Мақолалар

Охиратдаги гувоҳлар

Агар инсон одамларнинг кўзидан яшириб, беркитиб, уйининг ичига кирволиб, деразаларига қора пардаларни тўсиб, гуноҳ содир этса ҳам, шу гуноҳига қиёмат куни 4 та нарса гувоҳликка беради.

Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга билдирмай қилаётган гуноҳимиз учун ҳам охиратда тўрт нафар гувоҳлар бизга қарши гувоҳликка ўтадилар.

1-гувоҳ: Биз гуноҳ қилаётган ер, жой.

Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони Каримда шундай деган:

يَوْمَئِذٍ تُحَدِّثُ أَخْبَارَهَا

“Ўша кунда у(ер) ўз хабарини айтадир” (Залзала сураси, 4-оят).

Биз бир квадрат метр жойда гуноҳ қилганмизми, даҳлизда гуноҳ қилганмизми, ҳаммомда гуноҳ қилганмизми, ҳаммасини айтиб беради.

2-гувоҳ: Елкамиздаги фаришталар.

Елкамиздаги фаришталар бизнинг барча амалларимизни ва сўзларимизни ёзиб боришяпти.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَإِنَّ عَلَيْكُمْ لَحَافِظِينَ كِرَاماً كَاتِبِينَ يَعْلَمُونَ مَا تَفْعَلُونَ

“Ҳолбуки, устингиздан кузатиб турувчилар бордир. Улар ҳурматли, ёзиб тургувчилардир. Улар нима қилаётганингизни биладир” (Инфитор сураси, 10-12-оятлар).

Бошқа бир оятда бундай деган:

إِذْ يَتَلَقَّى الْمُتَلَقِّيَانِ عَنِ الْيَمِينِ وَعَنِ الشِّمَالِ قَعِيدٌ مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

“Зотан икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир” (Қоф сураси, 17-18-оятлар).

3-гувоҳ: Номаи аъмолимиз.

Номаи аъмолимиз (амаллар дафтаримиз)га ҳар бир сўзимиз, қилган ишимиз ёзиб борилмоқда. Ана шу китоб қиёмат куни бизга берилади. Баъзиларга ўнг тарафидан, баъзиларга чап тарафидан, айримларга орқа томонидан берилади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда китоби ўнг тарафдан бериладиганлар ҳақида шундай деган:

فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ فَيَقُولُ هَاؤُمُ اقْرَؤُوا كِتَابِيهْ إِنِّي ظَنَنتُ أَنِّي مُلَاقٍ حِسَابِيهْ

“Бас, кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, у, мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар... Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим, дейдир” (Ал-Ҳааққаҳ сураси, 19-20-оятлар).

Китоби чап тарафдан бериладиганлар ҳақида бундай деган:

وَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِشِمَالِهِ فَيَقُولُ يَا لَيْتَنِي لَمْ أُوتَ كِتَابِيهْ وَلَمْ أَدْرِ مَا حِسَابِيهْ يَا لَيْتَهَا كَانَتِ الْقَاضِيَةَ مَا أَغْنَى عَنِّي مَالِيهْ هَلَكَ عَنِّي سُلْطَانِيهْ

“Ва аммо кимнинг китоби чап тарафдан берилса, у, вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди. Ва ҳисоб-китоб қандоқлигини билмасам эди. Қани (бу дунёдаги ўлим) охиргиси бўлса эди. Молу мулким мени сақлаб қола олмади. Менинг султоним ҳам ҳалок бўлди, дейдир”. (Мулку султоним, мансабу обрўйим, насабу хасабим ҳамма ҳаммаси ҳалок бўлди.) (Ал-Ҳааққаҳ сураси, 25-29-оятлар).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда номаи аъмолнинг гувоҳ бўлиши ҳақида шундай марҳамат қилган:

وَكُلَّ إِنسَانٍ أَلْزَمْنَاهُ طَآئِرَهُ فِي عُنُقِهِ وَنُخْرِجُ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كِتَاباً يَلْقَاهُ مَنشُوراً اقْرَأْ كَتَابَكَ كَفَى بِنَفْسِكَ الْيَوْمَ عَلَيْكَ حَسِيباً

“Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, унга очилган ҳолда рўбарў бўлур. Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)”. (Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.) (Исро сураси, 13-14-оятлар).

4-гувоҳ: Тана аъзоларимиз.

Инсоннинг тана аъзолари қиёмат куни бу дунёда қилган ишлари ҳақида гувоҳлик беради. Кўз нималарга қарагани ҳақида, қулоқ нималарни тинглагани ҳақида, қўл нималарни ушлагани ҳақида, оёқ қаерларга юриб боргани ҳақида, тил нималарни гапиргани ҳақида, бошқа аъзолар ҳам қаерда нима иш қилгани ҳақида гувоҳлик беради.

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деб марҳамат қилган:

 الْيَوْمَ نَخْتِمُ عَلَى أَفْوَاهِهِمْ وَتُكَلِّمُنَا أَيْدِيهِمْ وَتَشْهَدُ أَرْجُلُهُمْ بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ

“Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур”. (Жиноятчиларнинг оғизлари муҳрлаб қўйилади, бошқа аъзолари шоҳидлик бера бошлайди. Қўли гапиради, оёғи гувоҳлик беради.) (Йасин сураси, 65-оят).

Ҳа, азизлар, бу дунёда бирор муддат тинмаган, бировларга гапириш имконини бермай маҳмадоналик қилган тил у Кунда боғлаб, муҳрлаб қўйилади, унинг ўрнига бошқа аъзолар гапиради.  

Аллоҳ таоло мана шу тўртта гувоҳни қиёмат куни бизга қарши гувоҳликка ўтмайдиган қилиб қўйиши мумкин. Бунинг шарти – тавбадир.

Банда ҳақиқий маънода тавба қилса, истиғфорда бардавом бўлса, Аллоҳ таоло мазкур гувоҳларнинг ёдидан барча гуноҳларни чиқариб юборар экан. Шунда ер ҳам, фаришталар ҳам, номаи аъмолимиз ҳам, тана аъзоларимиз ҳам фақат яхшиликларимиз ҳақида гувоҳлик берар экан.

Шунинг учун ҳар биримиз тавба ва истиғфорга машғул бўлайлик!

Аллоҳ таоло тавбаларимизнинг насуҳ тавба, истиғфорларимизнинг ҳақиқий истиғфор бўлишини насиб этсин, омин!  

 

 

Ёрқинжон домла мавъизалари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Read 3684 times

Мақолалар

Top