зайд ибн Аслама Ато ибн Яссордан у Ибн Аббосдан (р.а)дан шундай хабар берди. “Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)нинг олдиларига бир киши келиб: “Мен бир хотинга совчи қўювдим. У менга тегмоқликдан бош тортди. Ўша хотинга мендан бошқа совчи қўювди, яхши кўриб тегмоқчи бўлди. Унга рашк қилиб у хотинни ўлдириб қўйдим. Энди тавба қилсам бўладими?” – деб сўради. Абдуллоҳ ибн Аббос ундан: “Онанг тирикми?” – деб сўради. У: “Йўқ”, – деди. Абдуллоҳ ибн Аббос унга: “Ундай бўлса Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва унга (Аллоҳга) тоқатинг етгунча яқин бўл (қурбат ҳосил қил)”, – деди. Ато ибн Ясор айтади: “Ибн Аббоснинг олдига бориб, ундан: Нима учун ундан “Онанг тирикми?” деб сўрадингиз?”, – дедим. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Мен Аллоҳ азза ва жаллага онага яхшилик қилишдан кўра яқинроқ бўлган амални билмайман”, – деди”.[2]

Абдулоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб – 619 м.й.да Макка шаҳрида таваллуд топган, 686 м.й.да Тоифда вафот этган. Машҳур саҳобий, умматнинг етук муфассири,  фақиҳ олими, ундан 1160 дона ҳадис ривоят қилинган.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Аъто ибн Яссор буюк саҳобий – Абдуллоҳ ибн Аббос р.а. ҳузурида у зот билан бўлган воқеани сўзламоқдалар. Қотилликдек улкан бир гуноҳга қўл урган киши қилиб қўйган ишидан пушаймонлигини айтиб, тавба қилишга имкон бор-йўқлигини сўраб бу умматнинг олими Абдуллоҳ ибн Аббос ҳузурига келдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос ундан: “Онанг тирикми?” – деб сўради. У эса: “Йўқ”, – деб жавоб берди.

Яъни, инсон онасининг тириклиги у учун улкан имкониятлардан бири экан. Ана шу имкониятлардан бири, агар инсон адашиб гуноҳ амални қилиб қўйган бўлса, унинг ҳаққига Аллоҳ таолога астойдил дуо қилиб мағфират сўрайдигани ягона инсон бўлар экан. У ҳам бўлса ОНА! Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос ундан “Онанг тирикми?” – деб сўрадилар. У кишининг онаси вафот этиб кетганлигини билганидан кейин унга: “Ундай бўлса Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва унга (Аллоҳга) тоқатинг етгунча яқин бўл (қурбат ҳосил қил)”, – дедилар. Яъни, онанг дунёдан ўтган бўлсалар, энди ўзинг учун ўзинг чин ихлос ила ибодат ва зикрлар қилиб қилиб қўйган ишинг учун Аллоҳ таолодан мағфират сўрагин. Агар тавба-ю истиғфорлар ҳақиқий, ибодату муножатлар холис бўлса, сенга ҳам қилган гуноҳинг учун мағфират бордир, дедилар.

“Ато ибн Ясор айтади: “Ибн Аббоснинг олдига бориб, ундан: Нима учун ундан “Онанг тирикми?” деб сўрадингиз?”, – дедим.”

Воқеага гувоҳ бўлиб турган Ато ибн Яссор; у киши гуноҳ қилиб қўйиб, мағфирати учун шариатда бирор йўл борми, деб келса-ю, сиз ундан “Онанг тирикми?” деб сўрайсиз, деган мазмунда Ибн Аббосни сўроққа тутди. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Мен Аллоҳ азза ва жаллага онага яхшилик қилишдан кўра яқинроқ бўлган амални билмайман”, – деб жавоб бердилар.

Яъни, онаси тирик бўлиб, фарзанди ҳаққига дуо қилган бўлса, одам ўлдиришдек катта гуноҳ бўлса ҳам, Аллоҳ таоло ўз фазлу карами билан ундай гуноҳкор кишини авф  қилишидан умид қилса бўлади.

Дарҳақиқат, инсон онасига яхшилик қилиш билан ҳам Аллоҳ таолонинг буйруғини бажарганлик савобига етади, ҳам ўз ҳаққига онаи меҳрибонининг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақбул бўлган дуоларини олади. Онага яхшилик қилиш билан ҳар бир киши тавфиқ ва ҳидоятга ҳамда икки дунё яхшиликларига етади.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилинган ушбу ривоятни ҳадис тўпламига киритишининг ўзига яраша сабаблари бор албатта. Чунки, саҳобий бирор масала юзасидан ҳукм чиқардими, демак, унинг бу ҳукмга ҳадисдан далили бор, акс ҳолда билмаслигини айтиб ҳукм сўраган кишини ортга қайтарар эди. Мазкур ривоятнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган санади ҳам мавжуд;

Абу Умар ал-Қасибийдан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: Эй Расулуллоҳ! Мени агар бажарсам Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган бирор амалга бошқаринг, – деди. Расулуллоҳ: Онанг ва отанг борми? – дедилар. У киши: Ҳа, – деб жавоб берди. Расулуллоҳ: “Сени ота-онангга қиладиган (озгина) яхшилигинг бу ишда кифоя қилади,” – дедилар.[3]

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Кишининг ўзи истаган аёлига уйланиш мақсадида совчи қўйишнинг мумкинлиги.
  2. Аёл тегишни истамаса рад жавобини беришга ҳаққи борлиги.
  3. Аёлга бўлган қаттиқ муҳаббат ва рашк инсонни гоҳо хатарли ишларга бошлаши ҳам мумкин эканлиги.
  4. Онанининг розилигини отанинг розилигидан олдинга қўйиш.
  5. Оналар хизматини қилиб, дуосини олиш билан инсон гуноҳларини мағфират бўлишини мумкинлиги.
  6. Оғир гуноҳ қилган кишига ҳақиқий тавба (ат-тавбату-н-насуҳа)га ва зикр ҳамда ибодатлар билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга интилишни насиҳат қилиш.
  7. Она хизмати инсонни Аллоҳ таолога яқин қиладиган улуғ ибодатлардан бири эканлиги.

 

Қобилов Нодир Сиддиқович

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Read 2858 times

Мақолалар

Top