Мақолалар

“Бизнинг уйга олиб боришадими?”

Моддий жиҳатдан қийналган одам ўғли билан тобут ортидан борарди. Шу пайт бола жаноза ортида йиғлаб қолган аёлни кўриб қолди. Аёл “Ҳозир азизимни чироғи йўқ, тўшаги йўқ, нони йўқ жойга олиб боришади” деб йиғларди. Бу гапни эшитган болакай дарҳол отасига юзланиб, “Отажон, бу тобутдаги одамни бизнинг уйимизга олиб боришадими?” деб сўради.

Ҳа, азизлар, бу дунё синов майдонидир. Бойлик ва фақирлик, шоҳлик ва гадолик, соғлик ва беморлик каби ҳолатлар имтиҳондир.

Кимдир бойлик билан имтиҳон қилинади. Инсон бу бойликка шукр қилиши, фақирларга саховат кўрсатиши, бойлигини яхши ишларга йўналтириши, охиратига захира бўладиган жойларга сарф этиши, бойликка алданиб қолмаслиги, манманликка берилмаслиги билан бу синовдан ўтади.

 Кимдир фақирлик билан имтиҳон қилинади. Инсон бу етишмовчиликка сабр қилиши, Аллоҳ таолога кўп дуо қилиши, бой бўламан деб ҳаром ишларга қўл урмаслиги, қаноат ва бардоши билан бу синовдан ўтади.

Танаси соғ инсон соғлигининг қадрига етиб, уни асраши, шукрини адо қилиши, беморлардан ибрат олиши ва саломатлигида кўп ибодат қилиб олиши билан синовдан ўтади.

Бемор одам соғлик катта неъматлигини англаши, беморлиги унинг гуноҳларига каффорот бўлишини тушуниб, танасидаги оғриқларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолодан офият сўраши билан синовдан ўтади.

Бошқа имтиҳонлар ҳақида ҳам шу каби гапларни айтиш мумкин.

Азизлар, ҳар бирларимиз ўзимиз турган ҳолатнинг синовлигини англаб, ундан яхши ўтишга, бой бўлсак, шукр қилиб, фақирларнинг кўнглини олишга, фақир бўлсак, сабр қилиб, Аллоҳ таолодан ҳалол ризқ сўрашга ва қаноатли бўлишга ҳаракат қилайлик!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 2997 times

Мақолалар

Top