Мақолалар

Тақдирни рад этиш

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
             Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
 Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло деди:

«Албатта, Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик»

(Қамар сураси, 49).

Ибн Жавзий тафсирларида бу оятнинг нозил бўлиш сабаби хусусида икки хил гап борлигини айтганлар: Биринчиси, Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тақдир ҳақида тортишганлар. Шунда мазкур оят нозил бўлган (Муслим ривояти). Абу Умома розияллоҳу анҳу: «Бу оят қадариялар хусусида», деганлар. Иккинчиси, Нажрон епископи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад, гуноҳлар ҳам тақдир-қадар билан содир этилади, деб даъво қиласан. Бундай эмаску», деди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди: «Албатта, жиноятчи-осий кимсалар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар. Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): «Дўзах азобини тотиб кўринглар!» (дейилур). Албатта, Биз ҳар бир нарсани аниқ ўлчов-қадар билан яратдик» (Қамар сураси, 47–49).

«Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратганку!»(Вас-соффот сураси, 96).

Ибн Жарир айтганларки, бу оятни икки хил тушуниш мумкин. Аллоҳ сизларни ва амалларингизни яратган ёки Аллоҳ сизларни ва ясаб олган бутларингизни яратган. Бу оят бандаларнинг ишлари махлуқ эканига ҳужжатдир. Аллоҳу аълам. «Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган Зотга қасамки…» (Ваш-шамс сураси, 8). Саид ибн Жубайр айтганлар: «Аллоҳ нафсга фужурини ҳам, тақвосини ҳам юклаб қўйди». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Қадар-тақдир йўқ, ишлар энди содир бўлади –улар тақдир қилинмаган», деб даъво қиладиган қавм ҳақида: «Агар уларга йўлиқсанг, мен улардан бегоналигимни, улар мендан бегона эканликларини уларга айтиб қўй. Мабодо улардан бирининг Уҳудчалик тилласи бўлсаю, уни инфоқ қилса, то қадарга иймон келтирмагунича Аллоҳ уни қабул қилмайди», дедиларда, сўнг Жаброил алайҳиссалом ҳадисини зикр қилдилар. Жаброил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Иймон нима?»

деб сўраганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига, яхшилик ва ёмонлик қадардан эканига ишонмоғинг!» дея жавоб берганлар (Муслим ривояти).

Аллоҳга иймон келтириш – Аллоҳ таоло мавжуд, улуғ ва мукаммал сифатлар билан сифатланган нуқсонлардан пок, ёлғиз, беҳожат, барча махлуқотларни яратган, улар устида хоҳлаганидек тасарруф этадиган ва Ўз мулки-салтанатида истаган нарсасини қиладиган зот, деб тасдиқлашдир. Фаришталарга иймон келтириш уларни Аллоҳнинг бандалари деб тасдиқлашдир.

«…Йўқ (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни, Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар). Улар (Аллоҳнинг) амр-фармони билангина амал қилурлар. У зот уларнинг олдиларидаги (қиладиган) ва орқаларидаги (қилиб ўтган) барча ишамалларини билур. Улар (Қиёмат қойим бўлган Кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – қўллай олурлар. Уларнинг ўзлари (Аллоҳдан) қўрқиб хафву хатарда турурлар» (Анбиё сураси, 26–28).

Китобларга иймон келтириш – Аллоҳ таоло Ўзининг танлаб олган элчиларига ваҳий қилган каломини тасдиқлашдир. Бу каломлар жамланиб, девон қилиниб, покиза саҳифалар ва қийматли китобларга айланган. Мўмин улардан билганига батафсил, билмаганига умумий суратда иймон келтиради. Пайғамбарларга иймон келтириш – уларнинг Аллоҳ таоло номидан берган хабарларига ишонишдир. Аллоҳ уларни ростгўйликларига далолат қиладиган мўъжизалар билан қўллаб қувватлаган, улар Аллоҳнинг рисолатини етказганлар, мукаллаф бандаларга Аллоҳнинг буйруқларини баён қилиб берганлар. Уларни эҳтиром қилиш ва улардан биронтасини ажратиб қўймаслик вожиб бўлади. Охират кунига иймон келтириш – Қиёмат кунини ва у кунда рўй берадиган қайта тирилиш, маҳшаргоҳга тўпланиш, ҳисоб-китоб, мезон, пульсирот, жаннат ва дўзах, бу иккиси муҳсинларга савоб, нобакорларга жазо диёри эканини ва булардан бошқа саҳиҳ нақлда келган нарсаларни тасдиқлашдир. Тақдирга иймон келтириш қуйидаги ояти карималар ифодалайдиган маʼнолаларни тасдиқлашдир: «… Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратганку!»(Вас-соффат сураси, 96).

«Албатта, Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратгандик» (Қамар сураси, 49).

«На ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (этса), Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид сураси, 22).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Билгинки, агар сенга бирон нарсада фойда бериш учун бутун уммат тўпланса ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган нарса билангина фойда беради. Агар сенга бирон зарар етказиш учун тўпланса ҳам, фақат Аллоҳ таоло ёзиб қўйган нарса билангина зарар етказади. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган» (Термизий ривояти).

Салафлар ва халаф имомларининг мазҳаби-фикри шуки, кимда-ким бу ишларни ҳеч шубҳаланмасдан ва иккиланмасдан қатъий тасдиқласа, мўмин бўлади. Бу тасдиқ ёрқин ҳужжатлар орқали бўладими ёки қатъий эътиқодлар ёрдамидами, фарқи йўқ. Валлоҳу аълам. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ махлуқотлар тақдирини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйган» (Муслим ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши: «Ё Расулуллоҳ, бугунги амаллар нимага боғлиқ? Қаламлар қуриб, тақдирда белгиланган нарсагами ёки биз энди қиладиган, энди содир бўладиган нарсагами?» деб сўради. «Қаламлар қуриб, тақдирда белгиланган нарсага боғлиқ», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. «Унда амал қилишнинг нима кераги бор?» деб сўраган эди, «Амал қилинглар, ҳар бир киши муяссар бўлгувчидир», дедилар Набий. (Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир нарса қадар-тақдир биландир. Ҳаттоки ожизлик ва зийраклик ҳам»

(Аҳмад ва Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қадариялар ва муржиалар бу умматнинг мажусийларидир. Агар улар касал бўлсалар, зиёрат қилманглар ва агар ўлсалар, (жанозаларида) қатнашманглар» (Табороний ривояти).

Ривоят қилишадики, Аллоҳ қиёмат кунида аввалгилару охиргиларни тўплаган вақтда бир жарчига буюради, у: «Аллоҳнинг хусуматчилари қани?» деб нидо қилади. Бу нидони аввалгилару охиргилар эшитади. Шунда қадариялар ўринларидан турадилар ва уларга дўзахга кириш буюрилади. Аллоҳ таоло айтади: «Дўзах азобини тотиб кўринглар. Албатта, Биз ҳар бир нарсани аниқ ўлчов – қадар билан яратдик». Аллоҳ бандага маъсият-гуноҳ ишни тақдир қилиб, сўнг у сабабли азоблаши жоиз эмас, деб тортишганлари учун уларга: «Аллоҳнинг хусуматчилари», дейилади. Ривоят қилинадики, Аллоҳ қайси пайғамбарни юборган бўлса, унинг умматида қадариялар ва муржиалар бўлган. «Аллоҳ етмишта пайғамбар тилида қадария ва муржиаларни лаънатлади». Хабарда келтирилишича, «Қадариялар бу умматнинг мажусийларидир». Яна айтиладики: «Ҳар бир умматнинг мажусийлари бўлади. Бу миллатнинг мажусийлари эса тақдир-қадар йўқ, ишлар энди содир бўлади, деб даъво қиладиган кимсалардир».

Ҳасан Басрий ҳазратлари айтганлар: «Аллоҳга қасамки, агар бир қадарий арқондай бўлиб қолгунча рўза тутса, сўнг симдай бўлиб қолгунча намоз ўқиса ҳам, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан улоқтиради. Кейин унга: «Дўзах азобини тотиб кўр. Албатта, Биз ҳар бир нарсани аниқ ўлчов – қадар билан яратдик», дейилади». Фасл

Тобеъинлар, мусулмон имомлари, салафлар ва фуқаҳолардан етмиш киши қуйидаги ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннат эканлигига ижмў қилганлар: «Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлиш, буйруғига таслим бўлиш, ҳукми остида сабр қилиш, буюрган нарсаларини бажариш, қайтарган нарсаларидан тийилиш, Аллоҳ учун холис амал қилиш, яхшию ёмон тақдирга иймон келтириш, дин хусусидаги тортишувмунозара ва хусуматни тарк этиш, маҳсига маҳс тортиш, вафот этган аҳли қиблага жаноза ўқиш. Иймон – сўз, амал ва ниятдир, тоат билан зиёдалашади, осийлик билан камаяди. (Изоҳ: Бу фикр Шофеъий мазҳабиникидир. Ҳанафий мазҳаби уламолари фикрига кўра эса, иймон – тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлашдир. Шунингдек, иймон зиёда ёки кам бўлмайди, балки унинг нури кўпайиб озаяди. ) Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Уни Жаброил Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб тушган. У махлуқ эмас. Султон тарафидан адолат ёки зулм содир бўлсада, унинг байроғи остида сабр қилинади. Амирлар жабр-зулм қилсалар ҳам, уларга қарши қилич кўтармаймиз. Аҳли қибладан биронтасини, гарчи гуноҳи кабира қилса ҳам, кофир ҳисобламаймиз. Фақат ўша гуноҳни ҳалол деб билса, кофир деймиз. Аҳли қибладан биронтасига қилган яхши амали сабабли жаннатий деб гувоҳлик бермаймиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатий деб гувоҳ берган зотлар бундан мустасно. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари орасида бўлиб ўтган нарсалар хусусида тилимизни тиямиз, баҳслашмаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин махлуқотларнинг энг афзали Абу Бакр, сўнг Умар, сўнг Усмон, сўнг Али ибн Абу Толибдир (Аллоҳ барчасидан рози бўлсин). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча азвожи мутоҳҳаролари (аёллари), авлодлари ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳматини сўраймиз.

Имом Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий
“Гуноҳи кабиралар” китобидан

http://vakillik.uz

Read 3705 times

Мақолалар

Top