Мақолалар

Ҳар яхшининг бир ёмони бордур

Ижтимоий тармоқларнинг илмга бўлган салбий таъсири.

Юртимизда қадимдан буюк алломалар етишиб чиққан. Улар ўзларининг илмий асарлари орқали дунё тамаддунига, жаҳон маданиятига, хусусан, исломий илмлар ривожига бемисл ҳисса қўшганлар. Улар бундай натижаларга эришганининг сабаби аввалан Аллоҳ таолога ва унинг динига муҳаббатли бўлганлигидандир. Сўнгра илмни ишончли устозлардан ва тартибли равишда олганларидандир. Зотан, Аллоҳ таоло борлиқни тартиб-интизом асосида яратган. Шундай экан, У Зотнинг динини ўрганиш ҳам тартибли равишда бўлиши лозим. Ана шунда иш баркамол ва мақсадга мувофиқ бўлади. Мисол учун, инсон эътиқодини ростламай туриб, шариат аҳкомларига тўғри ва изчил амал қила олармиди?! Араб тилининг балоғатини ўрганмай туриб, Қуръоннинг фасоҳатини англашнинг имкони борми?! Фиқҳдан баҳраланмаган одам Қуръон ва Суннатнинг мақсадини тушунмаслиги аниғку. Тасаввуфнинг таъмини тотмаган одам кўпгина оят-ҳадисларнинг мазасини топармиди?! Ушбу таомил бузилганда нималар содир бўлгани ва бўлаётганини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз. Шу боис, Ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш динни ўрганишдир. Илмсиз одам ҳеч қачон диннинг мақсадини англолмайди.

Шунинг учун Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: “Бу илм диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар" , -деган бўлсалар,

Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лойиқ бўлади” ,-деганлар.

Ислом илм-маърифат динидир. Банда холис илмни ўрганмасдан туриб динини мукаммал қилолмайди. Ва бу илмни кимдан олишимиз ҳам жуда муҳимдир. Эшик ортида туриб биздан исм-шарифимиз ёки манзилимизни сўраган кишига уни танимаган ва билмаганимиз учун унга ҳеч нарсани бермаймиз. Нимага энди, ўзимиз яхши билмаган кишига динимизни беришимиз керак?!  Ҳозирги айрим илмсиз ёшларимиз интернет ва алоқа воситаларини ўзига “устоз” қилиб олиб, динда турли хил ихтилофларни чиқараётгани сир эмас. Чунки улар динни тартиб билан ўрганмаганликлар учун интернетда тарқатилаётган аудио, ведио, ёзма манбалар ва уларнинг муаллифларини яхши билмайдилар. Масалан, эътиқод масалаларида адашган қанчадан-қанча ёшларимиз хавориж йўлини тутган фирқаларга қўшилиб, араб диёрларида мусулмонларнинг қонини тукдилар ва ўзлари ҳам уша юртларда номсиз йўқ бўлиб кетдилар.  Уларни интернет орқали “Жиҳод” ва “Шаҳидлик” сўзлари билан алдаганлар “бу улуғ мақомдан” юз угириб пана-пасқинда роҳатини суриб юрибди. Фиқҳий мазҳаблар ўртасида “Қуръон ва ҳадис” деб ихтилоф чиқариб, бешинчи мазҳаб – мазҳабсизлик мазҳабини пайдо қилишга уринаётганлар, албатта, улар мазҳаб уламолари ўзларидан кўра Қуръон ва Ҳадисга олимроқ бўлганини, чунки улар фақиҳ бўлишдан аввал муҳаддис бўлган, шу сабабдан ҳам уларнинг фиқҳий йўлларининг асоси Қуръон ва Ҳадис бўлганлигини ва улар иймон,тақво, илм, ахлоқ, холислик ва замон жиҳатидан ўзларидан кўра  улар купроқ Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқ эканини жуда яхши билишадилар. Лекин, уларнинг ноғараларига ўйнаётган ва сўзларига эргашаётган ёшларга, афсус, илмни аввалидан қўлига қалам тутиб тартиб билан ўрганмаганликлари, яъни,  устоз олдида риёзат чекиб араб тили қоидалари, шариат илмлари; Қуръон, Ҳадис, Ақида ва Фиқҳни билмаганликлари сабабли мусулмонларнинг қонини тукиб “жиҳод қилдим”, фасод ишлар устида ўлганни “шаҳид бўлди” деб ёки Қуръон ва ҳадисдан ҳеч нарсани билмасдан туриб “Қуръон ва ҳадисга амал қилиш керак мазҳаблар йўқ”, - деяётганларга ажабланаман. Нимага, қайси илминг эвазига амал қилмоқчисиз?! Қанчалар нодонлик?!

Яна бир хунук кўринишлардан бири ижтимоий тармоқларда масала, ақида талашиб ўз мафкураларини ғолиб қилиш мақсадида, ҳақиқий юзларини очган ҳолатда бир бирларини таҳқирлаб, ҳақорат ва такаббурликлар қилаётганликларини кўрамиз. Бир тарафдан кузатиб турган мусулмонлар оммаси учун илм олишдан кўра, бу сўз ўйинида кимнинг ғолиб чиқиши қизиқ бўлса, дин душманлари учун бутун мусулмонларнинг бугунги ҳоли кулгулидир. Бундай ишлар дин ва мусулмонлар учун зарардир.  

Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: “Илм олинглар. Илм билан бирга хотиржамлик, виқор ва ҳалимликни ҳам ўрганинглар. Сизга таълим бераётган кишига тавозеъли бўлинглар. Сиздан таълим олаётган кишилар ҳам сизга тавозеъли бўлишсин. Жабр қилувчи олимлардан бўлманглар. Илмингиз жоҳиллигингиз устига қойим бўлмасин”.   

Муҳсин айтадилар: "Ким чиройли сўз айтса-ю, ёмон амал қилса, ундан илм олманглар ва унга суянманглар".

Ижтимоий тармоқлар орқали илмга бўлаётган зарарлардан яна бири, ҳар бир юртнинг ўзлари эргашадиган олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўйсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларинг бундан ўйлаган мақсадлари мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир. Ҳаттоки, бу йўлда қанчадан қанча дунё тан олган уламоларнинг хунига зомин бўлдилар. Бунга мисол марҳум аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг шаҳид бўлишидир. Кўпчилик уларнинг бу найрангларидан бехабар ҳолда, улар чалаётган ноғорага ўйинга тушиш билан овора. Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши фақатгина уламоларнинг айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган бечоралар қилаётган ишлари жуда ҳам хатарли эканлигини наҳотки билмаётган бўлсалар?!  Ҳақиқий олимларнинг аломатларини билиб, уларни чин маънода таниганимиздан кейин уларни эҳтиром қилиш вожиб бўлади. Уларга зарар етказмоқлик, беҳурмат қилиш хатарлидир.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан”. Бухорий ривояти.

 Албатта, ижтимоий алоқа воситаларини буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ҳаммамиз ҳам диний ва дунё илмларимизни ривожлантириш мақсадида интертет тармоқларига мурожаат қиламиз. Шу ўринда янглишиб қолмаслик учун ўзимиз яхши билган устозларимизни эшитсак, китобларини ўқисак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Алҳамдулиллаҳ, улар ўзимизга кифоя қиладиган даража мавжуддир.

Юртимиз буюк алломалар юртидир. Улар ўзларининг илмий асарлари орқали дунё тамаддунига, жаҳон маданиятига, хусусан, исломий илмлар ривожига бемисл ҳисса қўшганлар. Ана шундай буюк дарғаларнинг сўнгги вакили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ бўлдилар. Мусулмон халқимиз бошида айланган даврлар сабаб халқимиз дини, урфи ва қадриятларини бироз унитиб, диний ҳаётимизда бушлиқ пайдо бўлган эди. Ушбу бўшлиқни тўлдириш эса устоз раҳматуллоҳи алайҳга муяссар бўлди. У киши исломий илмларнинг деярли барча йўналишларида қалам тебратиб, халқимизнинг диний савиясини оширишга, маънавий хазинасини бойитишга улкан ҳисса қўшдилар. Бугун бу ҳақиқатни илму фаросатли, қалб кўзи очиқ, инсофи бор ҳар бир инсон яхши билади, тасдиқлайди. Аллоҳ таоло баржаларимизга донишман аждодларимиз изидан бормоқликни насиб этсин!

 

Оқ туникали жоме масжиди имом ноиби Темиров Наврўзжон 

Read 3238 times

Мақолалар

Top