Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  ходимлари

Бизгача етиб келган тарих китоблари ва саҳиҳ ҳадислардан маълумки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз юмушларини доимо ўзлари бажаришга ҳаракат қилганлар. Аммо, саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларига сазовор бўлиш учун ул зотнинг хизматларида бўлишга ошиққанлар. Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Мухаммадий” асарида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бази юмушларини доимий бажарувчи хос ходимлари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Жумладан, ходимлари ичида энг машҳури ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудир. Мадинага ҳижрат қилиб келган йилдан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот бўлгунларича хизматларида бўлди. Унинг ҳаққида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Эй бор Худоё, Анаснинг мол-жонига бу дунёда барака бергил, охиратда унга жаннат ато қил, — деб дуо қилдилар. Дуолари қабул бўлиб, мол-жонига барака кириб дунёси кўпайди, ўлганида ёлғиз ўзидан туғилган болалари эрса бир юз олтита бўлган эди. Ўзи бир юз йигирма йил умр кўрди.

Иккинчиси, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эрур. Маккада турганларидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиб, ҳеч ажрамас эди. Билмаган кишилар шу оиладан деб ўйлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвокларига, ковушларига эга эди. Таҳорат олишда мисвокларини, турганларида ковушларини тайёрлаб, юрганларида асо кўтариб, олдиларида йўл бошлар эдилар.

Учинчи хизматчилари Муайқиб Давсий розияллоҳу анҳу эрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳр шарифларини сақламоқ учун бу кишига топширмиш эдилар.

Тўртинчилари, Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудур. Бу киши эрса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хачирлари Дулдулни боқиш, кутиш вазифасида эди. Сафарда, ҳазарда уни етаклаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни миндириш, тушириш хизматини бажарур эди.

Бешинчилари,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари ҳазрати Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу эрур. Бу эрса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари устидаги сарф, нафақа ишларига ёрдамлашур эди. Ҳижратнинг 8-йили Макка фатҳ бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрлари билан Каъбатуллоҳ ўгизасига (устига) чиқиб, Макка шаҳрида биринчи азони Муҳаммадийни айтган одам шул кишидур. Ҳижратнинг 20- йили олтмиш олти ёшда Шом шаҳрида вафот топди. “Арабнинг афзали мендурман, Ҳабашнинг афзали Билолдур”, деган ҳадис шул киши ҳақида келмишдур.

Яна бир ходимлари Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу эрур. Бу киши эрса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келгандан кейин тўртинчи бўлиб Исломга кирган, сўфийлик, қаттиқ тарки дунё қилган улуғ саҳобалардан эди. Дунё тўплаган кишиларнинг ҳеч биридан рози бўлмай: “Уч кунлигидан ортиғини муҳтожларга бўлиб бериш керак”, дер эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан илгари бутга топинмаган, ҳақ дин излаган киши эрди. Мунинг мазҳабида ҳар бир мусулмон одамга кундалик овқатига қаноат қилиб, ортиғини муҳтожларга бериш фарздур. Хазина қилиб сақлаб қўйиш ҳаромдур. Шунинг учун Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа вақтида Шом волийси Муовия билан бир масала устида хилоф чиқиб тортишувлар бўлди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ювошлигидан, қариндошчанлигидан фойдаланиб, Муовия бошлиқ Бани Умайя раисларига бу сўз оғир келганликдан Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу тарафидан чақирилиб Мадинага келгач, яна шу ҳақда ўз сўзини қувватлаб бу фикрдан қайтмади. Сўнгра Абу Зар розияллоҳу анҳунинг халққа кўп аралашмаслигини маслаҳат қилиб, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Мадинадан уч манзил узоқликда бўлган Рабаза деган киши йўқ ерга сургун қилди. Саҳобалар орасида фитна қўзғалди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни шаҳодатларига сабаб бўлган ишларнинг бириси шул эди.

Ҳижратнинг 9-йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом тупроғига яқин Табук ғазотига чиқмиш эдилар. Шунда Абу Зар розияллоҳу анҳунинг минган туяси чарчаб аскар ортида қолди. Юришга ярамаганликдан қуролларини осиниб, юкини елкасига қўйиб йўлга тушди. Унинг келаётганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йироқдан кўриб: — Бечора Абу Зар, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади, — дедилар. Шунинг устига Кўфадан келаётган Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бошлиқ бир жамоа киши келиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Эй Абу Зар, сенинг жанозангни мўминлардан бир жамоа киши ўқийди, — деган эдилар. Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, Рабазага сургун бўлиб, шу жойда ёлғизликда вафот топади. Яна ул зот айтганларидек, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу имом бўлиб, шул жамоа жанозасини ўқиди. Расулуллоҳ йигирма неча йил илгари Абу Зар розияллоҳу анҳу ҳақида ғайбдан хабар айтган мўъжиза сўзлари деганларидек тўғри чиқди.

        

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3980 times

Мақолалар

Top