Мақолалар

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг гўзал таъриф” танловида ғолиб бўлган таърифлардан намуналар

У зот фақат Арабистон яриморолига ёки Осиё қитъасига эмас, балки бутун оламларга раҳмат эдилар!

У зот алайҳиссаломнинг раҳматликлари ҳатто мунофиқларгача етарди.

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши эр, энг яхши ота, энг яхши амакивачча, энг яхши ўғил, энг яхши дўст, энг яхши биродар ва энг яхши Набий ва Расул эдилар!

Икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига энг кўп қайғурган Пайғамбар эдилар!

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг гаплари: «Мусулмон бўлганимдан кейин у зотнинг кўзларига, юзларига тикилиб қарай олмаганман».

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг гаплари: «Ҳаётлигингизда қандай ёқимли, гўзал бўлган бўлсангиз, вафотингиздан кейин ҳам шундай ёқимли, гўзалсиз».

Илк қабр унинг устидан очиладиган, шафоат изни бериладиган ва жаннат эшиги ҳалқасини илк қимирлатадиган зот.

Қуръонда мақталган барча сифатлар ила зийнатланган, Қуръонда ёмонланган барча иллатлардан энг узоқ турган зот.

У зот алайҳиссаломнинг раҳматликларини ифода этган мана бу воқеани келтирсам. Мунофиқларнинг раиси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ўлганда, у зот унинг жанозасига бормоқчи бўлганлар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу келиб, «Мунофиқларнинг раисига жаноза ўқийсизми, эй Расулуллоҳ?» деб, йўлларини тўсганларида, севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга (мунофиқлар ҳақига истиғфор айтиш-айтмаслик борасида) ихтиёр берилди. Мен истиғфор айтишни танладим. Агар улар учун етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтсам-у, Аллоҳ уларни кечиришини билганимда, кўпроқ айтган бўлардим. Шунинг учун йўлимни бўшатиб қўй, эй Умар!» деганлар.

Нозимжон Иминжонов

Read 2882 times

Мақолалар

Top