Мақолалар

Бидъат-хурофотлар

Ёмон, норасо эътиқод билан қилинган эзгу иш сароб ва

 кул каби ҳеч қандай фойда бермайди.

Абулқосим Замахшарий.

Халқимиз инсоний қадриятлар акс этган Ислом дини таълимотларидан тўлақонли баҳраманд бўлаётган бир вақтда, эришилаётган муваффақиятларимизга соя соладиган  ҳолатлар борки, булар  халқимизнинг урф-одатлари билан уйғунлашиб кетган.

Мамлакатимизнинг турли шаҳар ва вилоятларида халқимизнинг шевалари, тўю-тантаналари, кийиниши бир-биридан фарқ қилади. Маросимлардаги урф-одатлар ҳам турлича бўлиб, аксари ҳолларда ота-боболарининг урфларига бориб тақалади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Уларга (мушрикларга): «Аллоҳ нозил этган нарсага (оятларга) эргашингиз!» – дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», – дейдилар. Ота-боболари борди-ю, ҳеч нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлган эсалар-чи?!” (Бақара, 170).

Ҳозирги вақтда мусибатхоналарда турли бидъат-хурофотларнинг авж олиши, инсонларнинг  таъзия одобларига риоя қилмасликлари натижасида ўзларини ҳам,  мусибат етган хонадон аҳлини ҳам қийин аҳволга солиб қўйишлари,  гуноҳга сабаб бўлиш ҳоллари учрамоқда. Шариат аҳкомларига риоя қилмаслик, Қуръонга ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашмаслик  инсонларни залолатга етаклайди. Инсонларнинг етарли илмга эга эмасликлари натижасида турли маросимларда яқинлар, қариндошлар ва атрофдагилар орасида  бир қатор нохуш ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Бундай ҳолатлар таъзия маросимларида авж олиши, бидъат-хурофотларга кўр-кўрона эргашиш  мусибат етган хонадон эгаларини  ҳам руҳан, ҳам  моддий томондан  изтироб чекишига олиб келмоқда.

Ҳанафий мазҳабига оид Ибни Обидийнинг “Раддул-мухтор ала дуррил-мухтор” китобида  (1жуз, 663-664 бетлар) баён қилинишича, таъзияни уч кун қилиб белгиланиши аслида таъзия билдирувчилар учундир. Жанозада иштирок эта олмаган киши уч кун ичида кўнгил сўраб, ҳамдардлик билдирсин. Кейин келиб маййит соҳибларининг ярасини янгиламасин. Шундагина ваъда қилинган савобга эга бўлади, дейилган. Шундан келиб чиқиб, ҳайит кунлари яна келиб таъзия билдириш жоиз эмас, чунки таъзия бир маротаба бўлади.

Аксари ҳолларда бўладиган таъзия маросимларидаги бидъат-хурофотларни кўпчилик “Ота-боболаримиздан қолган урф-одат”, “Ўтганларни руҳи норози бўлади” ва бундай маросимларни ўтказиш “Фарзанднинг ота-онаси олдидаги бурчи” деб қаралади. Айнан мана шундай маросимларни ўтказиш билан марҳумнинг яқинлари учун “Фарзандлик бурчини ўташ” деб, нотўғри тушунчага борилади.

Таъзиядаги бидъат-хурфотлар урф-одат кўринишида бўлса ҳам, инсонларни ҳам маънавий, ҳам моддий томондан қийин аҳволга солиб қўяди.                                   

Таъзиядаги бундай маросимлар асосан, таъзияхонадаги исрофгарчилик, инсонларнинг кўзи учун қилиниши ва ачинарлиси мусибатхона эгаларини бундай маросимларни ўтказаман деб, қарз бўлиб қолиши мусибат устига мусибатдир.

Баъзи вилоятларимизда мусибатхонада узоқ қариндошларни, таниш-билишларни кутиб, маййитни 3-4 кунлаб сақлаш одати бор. Бунинг оқибатида, айниқса иссиқ кунларда турли нохушликларни келиб чиқишига сабаб бўлади.  Маййитни сақлаш эса  атрофдаги инсонлар соғлигига ҳам хавф солиши мумкинлигини тушунтириш лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 “Жанозани тезлатинглар. Агар аҳли солиҳ бўлса, яхши. Уни (яхшиликка) тақдим қиласизлар. Агар ундан  бошқача бўлса, ёмон. Уни елкангиздан (тезроқ) қўясиз”, - дедилар (Бухорий, Муслим  Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар).

Марҳумга атаб қилинадиган “Кир ювди”, “Гул”, “Ток“, “Ошқовоқ”, “Туршак”, “Қор ёғди”, “Қовун”, “Лайлак келди” каби одатлар шариатда йўқ нарсалардан. Яқин  қариндошларнинг, қўшниларнинг  таъзия бўлган хонадонга келиб  тасалли беришлари, марҳум ҳақида чиройли дуода бўлишлари хонадон эгаларига далда бўлади, лекин аёллар йиғилиб, уларга  зиёфат қилиниб, 4-5 хил таомлар тарқатилиши  шариатимизда йўқ.

Ўтган ота-оналаримиз, яқинларимизга дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий–молиявий ибодатлардан манфаат олишлиги кўпчиликка маълумдир. Имконият даражасида маййитнинг яқинлари, ўзлари бўлмаса илмли инсонлардан хатми Қуръон қилдиришлари, маййит ҳақига қилинган дуолар ўтганларга ҳам,  маййитнинг яқинларига ҳам  ажру савоблар келтиради. Чунки Қуръон қироати бўлган жойга Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси нозил бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Саъд ибн Убоданинг онаси у йўқлигида вафот этди. Шунда у:

“Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?” деди.

“Ҳа” дедилар у зот.

“Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унга садақа бўлсин”, деди”.

(Бухорий, Термизий, ва Насаий ривоят қилганлар).

Мусибатхона эгаларидан қарз бўлиб, қарзини қайтара олмаётган кимсалар бўлса, марҳумга савоби етиши учун қарзларидан кечиб юбориши, солиқларини тўлай олмаётган қўшниси борми, шартнома тўловини тўлай олмаётган толиби илмлар борми, кўп фарзандли оилаларга,  бемор бўлиб, дори-дармонларга пул топа олмаётган инсонларга ёрдам берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

«Эл-юрт нима дейди”, “Халқимиз маросимларида қатнашганмиз”, “Ота-боболаримиздан қолган удум”, деб одамлар гапига қараб эмас, балки шариат ҳукмига қараб, амал қилиш керак. Ўтган яқинларимизга эса энг савобли амал, уларнинг ҳаққига дуо қилишликдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Замон охирида бир хил қавмлар пайдо бўладики, улар ҳамма амалларни барчага кўрсатиб, ошкора қилишни ўзларига дўст тутадилар ва махфий равишда сир тутиб қилишни ёқтирмайдилар”, дедилар. Саҳобалар сўрадилар: “Ё, Расулуллоҳ, буни қандай тушунайлик?” Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам изоҳ бердилар: “Одам бир-бирини кўролмаслигидан, яъни фалончи ундай қилибди, мен ундан ҳам ўтказиб қиламан дейишидан ёки бир-биридан қўрққанидан шундай қилишади” (Имом Муслим ривояти).

Уч кундан кейин қилинадиган ҳар қандай эҳсонни  ҳар ким ўз оила шароитидан келиб чиқиб, ҳохлаган вақтда, қарз ҳаволасиз қилса бўлади. Имкони бўлмаганлар эса эҳсон қилишлари шарт эмас.

Шуни яхши билмоқ керакки, хайр-эҳсон қилиш мустаҳаб амал бўлиб, у шариат  таълимотига мувофиқ ўтказилгандагина ажру-савобга эга бўлади.

Аслида эҳсон бирорта муҳтож оилага берилиб, унга алоҳида саховат кўрсатилса, нур устига нур бўлади. Оламдан ўтиб кетганларни фақат қилинадиган эҳсон кунлари эмас, балки ҳар доим эслаб туришимиз лозим. Ибратли ҳаёт йўллари, қилган савобли амаллари ҳақида яқинларимизга, фарзандларимизга ўгит сифатида айтишнинг тарбиявий аҳамияти каттадир.

Муҳтожларга ҳам моддий ҳам маънавий мадад беришимиз ўтган яқинларимиз учун ҳам, ўзимиз учун ҳам ажру-савоблар етадиган амаллардир.

 

Мунира Абубакирова

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Read 4073 times

Мақолалар

Top