Мақолалар

Диний таълимга берилган эътибор

Мустақиллик йилларида юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим ва устувор йўналишлари аниқ белгилаб олинди. Ўтган давр мобайнида ана шу йўналишлар бўйича кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди ва салмоқли натижаларга эришилди.

Давлатимиз томонидан эзгулик ва олийжаноб фазилатларга ундовчи диннинг равнақи учун кенг имтиёзлар яратиб берилди. Ҳур диёримиз мусулмонлари мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликлари бунинг яққол далилидир. Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош қонунимизда кафолатлаб қўйилди.  Юртимизда айни пайтда турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир.

Бугунги ва эртанги ҳаётимизни белгилаб берадиган, барча эзгу орзу-интилишларимизни амалий ҳаёт жабҳасида рўёбга чиқарадиган ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш масаласида қилинаётган ишларнинг миқёси ва салмоғи беқиёс. Бу ҳам ёшларга, уларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашга бўлган эътиборнинг амалий бир кўриниши экани шубҳасиздир.

Истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ соф ислом динини  ўрганишга, илмий изланишларга кенг имкониятлар пайдо бўлди. Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очиб берилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 2000 дан ортиқ масжид, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти ва Тошкент ислом институти фаолият олиб бормоқда.

Диний таълим муассасаларида талабалар  она ватанимизнинг порлоқ келажагини қуришда ўз ҳиссаларини қўшиш, улуғ бобокалонларимиз ишларини давом эттириш, соф ислом таълимотини тарғиб қилиш, миллий ва диний қадриятларимизни жаҳон афкор оммасига танитишлик учун ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни ғайрат билан ўқиб ўрганмоқдалар.

Ҳурматли Юртбошимиз Ислом Каримовнинг динни фақат бир ёқлама эмас, балки уни дунёвий фанлар билан уйғунлашган ҳолда ўрганиш лозимлиги ҳақида ўз нутқларида таъкидлашлари бежиз эмас албатта. Бунинг замирида ислом динининг мўътабар манбалари моҳиятини дунёвий фанлар асосида англаш, идрок этиш заруриятини англамоқдамиз.

Бугунги кунда диний таълим муассасаларида таълим жараёнлари  олий маълумотли педагог кадрлар томонидан олиб борилиб, маънавий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ташкил этилмоқда. Кейинги йилларда ахборот технологиялари шиддат билан ривожланиб бориши ҳар бир кишидан, хусусан, педагоглар ва талабалардан замонавий техник воситалардан унумли фойдаланиш илмини ўрганишни тақоза этмоқда. Бугунги кунда ҳар бир ўқитувчи ва талаба компьютер, интернет ва бошқа техник воситалар билан ишлаш сирларини пухта эгаллаб, таълим-тарбия жараёнларини ривожлантириш учун амалда қўллаб келмоқда. Шу мақсадда диний таълим муассасаларининг моддий техника базаси йилдан йилга бойитилиб борилмоқда. Ўқув хоналари ҳолати ҳам тубдан яхшиланди. Жумладан, ҳар бир хоналар фанларга мослаштирилиб кўргазмали қуроллар, компьютер, видеопроектор, лингафон каби ўқув техника воситалари билан таъминланди. Бу эса ўқитувчиларнинг янги педтехнология асосида дарсларни ўтишлари ва талабалар фанларни мукаммал  ўзлаштиришларида муҳим омил бўлмоқда.

Таълим масканларининг Ахборот ресурс маркази мутахассислик, умумтаълим фанлари дарслик китоблари ва диний, илмий, сиёсий бадиий, маънавий-маърифий китоблар ва дарслик қўлланмалар билан тўлиқ  таъминланган.

Талабалар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, уларнинг қизиқишларини инобатга олиниб, турли тўгараклар ташкил этилиб, ҳафта кунларини чет тиллари куни деб эълон қилинганлиги, бу тўғрисида қилиниши лозим бўлган ишлар, вазифалар аниқ белгилаб берилганлиги ҳам талабаларимизни араб тили билан бир қаторда инглиз ва рус тилларини  пухта ўзлаштиришлари ҳамда замон талабига жавоб берадиган кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар ўқув йилида диний таълим муассасалари битирувчилари билан келишган ҳолда ўзлари яшайдиган ҳудудлардаги кадрлар лозим бўлган диний ташкилотларга ишга тақсимот қилиниши йўлга қўйилган бўлиб, бунинг натижасида битирувчилар иш билан таъминланиб, ўзларининг доимий иш ўринларига эга бўлмоқдалар.

Шунингдек, таълим-тарбия усул-услублари самарадорлигини кучайтириш мақсадида диний таълим муассасалари ўқитувчилари ўз билим ва малакаларини мунтазам ошириб боришлари йўлга қўйилди. Педагоглар Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институтида ташкил этилаётган малака ошириш курсларида диёримизнинг кўзга кўринган уламолари, ўз соҳасининг билимдон олимлари, профессорлар ва фан арбобларидан ўрганган билимларини ўз ўқув даргоҳларида амалда қўллаб келмоқдалар.

Диний таълим муассасалари илғор педагогларининг илмий-услубий изланишлари, мақолалари ва қўлланмалари китоб шаклига келтирилиб нашр қилинмоқда. “Ҳидоят” ва “Ислом нури” саҳифаларида уларнинг кўплаб долзарб мавзулари эълон қилиниб борилиши халқимизнинг соф ислом ақидасини ўрганишларида, турли ёт ғояларнинг кирдикорларидан хабардор бўлишларида маънавий озуқа бўлиб келмоқда.

Бундан ташқари таълим муассасалари ўртасида: “Йил ўқитувчиси”, “Йил кутубхоначиси”, “Йил маънавиятчиси”, “Қорилар мусобақаси”, “Ягона олимпиада”, “Йилнинг энг яхши илмий бўлим мудири”, “Баркамол авлод” спорт мусобақаси, “Биз ёшлар – ёт ғояларга қаршимиз” интеллектуал беллашувлари каби танловларнинг ўтказилиши таълим муассасалари алоқаларининг мустаҳкамлиги, ҳамкорликлари ва тажриба алмашишлари йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги вояга етаётган ва келажак авлодларимизни буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий ва маданий меросга садоқатли қилиб тарбиялаш, муқаддас қадриятларимизни сақлаш ва авайлаб асраш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Акбаршоҳ Расулов,

Таълим ва кадрлар тайёрлаш

 бўлими мутахассиси

 

Read 6687 times

Мақолалар

Top