Мақолалар

Лондондаги имом

Лондондаги масжидларнинг бирида хизмат қиладиган имом бир неча йиллардан бери уйидан масжидга автобусда қатнарди. Манзилига оз қолганда, кўпинча ўзи ва ҳайдовчи қоларди. Бир куни у йўл кира ҳақини берганда, ҳайдовчи унга 20 пенс кўпроқ қайтим бериб юборди. Шунда имом ичида ўйлади: “Мен бу ортиқча пулларни ҳайдовчига қайтариб беришим керак. Чунки булар менинг ҳаққим эмас”.

Бироз вақт ўтиб ичида: “Бу ишни эсингдан чиқар. Озгина миқдордаги пулга ҳеч ким эътибор ҳам бермайди. Автобуслар ширкати йўловчиларни ташиш орқали катта миқдорда пул ишлайди. 20 пенс билан уларнинг пули камайиб қолмайди. Демак, мен бу пулларни ўзимда қолдираман ва уларни Аллоҳдан ҳадя деб биламан” деб ўйлади-да, жим бўлиб қолди.

Манзилига етиб, автобусдан тушаётганда виждони йўл қўймай, “Мана буни олинг. Менга қайтимни кўп бериб юборибсиз” деб, ортиқча пулларни ҳайдовчига узатди. Ҳайдовчи пулларни олар экан, табассум билан “Сиз шу минтақанинг янги имоми эмасмисиз? Мен бир қанча вақтдан бери масжидингизга кирмоқчи ва динингизни яқиндан ўрганмоқчи эдим. Шунинг учун “Қани, нима қилар экан?” деб, сизга атайин ортиқча пул қайтиб бергандим” деди.

Бу гапларни эшитган имом автобусдан тушди-ю, оёқларида мадор қолмай, ерга йиқилиб тушай деди. Дарҳол ўзига яқин бир устунга суяниб олди ва нигоҳини осмонга қаратиб, йиғлаган ҳолда: “Ё Аллоҳ, динимни 20 пенсга сотиб юборишимга сал қолдия” деди.  

Азизлар, доим ҳалол, омонатдор бўлайлик! Ўз хатти-ҳаракатларимиз ва тасарруфларимиз билан бошқаларга ибрат бўлайлик! 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 2717 times

Мақолалар

Top