Мақолалар

Гуноҳларим тўкилсин десанг...

Эй, фарзанд! Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат этадилар: «Ким бир мўмин биродарини Аллоҳ розилиги учун зиёрат этиб, қўл ушлашиб уч бора силкитиб кўришса, кузги дарахт барглари тўкилгандек, ҳар икковининг гуноҳлари тўкилади». Яна бир ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат этадилар: «Зарур ҳолда мўмин биродарининг зиёратидан узоқ бўлган ва жамоатни тарк этган Аллоҳнинг раҳматидан ҳам узоқ қолади». «Керак вақтда мўмин биродарининг зиёратида бўлмаган киши мени ранжитган бўлади». Ҳазрати Умар (р.а.) марҳамат этадилар: Расулуллоҳдан (с.а.в.) зиёратга муносиб вақтларни сўрадим. Менга шундай дедилар: “Эй, Умар! Эрталаб ва аср вақтларида зиёратда бўлмоқни менга Маккаи Мукаррамадаги пайтимда Жаброил алайҳиссалом ўргатдилар. Бир кун биродарини Аллоҳ розилиги учун зиёрат этган киши Ҳизр алайҳиссаломни зиёрат этган кабидир”. Мўминлар бир-бирини зиёрат этишларининг савоб ва фазилатларини санаб адо қилиб бўлмайди. Ҳар хил баҳоналар билан зиёратдан қочмаслик керак. Чунки уч тоифа инсон Аллоҳ таоло жамолини кўрмоқдан маҳрум қолади:
1. Танбал кишилар..
2. Кибрлилар ва худбинлар.
3. Беҳуда, бефойда нарсалар билан ўралашувчилар, сир сақлашни билмайдиган эзма, вайсақилар.
Эй, фарзанд! Асло мусофаҳа (қўл ушлашиб кўришиш)ни тарк этма Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат этадилар: “Учрашган мўмин биродари билан мусофаҳа этмоқ (қўл ушлашиб кўришмоқ)дан қочган (ўзини тортган) киши биздан эмас”.
Мусофаҳа пайтида марҳумларни, мўмин-мусулмонларни дуо қилиш керак. Пайғамбаримизга (с.а.в.) алоҳида саловат айтиш лозим.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "Айюҳал валад" асари асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3329 times

Мақолалар

Top