Мақолалар

Зилзила пайтида намоз ўқиш қандай амал?

                                   Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Зилзила нима?

Ер пўстида тўсатдан силжиш, синиш ёки ўпирилиш рўй бериши оқибатида вужудга келадиган ва тўлқинсимон тебраниш натижасида узоқларга тарқаладиган ерости силкинишлари ва тебранишлари зилзила дейилади.

Зилзилани олдиндан билиш мумкинми?

Зилзила ҳақида аниқ маълумот берадиган тизим ҳали ишлаб чиқилмаган, шунинг учун ҳам қачон ва қаерда ҳамда қандай кучдаги зилзила рўй беришини олдиндан айтишнинг ҳозирча иложи йўқ.

Зилзила вақтида нима қилиш керак?

Динимизда мусулмон одам Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, шу билан бирга қилган хатоларига доим истиғфор айтиш талаб этилади. Зеро, инсон хатодан холи эмас.  Шундай экан, гуноҳларимиз кўпайиб, тавба ва истиғфорларимиз озайганда Аллоҳ таоло ўзининг қудратини бандаларига Қуёш тутилиши, ой тутилиши ва зилзила орқали кўрсатиб қўяркан. Зилзила ҳақида Тақий Усмоний домат баракотуҳу ўзларининг “Мавсуъатул фиқҳийя” асарининг тўртинчи жилдида  қуйидагича келтирадилар: “Зилзила Аллоҳ таолонинг оят ва аломатларидан ҳамда ноодатий ҳодисаларидандир.

Ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари зилзила содир бўлганда икки ракат намоз ўқиш мустаҳаб эканлигини айтадилар[1]”.

Уламолар бу ҳақда саҳобаи киромлардан ривоятлар борлигини айтадилар. Жумладан, Имом Косоний рaҳимаҳуллоҳ ва Ибн Қудома рaҳимаҳуллоҳлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Басрадалик вақтларида зилзила сабабли намоз ўқиганликларини  нақл қилиб келтирадилар. Имом Нававий рaҳимаҳуллоҳ “Шарҳу Муҳаззаб”да Али розияллоҳу анҳудан зилзила бўлганда намоз ўқиш кераклиги ҳақидаги ривоятни келтирганлар[2].  Имом Косоний рaҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Бу усул қўрқинчли ва даҳшатли ҳодисалар пайтида намоз ўқишлик лозимлигига асослангандир. Қуёш ва ой тутилишида ўқиладиган намозларнинг асоси ҳам шудир”.

Намознинг ўқилиш тартиби

Бу ўқиладиган намоз жамоат бўлиб  эмас, балки танҳо-танҳо ўқилади. Намоздан сўнг дуога жидду жаҳд қилинади. Намоз бошқа намозлардан фарқли бўлмаган ҳолда икки ракат  бўлиб, намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқилмайди.

Юқоридаги маълумотлардан шундай хулоса қилишимиз мумкинки, ер силкиниши, ўта қаттиқ шамол келиши, кучли ёмғир ёғиб, сел оқизиши каби ҳолатлар шунчаки табиий ҳодиса эмас, балки, сизу бизнинг гуноҳларимиз ҳаддан ошгани, Ҳақ таолонинг ибодагига бепарволигимиз, “Беш кунлик дунёда ўйнаб қол” қабилида иш тутишимизнинг аянчли ва хатарли оқибати экани ва бу бизга Ҳақ таолонинг Ўзига қайтиб, тавба ва истиғфорга шошилишимизга илоҳий чақириқ эканлигини ҳам ёдда тутмоғимиз даркор!

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

Ислом ўрта махсус билим юрти

мударриси Абдуғафур Ниязқулов                                  

 

 

[1] Бадоиъус саноиъ. Ж. 1. – Б. 282.

[2] Шарҳу муҳаззаб. Ж. 5. – Б. 55. Ал-Муғний. Ж. 2. – Б. 146.

Read 8963 times
Tagged under

Мақолалар

Top