Мақолалар

Қийинчилик қайтиб келмаслиги учун

Қуръондаги ушбу оятда зикр қилинган кимсалардан бўлиб қолишимиздан хавотирдаман.

Аллоҳ айтади:

“Аллоҳнинг неъматини куфрга алмаштирган ва қавмларини ҳалокат диёрига туширганларни кўрмадингми”?

(Ўйлаб кўргин, бу нарса таажжубланарли эмасми? Аллоҳ бир қавмга ўзларидан Пайғамбар юбориб, уларни иймонга, Исломга даъват қилса, охирги илоҳий китоби Қуръонни индириб, ҳеч кимга бермаган улуғ неъматини ато этса-ю, гумроҳ қавм бу неъмат ўрнига куфрни ихтиёр қилса! Иймонни куфрга алмаштириб олса! Ўзларига қўшиб қавмларини ҳам ҳалокат диёрига туширсалар! Тафсир ҳилол.)

 “Улар жаҳаннамга кирурлар. Бу қандоқ ҳам ёмон қароргоҳ”! (Иброҳим, 28-29).

Ушбу қийинчиликнинг келиш сабаби ва уни Аллоҳ таолонинг бизга юборишидаги сабаб ўзимиз қилган гуноҳлар ва ҳаддимиздан ошган туғёнлардир. Бизлар Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби баён қилиб қўйган қизил чизиқлардан ўтиб кетдик. Мўмин одам бу чизиқлардан ўтмаслиги керак эди, лекин биз ўтиб кетдик. Эҳтимол буни сизлар эслай олсангиз керак. Ушбу шаҳарда яшаётган кўпчилик инсонларга бу эслатма ва огоҳлантиришлар фойда бермади. Бу бошқа бир муаммо. Мункар ишнинг содир бўлиши мусибат бўлса, мункар ишга жим қараб туриш ҳам бошқа бир мусибатдир.

Бу қийинчиликнинг келиш сабаби ана шудир.   

Ўтган бир йиғинда мен бу нарсани аниқ тушунтириб берган бўлсам керак.

Аммо бу қийинчиликнинг кетиш сабаби – албатта тез кунда у ҳам кетади – ушбу ер устида Аллоҳнинг бандалари қиладиган тавба-тазарруълар, илтижолар ва биз гоҳида улар ким эканини билмайдиган кўплаб кишиларнинг дуо ва ёлворишларидир. Лекин улар софдил инсонлардир, улар Аллоҳнинг авлиё дўстларидир. Улар орасида абдоллари (ўринбосарлар) ҳам бор. Ушбу давомли тавба-тазарруълар ва айниқса, кечанинг охирида (тонг саҳарда) тўхтовсиз қилинаётган ушбу илтижолар бу қийинчилик кетишининг сабабидир.

Мен сизларга ва ўзимга ҳам эслатадиган бошқа бир вазифа шуки, Аллоҳ таоло тез кунда бизларга эҳтиром кўрсатиб, бу қийинчилик кетса ва ундан кейин бахтиёр ҳаёт кечира бошласак, бу нарса учун Аллоҳ азза ва жаллага шукр қилишни унутиб қўйишдан эҳтиёт бўлинглар.

Эҳтимол айримларингиз Аллоҳга шукр қилиш инсоннинг “Алҳамдулиллаҳ, ўзингга шукр” дейиш билан тилини қимирлатишидир” - деб ўйласангиз керак. Йўқ, эй дўстим. Бу тақлидий (анъанавий) шукр бўлиб, унинг Аллоҳ таолонинг олдида қиймати йўқдир.

Бу қийинчиликнинг кетишидаги ва ундан кейин неъматнинг келишидаги Аллоҳнинг шукри – Аллоҳнинг буйруқларини бажаришимиз ва Аллоҳ таоло олдида у рози бўлмайдиган беҳуда нарсалар билан шуғулланмасликка ҳамда Аллоҳ яхши кўрмайдиган ҳаром нарсалар билан машғул бўлмасликка ваъда беришимиздир. Аллоҳнинг шукри Унинг белгилаб қўйган тўғри йўлидан қийшайиб четга оғмаслигимиз ва барча соҳаларда У билан ярашиб, тузалганимизни эълон қилишимиздир.

 

Имом Бутий раҳимаҳуллоҳнинг асарларидан

Тошкент шаҳар “Кўкча оқтепа” жоме масжиди имом-хатиби
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси

Read 3637 times

Мақолалар

Top