Мақолалар

Ҳомиланинг ўғил ёки қиз  бўлиши кимга боғлиқ?

Қуръони Каримда бир минг уч юзта оятда борлиқ, коинот ҳақида сўз юритилган. Нафақат сўз юритилган, балки ушбу оятларда бугунга келиб кашф этилаётган илмий ҳодисалар, илмий қонунлар ва илмий ҳақиқатлар очиқ баён қилинган ёки шунга ишора қилинган. Буни Қуръон эъжози (ақлни лол қолдирувчи илмий ишора ва баёнлари) дейилади.

Масалан, инсоннинг фазога чиқиши.

Қуръон нозил бўлган пайтда инсонлар фазога чиқиш у ёқда турсин, фазонинг ўзи ҳақида тасаввурга эга эмасдилар. Инсоният 20-асрга келиб, Ернинг ҳаво қобиғини енгиб ўтиб, фазога кўтарилди. Фазода атмосфера бўлмагач, ёруғликнинг тарқалиши ҳам содир бўлмайди. Қуёшдан келган электромагнит зарралар ҳавога етиб келганда, ҳавонинг атомлари у зарраларни бошқа атомларга акс эттиради. Атмосфера қобиғидан ташқарида эса ёруғлик зарраларини бир-бирига акслантирадиган ҳаво атомлари бўлмагани учун атроф қоп-қоронғу зимистон бўлиб, фазогирнинг кўзи ҳеч нарсани кўрмайди. Шунинг учун фазогирлар илк бор фазога чиққанларида, “Биз кўр бўлиб қолдик, ҳеч нарса кўрмаяпмиз” дейишган. Энди Қуръони Каримни очамиз ва ушбу оятларни ўқиймиз: 

وَلَوْ فَتَحْنَا عَلَيْهِم بَاباً مِّنَ السَّمَاءِ فَظَلُّواْ فِيهِ يَعْرُجُونَ لَقَالُواْ إِنَّمَا سُكِّرَتْ أَبْصَارُنَا بَلْ نَحْنُ قَوْمٌ مَّسْحُورُونَ

Агар уларга осмондан бир эшик очсагу ундан чиқиб турсалар ҳам. Улар: «Албатта, кўзларимиз боғланди, балки биз сеҳрланган қавмдирмиз», дерлар. (Аллоҳнинг ҳақлиги ҳақидаги мўъжиза кўрсатилиб, қўлига ушлатиб қўйилса ҳам, эҳтимол удир, эҳтимол будир, балки табиат қонунини мен тушунмаётгандирман, деб тураверадилар.) (Ҳижр сураси, 14-15-оятлар).

Ҳомиланинг жинси масаласи.

Ҳомиланинг жинси ўғил ёки қиз бўлишининг тухум ҳужайрага (яъни аёл кишига) мутлақо алоқаси йўқ. Ҳомиланинг жинси фақат эркакнинг нутфасига боғлиқ. Энди Қуръони Каримни очамиз. Унда шундай оят бор:

وَأَنَّهُ خَلَقَ الزَّوْجَيْنِ الذَّكَرَ وَالْأُنثَى مِن نُّطْفَةٍ إِذَا تُمْنَى

“Албатта, икки жуфтни; эркак ва аёлни яратган ҳам Ўзи. Нутфадан, оқиб тушганда” (Нажм сураси, 45-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда очиқ-ойдин эркакнинг нутфаси аёлнинг бачадонига оқиб тушганда, ўша сувдан эркак ва аёлни яратишини баён қилмоқда.

Ҳамма нарса фазода айланади.

Борлиқдаги ҳамма нарса ҳужайрадан, ҳужайралар молекулалардан, улар атомлардан, атомлар эса электрон, протон ва нейтрондан ташкил топгандир. Атомнинг ядроси мусбат зарядли протонлар ва зарядга эга бўлмаган нейтронлардан иборат бўлиб, ушбу ядронинг атрофида электронлар айланади. Яъни электронлар ядронинг атрофидаги ўзига хос фазода айланади. Ҳамма нарса атомдан ташкил топганини ҳисобга олсак, демак, ҳамма нарса бир-бирининг атрофидаги ўзига хос фазода айланади. Энди Қуръони Каримни очиб, мана бу оятни ўқиймиз:

وَكُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ

“Ҳар бири фалакда сузиб юрар” (Ясин сураси, 40-оят).

Қуръондаги коинот, борлиқ ҳақидаги оятларнинг сони 1 минг 300 та дедик. Унда бугун кашф этилаётган илмий ҳақиқатларга Қуръоний ишораларнинг борлиги барча нарсани, коинотни яратган Зот шу Қуръонни нозил қилганига қатъий далолат қилади, шуни таъкидлайди.

Қуръондаги эъжозларни ўрганиш орқали қанчадан-қанча инсонлар Ислом динига киришди ва киришмоқда. Эъжозларни ўрганиш орқали мўмин-мусулмонларнинг иймонларининг нури зиёда бўлади.

Сиз самолётдасиз. Баландлик 10 минг метр. Яхши ўриндиқ, мўътадил ва илиқ об-ҳаво. Самолёт хизматчилари сизга ёқимли ва мазали таомлар ҳамда ичимликларни олиб келишди. Рўпарангизда катта телевизор. Фойдали кўрсатувлар берилмоқда. Хуллас, ҳаммаси жойида. Ана ўша пайтда столингиз устида турган Қуръонни очасиз-да, мана бу оятни ўқийсиз:

وَالْخَيْلَ وَالْبِغَالَ وَالْحَمِيرَ لِتَرْكَبُوهَا وَزِينَةً وَيَخْلُقُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ

“Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир”. (Яъни, Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт воситаларини яратади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар тушган даврда мавжуд бўлмаган ҳавода, сувда ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, Қуръони Карим мазкур: «ва сиз билмайдиган нарсаларни яратади», жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далолатдир.) (Наҳл сураси, 8-оят).

Оятнинг охиридаги “ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир” деган жумлани ўқиганингизда баданингиз титраб кетади. Бу оятлар нозил бўлган пайтларда, самолёт деган нарса бўлмаган. Бинобарин, у вақтларда самолёт, вертолёт каби техникалар Арабистон яриморолида яшовчи инсонларнинг тасаввурида ҳам йўқ эди. Демак, самолёт ўша пайтда инсоният билмайдиган нарсалардан ҳисобланган. Шундай қилиб, ушбу жумланинг ичига самолёт ҳам, вертолёт ҳам, поезд, автомобиллар, автобус, пароход, теплоход ва ҳоказолар киради.  

Қуръоннинг эъжозини ўрганиш орқали сизнинг Қуръонга бўлган иймонингиз мустаҳкамланади. Эъжоз илми жуда катта илмдир.

Қуръони Каримдаги юқоридаги каби илмий ишоралар 14 аср олдин инсон тарафидан ўртага ташланиши асло мумкин эмас. Ўша пайтдаги ишораларнинг бугунги кунга келиб кашф этилаётгани ва одамларни лол қолдираётгани бу Китоб Аллоҳ таолонинг нозил қилган ваҳийси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Унинг ҳақ расули эканлигига қатъий далилдир.   

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизалари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3920 times

Мақолалар

Top