Мақолалар

“Нега бу одам “Малибу”да юрадию, мен ҳалиям “Жигули”да юрибман?!”

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Дунёвий неъматлар борасида ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қаранглар, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқманглар. Зеро, бу Аллоҳнинг сизларга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга сабаб бўлади”. Имом Муслим ривояти.  

Демак, молу дунёда ўзидан юқорироқ кишига қараган одамнинг қалбида ўша инсонга ўхшашга интилиш, молу давлатни кўпайтиришга мойиллик пайдо бўлади. У ўзидан пулдорроқ кимсани кўрганда, “Нега бу одам “Малибу”да юрадию, мен ҳалиям “Жигули”да юрибман?!” деб ўйлаб, машинасини “Малибу” қилишга, ҳеч бўлмаса, “Нексия”га ўзгартиришга уриниб қолади. Бундай кайфиятда бўлиш эса ўзидаги “Жигули” машинаси неъматига шукр қилмаслигига сабаб бўлади.

Шунинг учун молу давлат масаласида ўзидан қуйироққа қараш лозим. Агар шундай қилса, “Кўпчилик одамларда ҳатто велосипед ҳам йўқ. Аллоҳ таоло менга “Жигули”дек машинани насиб этган. Бунинг шукрини адо этишим керак. Неъматга шукр қилсам, Аллоҳ таоло яна зиёда қилиб беради” дейдиган бўлади.

Дин, ибодат масаласида эса ўзидан юқори даражадаги инсонларга қаралади. Ана шунда “Бу одам ҳар куни нафл намоз ўқийди, ҳар куни рўза тутади, садақа қилади, жанозада қатнашади, беморларни кўргани боради, ҳар куни ота-онасини зиёрат қилади. Нега мен шундай эмасман? Нега бу одамдан ибрат олмайман?” деб, яхши инсонлардан ибрат оладиган, улардек бўлишга интиладиган бўлади.  

Дин, тоат-ибодат масаласида ўзидан қуйи даражадаги кимсаларга қаралмайди. Акс ҳолда “Мен ҳар куни масжидда беш вақт намоз ўқияпман. Фалончи эса ҳатто уйида бўлса ҳам намозларини адо этмаяпти. Демак, мен ундан анча кўп амал қилаётган эканман” деб ўйлаб қолиниши мумкин. Агар шундай деб ўйланса, амалларга риё (хўжакўрсинлик), сумъа (биров эшитсин дейиш) ва ужб (ўз амали ила ғурурланиш) аралашади-да, уларнинг савобини йўққа чиқаради. Қолаверса, ўз ибодатини кўп санаб, янада кўпроқ ибодат қилишдан тўхтаб қолади.

Шу сабабли дунё ишида ўзидан паст даражадаги одамга, дин ишида ўзидан юқори даражадаги инсонга назар солинади.

Ҳадиси шарифдан шундай хулосалар олишимиз мумкин.:

  1. Банда молу дунёси кўпларга қараб, қалбига дунё муҳаббати кириб, унга муккасидан кетиб, ҳаётининг мазмун-моҳияти шу бўлиб қолмасин. Дунёга нега келганини, нима учун яшаётганини унутиб қўймасин.
  2. Банда фақирлардан ибрат олиб, ўзидаги неъматларга шукр қилишни ўргансин. Қаноат буюк фазилат ва катта бойлик эканини унутиб қўймасин.
  3. Банда бошқалардан солиҳлардан ибрат олиб, ўзидаги амалларни кўпайтиришга уринсин.
  4. Банда ўз амалларига катта баҳо бериб, салбий иллатларга мубтало бўлмасин. 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 2900 times

Мақолалар

Top