Мақолалар

Шоҳ ва шоирнинг тасаввуфий қарашлари

Ўзбек давлатчилик тарихи ва маданияти шаклланишида ўзининг моҳирона сиёсати ва бой шеърий мероси билан ўчмас из қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фақат юртимиз тарихида эмас, Ҳиндистон халқлари тариҳида ҳам юксак ўринда туради. Улуғ аждодимизнинг тарихи ва маънавий мероси бир қанча ҳамюрт олимларимиз ва чет эллик тарихчилар томонидан турли жиҳатлардан ўрганилган.

Қуйидаги мақолада ана шу машҳур тарихнинг кам эътибор қаратилган жиҳатларидан бири-Мирзо Бобурнинг тасаввуфий қарашлари ҳақида сўз юритамиз.

Тарихга назар солсак, ХIII ва ХV асрларда, хусусан, Бобур яшаган даврда Мовароуннаҳр ҳудудида тасаввуф таълимотлари кенг тарқалган ва ривожланган эди. Бунинг натижасида мазкур ҳудудда истиқомат қилган халқлар турмуш тарзида сўфийларнинг ўрни аҳамиятли бўлиб, ўша давр ижтимоий ва сиёсий жараёнларида фаол иштирок этишган ва оддий халқ орасида ўзига хос ҳурмат ва мартабага эга бўлишган.

Мирзо Бобур тасаввуф, ундаги тариқатлар ва вакилларини ҳурмат қилган. Буни биз ўша даврдан қолган ёзма манбалар ҳамда яқн ўтмишда қилинган тадқиқотларда ҳам кўришимиз мумкин. Туркиялик етук олим Маҳмуд Асъад Жўшон ўзининг “Ислом, тасаввуф ва ахлоқ” асарида: “Темурийлардан Заҳириддин Муҳаммад Бобур улуғ шайх Саид Амир ибн Мавлоно Жалолиддин Хожаги Косоний Махдуми Аъзам ҳазратларини ўзига маънавий пир деб билганлар, у кишига қўл бериб, насиҳатларига амал қилганлар” – деб ёзади[1].

Яна бир олим Б.Тўраев Махдуми Аъзамни нафақат Мовароуннаҳр ёки Хуросон, балки Ҳиндистонда ҳам ўзига пир деб билувчилар кўплаб топилиши, темурий шоҳлар ичида Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу улуғ зотга мурид бўлганлигини алоҳида таъкидлаб, юқорида келтирилган маълумотни қувватлайди[2].

Ўз навбатида Махдуми Аъзам ҳам Мирзо Бобурга алоҳида ҳурмат билан қараган ва унга бағишлаб “Бобурия” номли риола ҳам ёзган. Олимнинг мазкур асари аслида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Хожа Аҳрор Валийнинг “Рисолаи волидия” асари ҳақидаги хатига жавоб эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Хожа Аҳрор Валий ва у кишининг авлодларига ҳам катта ҳурматда бўлган. Мирзо Бобурнинг исмини ҳам Ҳожа Аҳрор айтгани ҳақида тарихий маълумотлар ҳам мавжуд. Хожа Аҳрор ҳазратлари ва Бобур ўртасидаги муносабатлар унинг шоҳ асари бўлмиш “Бобурнома”нинг ҳам бир қанча жойларида ўз аксини топган. У ҳаёти давомида Нақшбандия тариқати пир ва муршидларининг ўгитларига амал қилган.

1528-1529 йилларда пирининг “Рисолаи Волидия” асарини шеърий усулда ўзбек тилига таржима қилади. Мазкур таржимада Бобур Хожа Аҳрорга берган таърифи орқали у зотга қанчалик даражада ихлос ва эҳтиромда бўлганини билиб олишимиз мумкин.

Нақшбандия тариқатига Мирзо Бобурнинг кейинги авлодлари ҳам ҳурмат ва эҳтиромда бўлишиб, насиҳат ва ўгитларига амал қилганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг сиёсат юритишида диний эътиқодлар ва тасаввуф таълимотларига амал қилган. Бу орқали давлатдаги турли миллат вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаши, ижтимоий ҳамкорлик, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик таъминланган. Мазкур диний сиёсат ўзида исломий қадриятлар ва маданиятнинг устунлигини намоён қилиши билан бирга бошқа дин ва эътиқодларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни ҳам тақозо этади. Шу сабабли у фақат ўз ҳукмдорлиги давридагина эмас, балки 300 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган бобурийлар сулоласи давридаги жамият, маданият, цивилизация, динлар ва диний эътиқодларга нисбатан бағрикенглик, сабр-тоқатлилик қадриятларининг тамал тошини қўйиб кетган эди.

 

Абдуллоҳ Абдувоҳидов,

Ўзбекистон халқаро Ислом академияси 2-курс магистранти

 

 

 

 

[1] Маҳмуд Асъад Жўшон. Ислом, тасаввуф ва ахлоқ. -Т.: 1999. - Б. 236.

[2] Тўраев Б. Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожагий Косоний рисолати. -Т.: 1995. - Б. 20

Read 3560 times

Мақолалар

Top