Мақолалар

Гуноҳ нима?

Аллоҳнинг буюрганини тарк қилиш маъсият.

Аллоҳ таоло бизга намозни фарз қилган. Агар уни тарк қилсанг, бу гуноҳ.

Аллоҳ таоло бандаларига авратларини беркитишни фарз қилган. Агар уни тарк этсанг, гуноҳдир.

Аллоҳнинг қайтарганидан қайтмаслик маъсият.

Аллоҳ таоло маст қилувчи нарсаларнинг истеъмолидан қайтарди. Уларни истеъмол қилиш гуноҳдир.

Одамларга зарар етказиш маъсият.

Ёшидан қатъи назар инсонларнинг жонига, молига, обрўсига тил, қўл ёки бирор нарса билан азият етказиш, гуноҳдир.

Одамлардан яхшиликни тўсиш гуноҳдир.

Инсонларга фойдаси бор ишларнинг йўлини тўсиб, уларга яхшилик етмаслигига уриниш гуноҳдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Яхшилик йўқ бўлиб кетмайди. Гуноҳ унутилмайди. Дайён (Ҳукм қилувчи, ажрим қилувчи Аллоҳ) ўлмайди. Истаган нарсангни қил. Қандай амал қилган бўлсанг, шунга яраша мукофот ёки жазо оласан”.  Имом Байҳақий ривояти.

Ушбу ҳадисга эътибор берайлик!

“Яхшилик йўқ бўлиб кетмайди”.

Фанда маълумки, борлиқдаги барча ҳаракатлар йўқолмайди, сўнмайди. Масалан, сиз қўлингизни юқоридан пастга туширдингиз. Сиз қўл ҳаракатини тўхтатдингиз. Аммо қўлингиз остидаги ҳавода мавжуд бўлган барча атомлар қўлингиз босими таъсирида пастга қараб сиқилади. Кейин аста юқорига кўтарилади. Шу каби атомларнинг сиқилиши ва кенгайиб, юқорига қараб ҳаракатланиши коинотда тўхтамайди. Ҳатто олимлар аввал бирор босим таъсирида ҳаракатланган атомларни ортга қайтариб кўришга неча йиллардан бери уринмоқдалар. Аллоҳ таоло сизнинг қилган яхшилигингизни ҳеч қачон йўқотиб юбормайди. Ҳаммасини охиратда эслатиб, китобингиздан кўрсатиб, унга мукофот беради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: 

 إِنَّا نَحْنُ نُحْيِي الْمَوْتَى وَنَكْتُبُ مَا قَدَّمُوا وَآثَارَهُمْ وَكُلَّ شَيْءٍ أحْصَيْنَاهُ فِي إِمَامٍ مُبِينٍ

“Албатта, Биз, Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз. Ҳар бир нарсанинг ҳисобини очиқ-ойдин имомда олиб қўйганмиз” (Ёсин сураси, 12-оят).

Шундай экан, қилаётган ҳар бир яхши амалингизни изсиз йўқолиб кетади деб ўйламанг!  

“Гуноҳ унутилмайди”.

Ҳа, гуноҳ унутилмайди, балки ёзиб қўйилади. Номаҳрам аёл билан учрашувларингиз, қилган суҳбатларингиз, кўришиб ёки телефон орқали гаплашганингиз, ёзишганингиз, ёлғиз ҳолда ёки одамлар орасида кўришганингиз, ота-онангизга гапирган хато, қўпол гапларингиз ва ҳоказо гуноҳларингиз ёзиб қўйилади. Ёзилган китоб қўлингизга берилади. Ўзингиз уни ўқийсиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: 

 وَكُلَّ إِنسَانٍ أَلْزَمْنَاهُ طَآئِرَهُ فِي عُنُقِهِ وَنُخْرِجُ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كِتَاباً يَلْقَاهُ مَنشُوراً اقْرَأْ كَتَابَكَ كَفَى بِنَفْسِكَ الْيَوْمَ عَلَيْكَ حَسِيباً

“Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, унга очилган ҳолда рўбарў бўлур. Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)”. (Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.) (Исро сураси, 13-14-оятлар).

Қиёмат куни кўриладиган энг хунук нарса – қўлида қора саҳифа ушлаб олган оқ соқолли кимсадир. Жуда ҳунук манзара!

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Уч тоифа одамга Қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди, уларга (раҳм назари билан) қарамайди ва уларга аламли азоблар бўлади. Улар: зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағалдир” (Муслим, Насаий ривояти).

Агар Аллоҳ таоло тинмай гуноҳ қилсангиз ҳам сизга неъматларини кетма-кет бериб турган бўлса, эҳтиёт бўлинг! Бу истидрож бўлади.  

Истидрож – гуноҳ қилишга барча шароитларни қилиб бериб, кейин қаттиқ азоб билан ушлашдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: 

سَنَسْتَدْرِجُهُم مِّنْ حَيْثُ لَا يَعْلَمُونَ وَأُمْلِي لَهُمْ إِنَّ كَيْدِي مَتِينٌ

“Биз уларни ўзлари билмаган тарафдан аста-секин оламиз. Ва уларга муҳлат бераман, албатта, Менинг ҳийлам метиндир” (Қалам сураси, 44-45-оятлар).

Муфассирлар бу оятнинг тафсирида шундай дейишган: “Бу оятни шундай тушунишимиз керак: “Улар ҳар сафар янгидан янги маъсият қилганларида, биз уларга янги-янги неъматлар берамиз”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида бир кимса ўғрилик қилди. Мўминларнинг амири уни ушлаб, жазоламоқчи бўлганларида, у: “Мени кечиринг. Биринчи марта ўғрилик қилдим” деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Ёлғон айтдинг. Сен қирқинчи марта ўғрилик қиляпсан” дедилар. Бу гапни эшитган ўғрининг бадани музлаб кетди ва “Эй мўминларнинг амири, тўғри, қирқинчи марта эди. Сиз буни қаердан билдингиз?” деб сўради. Буюк саҳобий: “Чунки Аллоҳ таоло биринчи мартадаёқ бандасининг хатосини фош қилмайди” дедилар.

Аллоҳ таоло бандасига муҳлат беради. Тавба қилмай, неъматларга алданиб, гуноҳда бардавом юраверса, аҳволи оғирлашиб, унга бериладиган азоб катталашиб бораверади. Шунинг учун банда гуноҳларни тўхтовсиз қилавермай, дарҳол тўхтаб, тавба ва истиғфорга юзланиши керак.

Сўзимиз охирида буюк саҳобийнинг насиҳатларини келтирсак:

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: “Албатта, солиҳ амал сабабли юзда зиё, қалбда нур, ризқда кенглик, танада қувват ва одамларнинг қалбларида (солиҳ амал қилувчига нисбатан) муҳаббат пайдо бўлади. Албатта, гуноҳ сабабли юзда қаролик, қалбда зулмат, танада чарчоқ ва заифлик, ризқда етишмовчилик ва одамларнинг қалбларида (гуноҳ иш қилувчига нисбатан) нафрат пайдо бўлади”.

Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳлардан узоқ юрадиган ва ихлос билан тавба-истиғфорда бардавом бўладиган бандаларидан қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Хайр Шаъъолнинг мавъизасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 5546 times

Мақолалар

Top