Мақолалар

Олтинга тенг насиҳатлар

Товус ибн Кайсон раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Одам боласи гапирадиган барча сўз ҳисобга олинади. Ҳатто беморлигида инграгани ҳам”.

*****

Сиррий Сақатий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Агар молингдан камайиб бораётганига ғам қилаётган бўлсанг, умрингдан камайиб бораётганига йиғла!”

*****

Рабийъ ибн Хайсам раҳимаҳуллоҳнинг отлари ўғирланди. Ушбу отни у кишига йигирма минг (динор ёки дирҳам)га берилган эди. Одамлар у зотга “Ўғрини дуойибад қилинг” дейишди. Шунда у киши: “Эй Аллоҳ, агар ўша киши бой бўлса, уни мағфират қилгин! Агар ўша киши фақир бўлса, бой қилгин!” деб дуо қилдилар.

*****

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Жасаднинг касаллиги оғриқлардадир. Қалбларнинг касаллиги гуноҳлардадир. Жасад касал бўлган пайтда таомнинг лаззатини ҳис қилмаганидек, қалб гуноҳлар сабабли ибодат ҳаловатини топмайди”.

*****

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Ижобатининг йўлларини гуноҳлар билан тўсиб қўйиб, дуо қилганингда, секин ижобат бўляпти дема!”

*****

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Биродаринг – сенга айбларни танитган кишидир.

Дўстинг – сени гуноҳлардан огоҳлантирган кишидир”.

*****

Рабийъ ибн Хайсам раҳимаҳуллоҳ суҳбатдошларига: “Касаллик, дори ва шифо нималигини биласизларми?” дедилар. Улар: “Йўқ” дейишди. Шунда Рабийъ раҳимаҳуллоҳ: “Касаллик – гуноҳлардир. Дори – истиғфордир. Шифо – тавба қилиб, гуноҳга қайтмаслигингдир” дедилар.

*****

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида: “Ҳой биродарларим! Мени қаерга олиб борилишини биласизларми? Яккаю Ягона Аллоҳга қасамки, мени ё дўзахга олиб борилади ёки Аллоҳ мени афв қилади” дедилар.

*****

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Солиҳларнинг суҳбати сабабли ҳаёт ёқимли, тотли бўлади. Яхшилик солиҳ дўстда жамлангандир. Агар унутсанг, эслатади. Агар эсласанг, кўмаклашади”.

*****

Саъид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Агар шайтон бирор нарсадан ноумид бўлса (яъни кимнидир йўлдан уролмаса, васваса қилолмаса), унга аёллар тарафидан келади”.

*****

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Аллоҳ бир қавмдан рози бўлди, натижада, уларнинг ёмонликларини мағфират қилди. Аллоҳ бир қавмга ғазаб қилди, натижада, улардан яхшиликларни қабул қилмади”.

*****

Ҳотамул Асом раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Нафсингга қуйидаги уч ўринда қараб, кузатиб тур:

  1. Агар (бирор) амал қилсанг, Аллоҳ сенга назар солиб турганини эсла!
  2. Агар (бирор гап) гапирсанг, Аллоҳ сени эшитиб турганини эсла!
  3. Агар сукут қилсанг, Аллоҳ сенинг ичингдагини билиб турганини эсла!”

*****

 

“Сифатус софва” ва “Ҳилятул авлиё” асарларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Read 3570 times

Мақолалар

Top