Мақолалар

Жамият тараққиёти ва маънавий маърифий ислоҳотлар

Бизларни йўқликдан бор этган, махлуқотларининг мумтози, Ўзининг ер юзидаги ўринбосари этган Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога битмас-туганмас ҳамду-саноларимиз бўлсин! Ҳидоят йўлбошчимиз, муаллим Пайғамбаримиз Сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду-саловотларимиз бўлсин!  

Аллоҳ Таолога беадад шукурлар бўлсинким, мана 25 йилдирки тинчлик-осойишталик, мустақиллик неъматида яшаб келмоқдамиз. Қисқа муддат ичида эришган ютуқларимиз, қўлга киритган зафарларимиз кўлами, эътирофини жаҳон жамоатчилиги тан олиб бораётганлиги бизга сир эмас.

Истиқлол неъмати туфайли бугун инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади. Алҳамдулиллоҳ, бугун диний ва дунёвий билимларни эгаллаш учун барча шарт-шароитлар, қулайликлар яратиб берилаяпти.

Бу ютуқларга  ўз-ўзидан эришилмади албатта. Истиқлолимизнинг илк кунлариданоқ жамиятнинг турли соҳаларига оид олиб борилган ислоҳотлар қаторида маънавий-маърифий ислоҳотларга алоҳида аҳамият ила ёндашилди. Ана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ, улуғ саодатки, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўллари, қолдирган илмий-ахлоқий асарлари ила тарбиялаб келмоқдамиз. Шу ўринда, улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Ойинаи миллат эрур тил ва адаб” деган ибратли сўзлари ёдимизга тушади. Чиндан ҳам, ҳар бир халқ, миллатнинг дунёда борлигини кўрсатиб турадиган, унинг кўзгуси она тили ва ахлоқий анъаналари, маънавий қадриятларидир. 1989 йилда Ўзбек тилига давлат тилининг берилиши ҳақидаги Қонуннинг қабул қилиниши эса мустақиллик сари қўйилган биринчи қадам эди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг тараққиёт учун белгилаган дастурлари қаторида миллий ўзликни англаш, ҳаққоний тарихимизни тиклаш, Ўзбекситонда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни қарор топтириш масалалари муҳим ўрин эгаллади ва миллий истиқлол ғоясининг таянчларидан бири бўлди. Бу борада Президентимизнинг:

Бизнинг миллий хусусиятларимиз умуминсоний қадриятлар билан боғланиб кетган. Асрлар давомида халқимиз умумбашарий, умуминсоний қадриятлар такомилига улкан ҳисса қўшган. Турли миллат вакилларига ҳурмат, улар билан баҳамжиҳат яшаш, диний бағрикенглик, дунёвий билимларга интилиш, ўзга халқларнинг илғор тажрибалари ва маданиятини ўрганиш каби хусусиятлар ҳам халқимизда азалдан мужассам” дея айтган сўзлари ўринлидир.

Бир сўз билан айтганда мустақиллик йилларида диний бағрикенглик, миллатлараро тувликни таъминлашда олиб болрилган изчил тадбирлар натижасида Алҳамдулиллоҳ, бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари, 16 та диний конфенция, 2200 дан ортиқ диний ташкилотларнинг диний бағрикенглик асосларига риоя қилган ҳолда ўзаро тинч-тотувликда умргузаронлик қилаётгани сўзларимизнинг яққол далилидир. Жумладан, Тошкент шаҳри мисолида сўз юритсак, мустабид тузум даврида шаҳримиздага масжидлар тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар оёқ ости қилиниб, турли омборхона ва бошқа мақсадларда фойдаланилган ва бармоқ ила санагулик ададда кичик масжидлар мавжуд бўлган бўлса, бугунги нурафшон кунларга келиб Тошкент шаҳрида 120 га яқин масжидлар ҳавас қилса арзигулик ҳолатда қад кўтарган.    

Шубҳасиз, Аллоҳ Таоло ўзи назар солиб турган бу жаннатмакон диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ инъомнинг қадрига етиш, ватаннинг конига яраш, шу масканда яшаётган ҳар биримизнинг бурчимиздир азизлар. Зеро, биз ўз фарзандларимизга ҳамма нарсанинг энг афзалини, яхшисини илинамиз. Унутмайликки, барча ютуқлар яхшиликлар тинчлик, осудалик бўлсагина қўлга киритилади. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим.

Шу ўринда Иброҳим алайҳиссаломнинг Қуръони Каримда келтирилган дуолари ёдимизга тушади: 

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا الْبَلَدَ آَمِنًا وَاجْنُبْنِي وَبَنِيَّ أَنْ نَعْبُدَ الْأَصْنَامَ

(Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: «Эй, Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!  (Иброҳим,35) 

Демак, юртга тинчлик, омонлик сўраб дуо қилишимиз биз мусулмонларнинг вазифаларимиздандир. Аллоҳдан сўраймизки, бу серқуёш ўлкамизни доимо ўз паноҳида асрасин! Баднийятли кимсалар тажовузидан, зулмидан ҳамиша Ўзи ҳимоя қилсин! Мустақил ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлсин!  Барчаларимизга икки дунё саодатини насиб айласин! Омин!

Анвар қори ТУРСУНОВ

 Тошкент шаҳар бош имом-хатиби 

 

 

 

 

 

Read 5128 times

Мақолалар

Top