Мақолалар

Юртбошимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида тараққиётимизнинг устувор йўналишлари ва соҳаларда олиб борилиши зарур бўлган ислоҳотлар аниқ равшан белгилаб берилди.

Ушбу Мурожаатномада Президентимиз томонидан 2019 йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номлаш таклифи берилди ҳамда ушбу йилда ижтимоий соҳани ривожлантириш учун амалга ошириладиган ишларни алоҳида қайд этиб ўтилди.

Мазкур масалалардан энг муҳими бўлган илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштиришдир.

Дарҳақиқат, билим инсонларни камолотга, саодатга етакласа, жамиятни тариққиётга етаклайди. Инсоннинг дунё ва охиратда азизлиги илм билан эканлиги айни ҳақиқат. Шу боис, муқаддас Ислом дини доимо инсонларни илм олишга ва ўрганишга даъват қилиб келган.

Қолаверса, болаларга ёшлигидан билим бериш, илм ўргатиш зарурлигига алоҳида урғу бериб, “Бешикдан то қабргача илм изла”, “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир” каби ҳадис ва ҳикматлар бежизга айтилмаган.

Президентимиз томонидан ҳам айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, таълим соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизими принципига асосланиши, яъни, таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозимлиги, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини бугунги 34 фоиздан 2019 йилда 44 фоизга етказиш режалаштирилганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, ўрта таълим мактабларида ҳам ўқувчиларимизни мустаҳкам билим олишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш, моддий-техника базасини кучайтириш ва хусусий мактабларни ташкил этишга ҳам алоҳида урғу берилди.

Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш ўтган даврда 9-10 фоиз даражасида бўлиб келаётган эди. Сўнгги икки йилда ушбу кўрсаткич 15 фоизни ташкил этганини эътироф этилди.

2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда мазкур кўрсаткични ошириб бориш–муҳим вазифалардан бири эканлиги Юртбошимиз томонидан қайд этиб ўтилди.

Ҳақиқатдан ривожланган мамлакатларда ушбу кўрсаткичлар 50-60 %га етганлигини кўришимиз мумкин. Қолаверса, жамиятимизда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, диний таълим соҳасида ҳам узлуксиз таълим тизими принциплари асосида қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Яқин кунларга қадар юртимизда биргина Тошкент ислом институти диний олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугун кунга келиб Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир араб олий мадрасаси, Ҳадис илми олий мактаби каби олий таълим муассасалари ташкил этилиб, фаолият юритиб келмоқда.

Шунингдек, диний соҳа вакилларини ҳам олий таълимдан кейинги босқич магистратура, докторантурада фаолият юритишлари, илмий изланишлар олиб боришлари учун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳамда Ислом цивилизацияси марказларида турли илмий йўналишлар ва факулътетлар ташкил этилди.

Бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган талабаларга хорижнинг машҳур олий таълим даргоҳларида ўқишни давом эттириш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Мисрнинг “Ал-Азҳар” университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш эндиликда энг асосий вазифамиздир.

 

      

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти мудири

Read 3083 times

Мақолалар

Top