Мақолалар

Аллоҳ бандам десин!

Бир мурид шайхи Боязид Бистомийни (қ.с.) тушида кўрди ва сўради: “Мункар ва Накирдан қандай ўтдингиз?” Шайх дедилар: “Мункар ва Накир” “Раббинг ким?” деб сўраганларида мен: Бориб, Аллоҳдан сўранг, «Боязид сенинг кимингдир?» деб. Ул не деса Боязид ўшадир. Ул «Боязид бандамдир» демагунича менинг минг карра «Раббим Аллоҳдир!» деб айтмоғимнинг фойдаси йўқ.»        

Мазкур ривоятни кўп бор ўқиганмиз. Ҳозир ҳам такрор ва такрор ўқийман. Негаки, ҳар гал ўқиганимда, кунлаб ҳафталаб миямдан битта савол йироқлашмай мени қийнайверади. Аллоҳ таоло қиёмат куни мени ҳам “бандам” дермикан? Охиратда Аллоҳ таолонинг назаридан четда қолмасмиканман, бу дунёдачи?        

Эсимда бор, ёшлик кезларим қишлоқда, бобомнинг ҳовлисида ўйнаб юрардик. Агар шўхлик қилсак бобом ва момом бизларни “Ҳа, Аллоҳнинг назаридан қолмагурлар”, дея койирди. Ўша вақтларда тушунмаган эканман. Энди билсам, бобом ва момом бизларни койимаган, аксинча дунёдаги энг улуғ ният билан дуо қилган эканлар.  Чунки улар, умрнинг ғаниматлигини, дунё ва охиратдан мурод эса Аллоҳнинг назаридан қолмаслик эканлигини яхши англаб етганлар. Дарҳақиқат, раҳмат ва фароғат, ҳотиржамлик ва саодат, ҳатто жаннатнинг калити ҳам фақатгина Ягона бўлган Буюк Зотнинг ҳукмидадир. У кимга назар солса, кимни бандам деса ўша одам нажот топгайдир.

Хўш, Аллоҳнинг назари тушганини банда қандай англайди? Уламолар бу саволга шундай жавоб қилганлар: “Банда, ўзига Аллоҳнинг назари тушганини Аллоҳга бўлган мухаббати кучайишидан англайди. Зеро, банданинг қалбига Аллоҳга бўлган муҳаббат фақатгина Аллоҳ таолонинг назари билангина пайдо бўлади”. 

Ҳазрати шайх Ҳариси Муҳосибий (қуддиса сирруҳу) айтганлар: Аллоҳнинг муҳаббатига лойиқ зот бўлиш учун банда ўн икки хислатда қатъий турмоғи лозим:

  1. На ёлғон, на рост гапга қасам ичмаслик.
  2. Ёлғондан гапирмаслик.
  3. Ваъдасидан қайтмаслик.
  4. Махлуққа лаънат ўқимаслик.
  5. Ҳеч кимни дуойи бад қилмаслик (яъни қарғамаслик).
  6. Зулм кўрса таҳаммул (сабр) этмоқлик.
  7. Ҳаромлардан сақланмоқлик.
  8. Ўзини ҳеч кимсадан улуғ кўрмаслик.
  9. Ҳеч кимсанинг қалбини синдирмаслик (ранжитмаслик).
  10. Қазо келса сабр ва шукр қилмоқлик.
  11. Аллоҳ фарзларини бажо келтирмоқлик.
  12. Ўзгаларни ҳам яхшиликка даъват этиб, ёмонликдан қайтариш. 

Аллоҳ таоло ҳеч биримизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймасин. Дунё ва охиратда Аллоҳ таоло суйган бандалардан бўлишлик барчамизга насиб этсин!

 

Саидаброр Умаров

Read 2974 times

Мақолалар

Top