Мақолалар

Олимлар аниқлашди: ёлғиз таомланиш зарарли...

Ҳар бир жонли мавжудот сингари инсон ҳам яшаш учун озиқланади ва бу орқали сарфланган куч манбасини қайта тиклайди. Ҳайвонлардан фарқли ўлароқ инсон таомланишда ҳам ўзига хос одобларга риоя этади. Илм-фаннинг сўнги тадқиқот натижаларига кўра овқатланишда фақатгина одобнинг ўзи камлик қилар экан.

Жанубий кореялик олимлар маълумотларни таҳлил қилиш йўли билан четдан қараганда қулай ва безарар кўринувчи ёлғиз танавул қилиш ҳолати аслида ўзида яширин хавфни акс эттиришини аниқлади. Мазкур хавф яширин бўлса-да, аммо баъзи тана қисмларида вақт ўтиши билан сезила бошлайди. Нонушта, тушлик ва кечликни ёлғиз тановул қилиш метаболизм синдроми хавфини келтириб чиқаради. Бу синдром эса инсон организмида ортиқча ёғ тўпланишига олиб келар экан. Мазкур хулосага келиш учун олимлар 7752 нафар кўнгиллилар ўртасида сўровнома ўтказади.              Сўровнома иштирокчиларидан уларнинг нима сабабдан ёлғиз овқатланиши ва бу ҳол қанчалик тез-тез такрорланиши сўралган. Шунингдек, уларнинг тана вазни ҳақидаги маълумотлар ўрганилган. Шу тарзда ёлғиз тамадди қилувчилар “метаболизм синдроми”га чалингани аниқланган. Мазкур синдром асосан эркакларда (64 фоиз) кўп учраши маълум бўлди. Аёлларда эса бу кўрсаткич уч марта камроқ учрар экан. Мунтазам ёлғиз таомланиш натижасида инсон марказий нерв ҳужайраларида ҳам ноқулай ҳолатлар вужудга келиши мумкин. Айниқса бундай тоифадаги инсонлар асаб билан боғлиқ касалликларга мойил бўлиш эҳтимоли юқори. Психологларнинг таъкидлашича ёлғиз тамадди қилувчиларда эгоистик кайфият яъни худбинлик характери ривожланиб борар экан. Кўпчилик бўлиб, оила, дўстлар, қариндошлар ва яқинлар даврасида таомланиш ва бундан роҳатланиш орқали инсон танасида серотонин – “бахт гормони”,  эндорфин – “бахтиёрлик ёки хурсандчилик гормонлари”, окситотсин — меҳр ва муҳаббат гормони ҳамда вазопрессин – ишонч гормонлари фаол ишлаб чиқарилар экан. Шунингдек, жамоавий овқатланиш асабийликни камайтириши ҳам олимлар томонидан ўз исботини топди.  Яна бир муҳим маълумот – кўпчилик бўлиб таомланиш оилавий ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлайди ва болаларда соғлом овқатланиш одатларни шакллантиради. Таъкидлаш жоизки юқоридаги илмий таҳлиллар 21 асрга келиб ўз исботини топди. Аммо, мусулмонлар учун жамоавий яни кўпчилик бўлиб таомланиш одати қадриятга айланган десак муболаға бўлмайди. Чунки севикли Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан сал кам бир ярим минг йил аввал ўз ҳадиси шарифларида: “Бирга таомланинглар, якка холда эмас жамоатда барака бор” дея таъкидлаганлар.

Анас ибн Молик айтадиларки: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳеч ёлғиз овқатланмас эдилар”. Шу маънодаги бошқа бир ҳадиси шарифларида эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Таомнинг яхшиси кўпчилик билан баҳам кўрилганидир”, дея биз мусулмонларга иймонимиз ва саломатлигимиз учун жуда фойдали бўлган таълимни берганлар.

Мақола интернет ва тиббиётга оид манбалар асосида тайёрланди.

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3541 times

Мақолалар

Top