Мақолалар

Илмнинг мол-дунёдан афзаллиги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, илм пайғамбарларнинг меросидир. Мол эса, подшоҳ ва бойларнинг меросидир. 

Илм ўз соҳибини қўриқлайди, молни эса унинг эгаси қўриқлайди. 

Илм сарфлаш, бировга бериш билан кўпаяди, мол эса сарфлаш билан тугайди. 

Илм ўз соҳиби билан қабрда ҳам бирга бўлади, мол эса киши вафот этгандан кейин ажралади, фақат садақаи жориянинг савоби бориб туради. 

Илм мол устидан ҳукм қилади. Илм ҳоким, мол эса маҳкумдир. 

Мол яхшига ҳам, ёмонга ҳам, мусулмонга ҳам, кофирга ҳам насиб қилиши мумкин. Фойдали илм эса фақатгина мўмин кишига насиб этади. 

Олимга подшоҳлар ва улардан қуйи мартабадаги барча кишилар муҳтождир. Мол эгасига эса, фақат йўқсиллар, фақирлар ва камбағалларнинг иши тушади. 

Мол эгаси баъзан бир лаҳзада бор будидан айрилиши, ҳеч вақосиз қолиши мумкин. Илм эгаси эса, агар ўзи илмга бепарволик қилмаса, ҳеч қачон илмидан ажралиб қолмайди. 

Мол-давлат инсонни дунёга чорласа, илм инсонни Аллоҳга ибодат қилишга чорлайди. 

Мол-дунё гоҳида ўз эгасининг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин. Қанчадан қанча бойлар молу давлатлари туфайли ҳалок бўлишган. Илм эса ўз эгасининг вафотидан кейин ҳам унинг номи абадий тилга олинишига сабаб бўлади. 

Илмнинг саодати доимийдир, молники эса вақтинчаликдир. 

Олимнинг қадр-қиммати ўз зоти билан ўлчанса, бойники моли билан ўлчанади. Мол тугаса қадр ҳам тугайди. 

Бой киши ўз моли билан инсонларни дунёга чақирса, олим киши илми билан кишиларни охиратга чорлайди. 

Имом Молик айтадилар: “Ҳикмат (илм) ва амал нурдир. Аллоҳ хоҳлаган бандасини улар сабабли ҳидоят қилади, кўп масала билгани сабабли эмас. Лекин Аллоҳ ҳидоят қиладиган кишининг ўзига хос белгиси бўлади: у банда ғурур, алдов диёри бўлмиш дунёдан  узоқлашиб, абадийлик диёри бўлган охиратга юз тутади”. 

Имом Моликнинг бу гаплари Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган нурдан бир бўлакдир. У зот: “Илм кўп ривоят қилиш эмас, балки, илм Аллоҳдан қўрқишдир”. 

Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Амал қилинган илмгина ҳақиқий илмдир. Амал қилиш эса, насия нарсага эришиш мақсадида нақд нарсани тарк этишдир”. 

Али розияллоҳу анҳу Камил ибн Зиёдга шундай дедилар: “Эй Камил, илм сен учун молдан яхшироқдир. Илм сени қўриқлайди. Молни эса сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни ишлатиш билан тугаса, илм сарф этиш билан кўпаяверади”. 

Қуйида келтириладиган ҳикоя илмнинг молдан афзаллигини яққол намоён этади. Воқеа аббосий халифалардан Ҳорун ар-Рашид замонида бўлиб ўтган. Бу Имом Аъзамнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф ҳақларидаги ҳикоядир. Али ибн Жуъд ривоят қилади: “Менга Абу Юсуф қуйидагича хабар беради: “Отам Иброҳим ибн Ҳабиб вафот этди. Мен онамнинг қучоғида ёш болача ҳолимда қолдим. Онам мени газлама оқловчига шогирдликка берди. Мен унга бир муддат хизмат қилиб юрдим. Кейинчалик уни қўйиб, Абу Ҳанифанинг халқасига бориб, унинг суҳбатини тинглардим. Онам ортимдан халқага келиб, қўлимдан тутиб, яна мени газлама оқловчига олиб борарди. Абу Ҳанифа менинг илмга қизиқишимни, у кишининг илм мажлисига ҳадеб бораверганимни кўриб, менга ёрдам берарди. Ҳар сафар онам мени илм халқасидан олиб кетавергач, ҳунарни қўйиб, халқага боришим унга малол келди ва Абу Ҳанифага: “Бу болани сиздан бошқа ҳеч ким бузиб, йўлдан урмаяпти. Ахир у етим, ҳеч нарсаси йўқ. Мен ип йигириб топган пулим билан уни боқяпман. Орзуйим у ҳам шу касбда ишлаб, озроқ пул топса, ўзига ишлатарди”. Бу гапларни эшитган Абу Ҳанифа ҳалиги аёлга: “Хотиржам бўл, эй Раъно, мана бу илм ўрганаётган ўғлинг ҳали писта ёғига аралаштирилган қиём тановвул қилади” дедилар. Бу гапни эшитган аёл Абу Ҳанифага: “Эй Шайх, сен ақлдан озибсан. Менга беҳуда гапларни гапирма!” дея эътироз билдирди... 

Яна Абу Юсуф сўзида давом этади: “Шундай қилиб мен Абу Ҳанифанинг дарсларига доим қатнашадиган бўлдим. У киши мени мол билан таъминлаб турарди. Менда қандай эҳтиёж туғилса, барчасини у киши тўлдирар эди. Аллоҳ таоло илм туфайли менга кўп яхшиликлар ато этиб, мартабамни кўтарди. Ҳатто қозилар ҳам менга эргашар эди. Ўзим эса халифа Ҳорун ар-Рашид билан бир дастурхон атрофида ўтириб, у билан бирга овқатланардим. Баъзан халифага писта ёғига аралаштирилган қиём келтириларди. Шунда мен кулиб қўярдим. Халифа бунинг боисини сўраганда, унга ҳаётимда бўлиб ўтган юқоридаги воқеаларни бошидан охиригача гапириб берардим. У менинг гапларимдан ҳайратга тушиб: “Албатта, илм мартабани кўтаради, динга ҳам, дунёга ҳам фойдаси тегади. Аллоҳ Абу Ҳанифани раҳмат қилсин. У зот ташқи кўзи билан кўрмаган нарсасини ақл кўзи билан кўрарди” деди”. 

Убайдуллоҳ ибн Касир отасидан ривоят қилади, отаси деди: “Илмни мерос қилиб қолдириш олтин, кумушни мерос қилиб қолдиришдан яхшироқдир. Солиҳ нафс марваридлардан яхшироқдир. Жисм роҳати билан илмга эришиб бўлмайди”.  

Аллоҳ таоло барчамизга фойдали илм ато этсин. Қўлимиздан келганича билганларимизга амал қилишимизни насиб айласин, омин! 

 

Нозимжон Ҳошимжон

Манба: https://islom.uz

Read 3383 times

Мақолалар

Top