Мақолалар

Ҳаё инсон саломатлиги учун ўта муҳимдир!

Ислом дини келишидан олдинги жоҳилият замонида хижолат қилиш ва ҳаёни заифлик деб билишар эди.

Маълумки, инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган белгиларидан бири – ҳаё, уялиш ҳиссидир. 

Психология фани мутахассислари ҳаё туйғуси ҳақида изланишлар олиб бориб, унинг тиббиётга ва психологияга оид янги фойдаларини аниқладилар.

Канаданинг Торонто университети олими Фейнберг ўзининг тадқиқот хулосасида шундай деди: “Ноқулай вазиятлар натижасида пайдо бўладиган хижолат бўлиш, ҳаё ва юздаги қизиллик психологик ва физиологик жараён бўлиб, инсон учун ўта фойдалидир. Инсон ҳаёли бўлса, атрофдагиларнинг унга бўлган ишончи ортади, ҳамма уни яхши кўриб қолади. Ҳаёни ҳис этмаслик эса ёмон иш деб қаралади”.

Кардифф университетидаги яна бир тадқиқотчи профессор Рей Крозьер шундай таъкидлайди: “Хижолат бўлиш, ҳаё ва уятдан юз қизаришининг кўплаб фойдалари бор. Хоссатан аёллар ҳаёли бўлсалар, бошқа аёллардан устунликлари янада ортади. Уйланмоқчи бўлган эркаклар кўпинча уятчан қизларни излайдилар”.

Инсон миясида махсус марказлар бўлиб, улар ҳаё, уялиш пайтида янада яхшироқ ишлаб, мия ҳужайраларининг фаоллашишига ҳамда танадаги иммун тизимининг қуввати ошишига сабаб бўлади. Шундай қилиб, ҳаё инсонга фақат яхшилик келтиради. Ҳаёнинг тиббий ва психологик фойдалари кўплигини илм-фан таъкидламоқда.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёга муносабатлари қандай эди?

У зот алайҳиссалом ҳаёни иймондан деб эълон қилдилар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё иймондандир” дедилар.

Илмий тадқиқотчилар ҳаёни “тиббий ва психологик томондан жуда фойдали нарса, у инсонга фақат яхшилик келтиради” деб айтаётган бўлсалар, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср олдин “Ҳаё фақат яхшилик келтиради” деб марҳамат қилганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонни бошқалардан ажратиб турадиган сифатлардан бири ҳаё деб ҳисоблаганлар:

“Албатта, ҳар бир диннинг хулқи бор. Исломнинг хулқи ҳаёдир”. Имом Ибн Можа ривояти.  

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло мўминнинг қайси фазилатларини яхши кўриши ҳақида гапирганларида шундай деганлар:

“Албатта, Аллоҳ ҳаё Соҳибидир, (бандаларнинг айбларини) Беркитувчидир. Беркитиш ва ҳаёни яхши кўради”. Имом Абу Довуд ривояти.   

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари инсонларнинг ичида энг ҳаёли зот эдилар. У зотнинг ҳаёлари гўшангада ўтирган келинчакнинг ҳаёсидан ҳам кучлироқ эди.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан 1400 йил олдин ҳаёнинг жуда гўзал хулқ эканини, уни Аллоҳ таоло яхши кўришини, у инсонларга фақат яхшилик келтиришини, у иймоннинг бир бўлаги эканини айтиб қўйганлари ҳамда ўзлари дунёдаги энг ҳаёли инсон бўлганлари у зот Аллоҳ таолонинг ҳақ Расули эканликларига яққол далилдир!   

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3283 times

Мақолалар

Top