Мақолалар

Қуёш алангаси

Қуёшнинг сатҳидан очиқ фазо сари отиладиган аланга фан тилида “протуберанец” деб аталади. Бу аланга кўпинча ҳалқа шаклида бўлади. Оддий шуъланинг баландлиги тахминан бир неча минглаб километрларга чўзилса, баъзилари бундан анча баланроққа отилади. 1997 йилда аниқланган протуберанецнинг узунлиги 350 минг километр бўлиб, бу Ер диаметридан деярли 28 марта катта деганидир. Оддий аланганинг массаси тахминан 100 миллиард тоннага етади.

Протуберанецларнинг икки хил тури кўпроқ кузатилади. Булар фаол ва нофаол турларидир.

Нофаол шуъла бир неча ой давом этади, унда у қадар ўзгариш сезилмайди. Улар Қуёшнинг магнит майдонларидан келиб чиқиб, ўз шаклида қолади. Ушбу алангалар давомида ундаги модда Қуёш юзаси устидаги магнит майдонларининг чизиқлари бўйлаб ҳаракатланади. Улар совуқ ва қорамтир бўлиб кўринади.  

Фаол алангаларни Қуёш чақнашлари ҳам дейилади. Бу жараён бир неча дақиқадан бошлаб бир неча соатгача давом этиши мумкин. Бу чақнашлар пайтида ундаги моддалар бир сонияда 1000 километрлаб масофага отилади. Бу тур нофаол, барқарор алангалардан келиб чиқади. Фаол чақнаш тугагач, у олдинги пассив ҳолатига қайтади. Қуёшдаги бундай фаол чақнашлар тахминан ҳар 11 йилда содир бўлиб туради. Бу пайтда Ер шарининг шимолий ва жанубий қутбларида шимол ёғдуси ҳодисаси кузатилади.

Ҳозирги кунда кучли телескоплар ёрдамида Қуёшдаги мазкур алангаларни кўриш мумкин. Қуёш тўла тутилган кезларда ҳам бу ҳолатни кузатиш имкони бор.

Қуёшнинг шуъласи ҳалқасимон, камонсимон, баъзан эса узун чизиқ кўринишида намоён бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ойни нур таратувчи деган. Чиндан ҳам Ой ўзидан ёруғлик чиқармайди, балки Қуёшдан келадиган нурни Ерга қайтаради, акслантиради. Натижада биз уни ёруғ диск шаклида кўрамиз. Аллоҳ таоло Қуёшни ёруғлик, иссиқлик ва шуъла таратувчи чироқ қилганини таъкидлаган. У Зот Набаъ сурасида шундай деган:

وَجَعَلْنَا سِرَاجاً وَهَّاجاً

“Ва шуъла таратувчи чироқ ҳам қилдик” (13-оят).

Араб тилида وَهْجٌ (ваҳж) деб шуъла, алангани айтилади. Юқорида биз зикр қилган протуберанецларни ҳам араб тилида “ваҳж” дейилади. Бу оятда Аллоҳ таоло Қуёшни “шуъла таратувчи чироқ” деди. وَهَّاجاً (ваҳҳож) дегани аланга сочувчи, шуъла таратувчи деганидир. Демак, Қуёш очиқ фазога турли узунликда протуберанецлар сочиб туриши Қуръонда бундан 14 аср олдин айтиляпти.

Инсоният Қуёшнинг протуберанецлари ҳақида бирор тасаввурга эга бўлмаган бир пайтда Қуръони Каримдаги ушбу оятнинг борлиги Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи эканига яққол далилдир!  

Юқоридаги расмда Қуёш шуъласи Ер шари билан солиштирилган бўлиб, ушбу кичик шуъланинг баландлиги Ер диаметридан уч марта каттадир.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3018 times

Мақолалар

Top