Мақолалар

Пингвинлар ҳаётидан ибрат

Ер шарининг жанубий қутбида жойлашган Антарктиданинг туб “аҳоли”си – дунёдаги энг ювош ва ёқимтой жонзотлар бўлмиш пингвинлар яшайди. Олимларнинг таъкидлашича, пингвинлар қиш фасли келишидан олдин қитъанинг ҳар тарафидан бир томонга қараб ҳаракатланар экан. Чунки улар кетаётган тарафда катта жамоа йиғилади. Пингвин шу кетишда бир неча ҳафта давомида, юз километрдан ортиқ йўл босади. У бу сафарини гоҳида икки оёқда юриб, гоҳида эса қорни билан музда сирпаниб давом эттиради. Сафарнинг сўнггида эса катта майдонда бир неча юз мингга яқин пингвинлар тўпланадилар.

Хўш, бунинг сабаби нима?

Сабаби шуки, бу ҳудудда жажжи пингвинчалар тухумдан ёриб чиқади, шунингдек, ушбу майдон пингвинларнинг қишлаш жойи ҳисобланади. аммо улар босиб келган йўл машаққати қийинчиликнинг бошланиши эди.

Гап шундаки, она пингвинлар тухум қўйишлари биланоқ қишнинг изғиринли кунлари бошланиб кетади. Қишда бу майдонда ҳавонинг ҳарорати - 50° даражадан анча пастга тушиб кетади. Шу билан бирга бундай совуқ ҳавода шамолнинг тезлиги ҳам жуда юқори бўлади. Бундай совуқда тухумлар ва ундан чиққан жўжалар музлаб, ҳалок бўлиши мумкин. Нар пингвинлар ўз модаси қўйган тухумни оёқлари орасига қистириб, юмшоқ патлари билан муҳофаза қилади. Бу пайтда она пингвинлар ов қилиш учун денгизга йўл оладилар. Оталар эса тухумни эҳтиётлаш учун масъулиятни ўз бўйниларига оладилар. Тасаввур қилинг, кучли изғиринда тухум бир муддат ерга, аниқроғи музга қўйилса ёки ота пингвин ҳаракатланмаса, ўша ондаёқ музлайди. Шунинг учун ота тўхтовсиз равишда юриб, тухумнинг музлаб қолмаслиги учун ҳаракат қилади. Нар пингвинлар тўрт ойга яқин вақт давомида ҳеч нарса емайди ва ичмайди.

Баҳор келиши билан тухумлар ичидан полапонлар чиқишади, аммо кичкинтойлар оталарининг пинжиларини тарк этишмайди.

Полапонлар нима билан озиқланади?

Қизиқарли томони шундаки, бир неча ой оч юрган оталар ўзлари қийналсада, кичкинтойлари учун жиғилдонларида таом сақлаб қўйган бўладилар. Пингвинчалар ўша таом билан озиқланади. Бундай фидоийлик ва меҳрни қаерда кўргансиз?

Бу вақтга келиб, она пингвинлар денгиздан қайтиб келадилар. Улар ўтган ойлар давомида ғамлаган озуқаларини келтирадилар ва полапонларини ўша озуқа билан боқадилар. Оналар кичкинтойларни жуфтларидан қабул қилиб олгач, ов сафари навбати оталарга ўтади. Оталар ҳам қоринларини тўйдирганларидан сўнг дарҳол ортга қайтиб, она пингвин билан биргаликда фарзандларини улғайтирадилар.

Қисқа муддатдан сўнг кичкинтойлар ҳам етилиб, мустақил ҳаракатлана бошлайдилар. Мазкур ҳолат башариятга ибрат бўладиган мўъжизадир.

Биз тилга олган онгсиз бир мавжудот инсонлар орасидаги баъзи кимсалар учун дарс бўладиган воқеликдир. Чунки дунёда кўчаларда оч-наҳор, уйсиз ва қаровсиз яшаётган норасидалар ҳамон бор эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Нодон ота-онанинг ўйламай қилган хатоси оқибатида қаровсиз тирик етимга айланаётган ёки бесамар урушлар ва турли тўқнашувлар натижасида очликдан, касалликлардан, сувсизлик ва қаҳратондан ҳалок бўлаётган ночор гўдаклар ҳақида эшитганимизда, чегарасиз музликлар бағрида биргина боласини асраш учун ойлаб оч-наҳор қорли бўронларга дош бераётган ақлсиз жонзотларнинг хатти-ҳаракати одамни ўйга толдиради.  

Хўш, мазкур пингвинларга бу қадар боласи учун жонкуярлик, меҳр-шафқат, яхшиликни илиниш, машаққатларга бардош беришни ким ўргатди?

Албатта, Роҳман, Роҳийм бўлган Аллоҳ азза ва жалладир!

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: 

قَالَ فَمَن رَّبُّكُمَا يَا مُوسَى  قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَى كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَى

«У: «Эй Мусо, икковингизнинг Роббингиз ким?» деди. У: «Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир», деди» (Тоҳо сураси, 49-50-оятлар).

Унутманг! Аллоҳ таоло яратган махлуқлари борасида тафаккур қилиш Уни таниш, У ҳақида маърифат ҳосил қилишнинг энг қисқа йўлидир.

Аллоҳ таолодан ушбу ўқиганларимизни У ҳақидаги маърифатимиз зиёда бўлишига, ибодатига рағбатимиз ошишига ва фарзанд тарбиясига жиддийроқ эътибор беришимизга сабабчи қилишини сўраймиз.

Фарзандларимизга меҳр беришни ўргатайлик!

 

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизалари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3721 times

Мақолалар

Top